Ўзбекистон Халқ демократик партияси “Ҳар бир инсон фаровонлиги учун” шиори остида сайловолди тарғиботини фаол ўтказмоқда.
Ана шундай учрашувлардан бири Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманида кўтаринки кайфиятда ўтди. Турли соҳа вакиллари, ёшлар, маҳалла етакчилари қатнашган мулоқотда партиянинг янги Сайловолди дастури, номзодларнинг мақсад-вазифалари ҳақида фикр алмашилди.
Сайловнинг ижтимоий бирдамлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашдаги аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилиб, партия томонидан амалга оширилган хусусида маълумот берилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатилган номзодлар билан яқиндан таништирилди.
Таъкидланганидек, партия кейинги беш йиллик учун 10 та йўналиш 15 та стратегик қадамдан иборат таклиф-ташаббуслар билан чиқмоқда. Партия ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти тарафдори бўлиб, иқтисодиётда давлатнинг фаол роли ва иштирокини сақлаб қолиш, камбағалликни қисқартириш, ижтимоий ҳимояни кучайтиришга интилади.
Партия давлат пенсия таъминоти тизимини такомиллаштириш, пенсия ёшини ўзгартирмаслик тарафдори экани алоҳида қайд этилди.
Мулоқотда номзодлар сайловчиларнинг саволларига жавоб бериб, уларнинг фикр ва таклифларини тингладилар.
Халқ демократик партияси номзодлари ўз чиқишларида мамлакатнинг барқарор ривожланиши ва халқ фаровонлигини таъминлаш учун барча куч ва имкониятларини сафарбар қилишга тайёр эканликларини таъкидлади. Учрашувда иштирок этган сайловчилар партиянинг ғояларини қўллаб-қувватлашларини билдиришди.
Барча сўз олганлар юртдошларимизни сайловда фаол қатнашиб, Халқ демократик партияси ва унинг номзодларига овоз беришга чақирди.