Ўзини ўзи банд қилган сифатида шуғулланиш мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатини кенгайтириш
Ўзини ўзи банд қилган сифатида шуғулланиш мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатини кенгайтириш

 

Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ҳар қандай даврда ҳам давлат ва жамият олдида турган энг муҳим, энг долзарб вазифалардан ҳисобланади. Аҳоли бандлигини таъминлаш эса ижтимоий ҳимоянинг энг асосий шартларидан биридир.

Ўз ишини ўзи топиб, уни ўзи бажариш орқали даромад кўрадиган инсонлар ўзини ўзи банд қилган ҳисобланади. Ўзини ўзи банд қилишнинг фойдали жиҳатлари кўп. Аввало, уйдан ишлашнинг қонуний имконияти яратилади. Бунда уларнинг ижтимоий ҳимояси ҳам таъминланади, яъни улар пенсия ҳақида қайғурмаса ҳам бўлаверади. Чунки уларга иш стажи ҳисобланади. Улар учун даромад солиғи ёки бошқа йиғимлар ҳам йўқ. Фақат бир йилда БҲМнинг 1 баравари миқдорида ижтимоий солиқ тўлаш кифоя.

Ҳамюртларимиз орасида ўзига қулай иш тополмаслиги натижасида меҳнат шартномаси, доимий иш ҳақига эга бўлмаган, бироқ турли мавсумий меҳнат билан банд бўлган ёки оиласида томорқа билан шуғулланиб, даромад топадиганлар кўпчиликни ташкил этади. Масалан, репетиторлар, энагалар, сантехниклар, сартарошлар, курьерлар, автомобиль ювувчилари, ҳунармандлар, фаррошлар, тикувчилар, дастурчилар ва яна кўплаб касб эгалари ўзини ўзи банд қилувчилар бўлиши мумкин. Бундан ташқари, қишлоқларда, чекка ҳудудларда уйида сут ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш, сотиш ёки кулолчилик, гилам тўқиш, гипс ва ганчдан буюмлар ясаш орқали даромад топаётган бор. Меҳнатга лаёқатли ёшдаги ҳар бир киши ўз қизиқиши ва қобилиятига қараб, ўзини ўзи банд қилиши мумкин. Улар якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтишлари шарт эмас.

Ўйлаб қарасак, бундай касб-ҳунарлар билан одамларимиз аввалдан шуғулланиб келган ўзи. Масалан, қадимдан ҳунармандчилик, устачилик, заргарлик, дурадгорлик, сартарошлик каби касблар одамларимиз турмуш тарзининг асосини ташкил этган. Энди эса бундай фаолиятга ҳуқуқий баҳо берилди. Халқ демократик партияси фикрига кўра, эндиликда ўзини ўзи банд қилганлар учун шарт-шароитларни яхшилаш зарур. Хўш, нега?

Ўзини ўзи банд қилганлар учун фаолият турларини кенгайтириш янада мослашувчан меҳнат бозорини яратишга ёрдам беради. Ушбу ташаббус ҳар бир фуқаро ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши ва мамлакатнинг иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшиши мумкин. Ўзини ўзи банд қилганлар учун шароитларни яхшилаш ҳамда бундай фаолият турлари рўйхатини кенгайтириш янада барқарор ва адолатли иқтисодий муҳитни яратишга ёрдам беради, бу эса узоқ муддатли иқтисодий ўсиш ва ижтимоий фаровонликка олиб келади.

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Партия муносабати Сайлов-2024
← Рўйхатга қайтиш