Хабарингиз бор, бугун парламент юқори палатасининг учинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Уни Олий Мажлис Сенати Раиси Т.Нарбаева олиб бориб, мамлакатимизда коронавирус инфекциясининг олдини олиш борасидаги саъй-ҳаракатлар борасида сўз юритди.
– Маълумки, дунё мамлакатлари, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам коронавирус инфекциясининг жиддий хавфи муносабати билан ушбу хатарни тезроқ бартараф этиш юзасидан барча зарур чоралар кўрилмоқда, – деди Сенат Раиси. – Аввало, давлатимиз раҳбари томонидан аҳолимизнинг ҳаёти ва саломатлиги масаласи биринчи ўринга қўйилган бўлиб, барча қилинаётган чора-тадбирлар шахсан ўзларининг раҳбарлигида амалга оширилмоқда. Бу эса одамларимизда пандемияни енгишда бўлган ишончни мустаҳкамлаб бормоқда.
Иккинчидан, барча масъуллар бир ёқадан бош чиқариб ишламоқда. Ҳукуматимиз раҳбари бошчилигидаги махсус ишчи гуруҳ 24 соатлик режимда тегишли тезкор чораларни кўрмоқда. Дори-дармон, озиқ-овқат, карантинга олиш, тадбирларни чеклаш ва бошқалар шулар жумласидандир. Айниқса, шифокорларимиз фидоийлик билан меҳнат қилмоқда.
Учинчидан, Президентимиз томонидан эпидемия оқибатларининг олдини олишга қаратилган тарихий Фармон имзоланди. Унинг ижроси эса юртимизда иқтисодий-ижтимоий соҳаларда олиб борилаётган кенг миқёсли ислоҳотларимизни давом эттиришга, қолаверса, тиббиёт соҳасини тубдан қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. Бу масала Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида кўриб чиқилди, депутат ва сенаторлар томонидан тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Тўртинчидан, шу синовли кунларда одамларимиз жипслашишининг гувоҳи бўляпмиз. Юксак онглилик ва масъулиятлилик тобора кенг намоён этилмоқда. Бунда оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар муҳим роль ўйнамоқда. Журналист ва блогерлар ҳам зарур тушунтириш ишларини олиб боришмоқда.
Биз, сенаторлар бугунги вазиятга боғлиқ талабларни эътиборга олиб, Сенатнинг ушбу ялпи мажлисини видеоконференция тарзида ўтказишга қарор қилдик. Чунки ҳаёт давом этмоқда, қонунлар қабул қилиниши зарур. Бу ҳам “Электрон парламент” тизими сари илқ қадам бўлди, десак муболаға бўлмайди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати