Тарғибот учрашувлари энг чекка ҳудудларда ҳам ўтмоқда

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси юртимизда биринчи ташкил этилган сиёсий партия сифатида барча сайловларда фаол қатнашиб, дастурий мақсадларини амалга ошириш бўйича муносиб натижаларга эришиб келмоқда. Ижтимоий тенглик ва бирдамлик, ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглигини таъминлаш, ижтимоий ҳимоя ва эҳтиёжмандларни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ ғояларнинг аҳамияти бугунги кунда ҳам жуда долзарб.

Сайловда ғалаба қозониш, парламентда кўпроқ ўринга эга бўлиш, маҳаллий Кенгашлардаги депутатларнинг устунлигига эришиш учун партиянинг Сирдарё вилоятидаги Кенгаши вакиллари, фаоллари, бошланғич партия ташкилотлари ҳамда волонтёрлар гуруҳи ҳам барча куч ва имкониятларини ишга солган. Гулистон шаҳри, ҳаттоки вилоятнинг чекка ҳудудларидаги кўчаларга партиянинг “Ҳар бир инсон фаровонлиги учун” шиорлари, номзодлар суратлари ва ташаббуслари акс этган баннерлар осиб чиқилган. Сайловолди тарғибот учрашувлари энг чекка ҳудудларда ҳам ташкил этилмоқда.

Ширин шаҳар Ёшлар марказида Ўзбекистон Халқ демократик партияси ва унинг номзодларининг сайловолди ташвиқот тадбири бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод Ш.Намозова, ЎзХДП Ширин шаҳар Кенгаши раиси Н.Акрамова ҳамда вилоят, туман кенгаши депутатлигига номзодлар иштирок этди.

Номзодлар томонидан партиянинг янги сайловолди дастурида белгиланган мақсад ва вазифалар ҳақида атрофлича сўз юритилиб, давлат ва жамиятни ривожлантириш, ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглигини таъминлаш, кучли ижтимоий сиёсат юритишга оид кўплаб таклиф ва ташаббуслар илгари сурилгани таъкидланди.

Хусусан, партия сайловолди дастуридан малакали тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш устувор вазифа сифатида белгиланган бўлиб, бу борада партия тиббий суғуртани жорий этишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш мақсадида “Давлат тиббий суғурта тўғрисида”ги Қонунни қабул қилиш, кексалар ва онкологик касаллар учун сифатли хизмат кўрсатишнинг юқори стандартларини таъминлашга қаратилган хоспис тизимини ривожлантириш ва “Хоспис хизматини кўрсатиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш таклифларини илгари сурмоқда.

Аҳоли билан мулоқотлар чоғида сайловда фаол бўлиш ҳамда Халқ демократик партияси номзодлари, унинг дастури ва албатта, партияга овоз беришга чақирилмоқда.

 

 

 

 

 

Теглар

Сайлов-2024
← Рўйхатга қайтиш