Қонуний ва хавфсиз миграция тарафдоримиз
Қонуний ва хавфсиз миграция тарафдоримиз

 

Одамларнинг дунё бўйлаб эркин ҳаракатланиши, таълим олиб, меҳнат фаолиятини амалга ошириши глобаллашувнинг муҳим асосларидан бири ҳисобланади.

Халқаро миграция ташкилотининг охирги маълумотларига кўра, дунёда 281 миллиондан ортиқ муҳожир бор. 2000 йилда уларнинг сони 174 миллионни ташкил қилганини ҳисобга олсак, миграцияда ўсиш тенденциясини кўришимиз мумкин.

Экспертлар миграцияни иқтисодий тараққиётни ҳаракатлантирувчи, халқлар ўртасида дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамловчи кучли омил сифатида кўради. Статистик маълумотларга кўра, мигрантлар томонидан ўтказилган халқаро пул ўтказмалари 2000 йилги 128 миллиард доллар, 2024 йилга келиб 831 миллиард долларгача ўсган. Миграция дунёнинг нафақат иқтисодий тараққиётини, шу билан бирга, маънавий-маданий ривожланишини ҳаракатлантирувчи муҳим факторлардан биридир.

Бир сўз билан айтганда, бутун дунёда миграция ҳаётий масалага айланди. Янги Ўзбекистон жамиятида илм олиш ва меҳнат қилиш ҳуқуқларини таъминлаш, имкониятларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Юртимизда сўнгги икки йилда Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги томонидан ташкилий равишда 70 минг нафар фуқаро ривожланган давлатларга меҳнат фаолиятини олиб бориш учун юборилган. Хориждаги фуқаролар масалаларини тезкорлик билан ҳал қилиш учун элчихоналар ва тегишли вазирликларда 24 соат ишлайдиган Call-марказлар ташкил этилмоқда.

Аммо айрим мамлакатларда меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқ-манфаатларига панжа ортидан қараш, уларга нисбатан турли таъқиқларни жорий этиш устида бош қотирилаётган ҳолатлар ҳам бор. Баъзида мигрантлардан давлатларнинг ички ишларига аралашиш учун дастак сифатида фойдаланишга уриниш ҳолатлари учраб турибди. Партиямиз миграциянинг қонуний ва хавфсиз бўлиши жуда муҳим, деб ҳисоблайди.

Мамлакатимиз кенг интеллектуал салоҳиятга, улкан меҳнат ресурсларга эга. Ўзбекистон дунёга очилди. Бу аҳолининг турли қатламларига ўқиш, меҳнат қилиш бўйича катта имкониятлар яратди. Бугунги фаол глобаллашув жараёнида қонуний миграция учун шароит яратилиши, албатта, ҳар бир юртдошимизнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши зарур. Айниқса, айрим давлатлар бу масалада чеклов позициясини эгаллаётган вазиятда изчил сиёсат юритилиши лозим, деб биламиз.

Шунинг учун Сайловолди дастуримизда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг фаолиятида очиқ-ошкораликни кучайтириш, агентликнинг хорижда меҳнат қилаётган ватандошларимизни қўллаб-қувватлаш бўйича масъулиятини ошириш мақсади белгиланган.

Партиямиз мигрантларнинг ҳуқуқ-манфаатларини ишончли ҳимоялаш, уларни хорижда доимий равишда қўллаб-қувватлаш давлат томонидан кафолатланиши тарафдоридир.

 

Улуғбек Иноятов,

Ўзбекистон Халқ демократик партияси

Марказий Кенгаши раиси.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Партия муносабати Сайлов-2024
← Рўйхатга қайтиш