Газетамизнинг ўтган сонида Халқ демократик партияси сайловолди дастурида илгари сурилган муҳим ғоя ва ташаббуслар моҳияти, аҳамияти ҳамда ҳаётий зарурати ҳақида депутатликка номзодларнинг фикр-мулоҳазаларини берган эдик. Бугун ҳам бу анъанани давом эттирамиз.
Шундай қилиб, ХДПдан халқ вакиллигига кўрсатилган номзодларга партия электорати, умуман олганда, юртимиздаги ҳар бир инсоннинг муносиб шароитда яшаши, ҳуқуқ ва манфаатлари тенг ҳимоя қилиниши, жамиятда ижтимоий адолатни қарор топтириш шартларидан келиб чиққан ҳолда навбатдаги беш йил учун мўлжалланган устувор мақсадлар борасида яна юзланамиз.
Эҳтиёжманд инсонлар учун бепул юридик ёрдам
37-ОКРУГ, СИРДАРЁ
Шоҳиста НАМОЗОВА,
Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Қонунчилик палатасига номзод:
— Ижтимоий адолат, манфаатлар тенглиги, инсон фаровонлиги – бу ҳар бир давлат ва халқнинг ишлаб чиқариш салоҳияти ривожида устувор мезонлар ҳисобланади. Жойларда сайловчилар билан учрашганимизда, аҳоли мурожаатларини ўрганганимизда шунга кўп марта гувоҳ бўламизки, бепул ҳуқуқий ёрдамга эҳтиёж сезаётган инсонларнинг сафи оз эмас. Айниқса, қишлоқ туманларда. Қонунни билмаслик ёки тушунмаслик, ҳуқуқий ахборот олиш имкониятининг йўқлиги сабабли баъзан жуда оддий масалаларда ҳам идорама-идора сарсон юришга мажбур қолаётганларни учратамиз. Пули бор одам-ку, ҳуқуқий низо ёки бошқа масалаларда адвокат ёллаб, ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қила олиши мумкин, бироқ қўл учида кун кўрадиган, кам таъминланган қатлам ҳам бор. Ва улар учун бепул, беғараз ва ихтиёрийлик асосидаги ҳуқуқий ёрдамлар кўрсатилиши шарт. Бу ҳар бир инсоннинг конституциявий ҳуқуқ ва манфаатларини адолатли таъминлашга хизмат қилади.
Бепул юридик ёрдам тегишли масала ёки ҳолат бўйича фуқарога ҳуқуқий маслаҳат, тушунтириш ва ахборот беришдан ташқари юрист-мутахассиснинг ҳуқуқий ҳужжатларни тузишда кўмаклашишини ҳам назарда тутади. Бундан ташқари, фуқаролик, маъмурий, маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноят ишлари бўйича судларда адвокат иштироки давлат ҳисобидан таъминланадиган бепул юридик ёрдам мавжуд.
Тўғри, ўтган йили “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди. Унда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган фуқароларга – эҳтиёжманд шахсларга бепул юридик ёрдам кўрсатишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари белгилаб берилди. Лекин бу механизмларнинг амалда ишлаши учун юридик клиникалар сони ва иш сифатини оширишга талаб пайдо бўлмоқда.
Шу жиҳатдан ХДП дастурида кам даромадли фуқаролар учун юридик клиникалар тармоғини ривожлантиришга урғу берилаётгани айни муддаодир.
Мослашувчан меҳнат бозори керак
23-ОКРУГ, НАМАНГАН
Анвархон ТЕМИРОВ,
Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Қонунчилик палатасига номзод:
— Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ҳар қандай даврда давлат ва жамият учун энг долзарб вазифалардан ҳисобланади. Бандликни таъминлаш эса ижтимоий ҳимоянинг асосий йўналишларидан биридир.
Партиямиз фикрича, ижтимоий ҳимоя тизими тўғри йўлга қўйилса, эҳтиёжманд фуқаролар жамиятда ўз ўрнини топади. Масалан, инсон ишлаши ва ўз юртига фойда келтириши учун иш ўринлари яратиш зарур. Ногиронлиги бор инсонларга шароит яратиб берсангиз, улар жамиятга мослашиб, ўз ўрнини топа оладилар ҳамда мамлакат ривожига ҳисса қўшиш ҳаракатида бўладилар. Бандлик ҳақида сўз борар экан, ўзини ўзи банд қилганлар учун шарт-шароитларни яхшилаш масаласига тўхталиш жоиз, албатта.
Ўз ишини ўзи топиб, уни ўзи бажариш орқали даромад кўрадиган инсонлар ўзини ўзи банд қилган ҳисобланади. Ўзини ўзи банд қилиш билан боғлиқ фаолият турининг фойдали жиҳатлари кўп. Аввало, уйда ишлашнинг қонуний имконияти яратилади. Бунда уларнинг ижтимоий ҳимояси ҳам таъминланади, яъни, улар пенсия ҳақида қайғурмаса ҳам бўлаверади. Чунки бу турдаги фаолият билан шуғулланган давр иш стажига қўшилади. Улар учун даромад солиғи ёки бошқа йиғимлар ҳам йўқ. Фақат бир йилда БҲМнинг бир баравари миқдорида ижтимоий солиқ тўланса, кифоя.
Ҳамюртларимиз орасида ўзига қулай иш тополмаслиги натижасида меҳнат шартномаси, доимий иш ҳақига эга бўлмаган, бироқ турли мавсумий меҳнат билан банд бўлган ёки оиласида томорқа билан шуғулланиб, даромад топадиганлар кўпчиликни ташкил этади. Масалан, репетиторлар, энагалар, сантехниклар, сартарошлар, курьерлар, автомобиль ювувчилари, ҳунармандлар, фаррошлар, тикувчилар, дастурчилар ва яна кўплаб касб эгалари ўзини ўзи банд қилувчилар бўлиши мумкин. Бундан ташқари, қишлоқларда, чекка ҳудудларда уйида сут ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш, сотиш ёки кулолчилик, гилам тўқиш, гипс ва ганчдан буюмлар ясаш орқали даромад топаётганлар бор. Меҳнатга лаёқатли ёшдаги ҳар бир киши ўз қизиқиши ва қобилиятига қараб ўзини ўзи банд қилиши мумкин. Улар якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтишлари шарт эмас.
Халқ демократик партияси ўзини ўзи банд қилганлар учун шарт-шароитларни янада яхшилаш ва бундай фаолият турлари рўйхатини давр талаблари асосида кенгайтириш таклифини Сайловолди дастурига киритди. Хўш, нега?
Ўзини ўзи банд қилганлар учун фаолият турларини кенгайтириш янада мослашувчан меҳнат бозорини яратишга ёрдам беради. Ушбу ташаббус ҳар бир фуқаро ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши ва мамлакатнинг иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшиши мумкин бўлган янада инклюзив ва мослашувчан иқтисодиётни яратишга қаратилган. Ўзини ўзи банд қилганлар учун шароитларни яхшилаш узоқ муддатли иқтисодий ўсиш ва ижтимоий фаровонликка олиб келади.
Фармацевтика бозори тартибга солиниши зарур
11-ОКРУГ, АНДИЖОН
Шаҳноза ЭГАМБЕРДИЕВА,
Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Қонунчилик палатасига номзод:
— Охирги бир ярим йил ичида фармацевтика тармоғини ривожлантириш, дори воситалари ва тиббий буюмларнинг арзонлигини ва эркин муомаласини таъминлашга қаратилган ўндан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Фармацевтика тармоғининг давлат бошқаруви тизими қайта кўриб чиқилди, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди.
Бироқ сўнгги вақтларда жамиятимизда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар фармацевтика тизимини ислоҳ қилиш зарурлигини кўрсатмоқда. Қалбаки дори-дармонларнинг ишлаб чиқарилиши, сотувга қўйилиши, фармацевтика бозоридаги нарх-наво борасида одамларимиз эътирозига сабаб бўлаётган ҳолатлар жуда кўп. Шу нуқтаи назардан ХДП Сайловолди дастурида фармацевтикада назоратни кучайтириш, “Дори-дармонлар ва тиббий воситалар нархларини давлат томонидан тартибга солиш тўғрисида”ги Қонунни қабул қилиш ташаббуси ҳам келтирилгани миллатимиз генофондини сақлаш, халқимизнинг узоқ умр кечиришини таъминлаш, соғлом авлодни вояга етказишдек стратегик аҳамият касб этади.
Маълумотларга кўра, республикамизда 16 мингга яқин дорихоналар мавжуд бўлиб, биргина пойтахтнинг ўзида 2 мингдан ортиқ дорихоналар хизмат кўрсатмоқда. Яъни, ҳар қадамда дорихонага дуч келамиз. Бу эса аҳолига рецептсиз дори сотиш ҳолатларига чек қўйиш ва назоратни кучайтиришни мушкуллаштирмоқда. Бир турдаги дорининг турли дорихоналарда турлича нархда сотилиши, айрим “учар” тадбиркорларнинг мавсумий касалликлар авж олган паллада талаб юқори бўлган дори воситаларини қиммат нархларда пуллаши ва бу аҳолининг эҳтиёжманд қатлами учун оғир вазиятни пайдо қилаётгани ҳам ҳақиқат.
Мана шундай ўзибўларчиликларга барҳам бериш учун фармацевтикада назоратни кучайтириш шарт. Давлат фармацевтика бозоридаги муаммоларни тегишли қонун ҳужжатлари билан тартибга солиши муҳим.
Ўйлайманки, партиямизнинг мана шундай долзарб масалаларга ечим сифатида таклиф этаётган ғоялари халқимизни асло бефарқ қолдирмайди.
Инклюзив жамиятга хос
64-ОКРУГ, ҚАШҚАДАРЁ
Шарофиддин НАЗАРОВ,
Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Қонунчилик палатасига номзод:
— Мамлакатимиз ижтимоий сиёсатида сезиларли қадамлар қўйилмоқда. Партиямизнинг ижтимоий идеали бўлган ижтимоий демократик давлатни барпо этиш тамойили янги таҳрирдаги Конституциямизда муҳрланди. Давлатнинг бу соҳадаги мажбуриятлари уч бараварга ошди. Давлат зиммасига аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларининг ҳаёти сифатини ошириш, айниқса, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ва давлат ҳаётида тўлақонли иштирок этиши учун шарт-шароитлар яратиш чораларини кўриш мажбурияти юкланди.
Минимал истеъмол харажатларини эълон қилиш амалиёти йўлга қўйилди. Пенсиялар, нафақалар ва бошқа турдаги ижтимоий ёрдамнинг миқдорлари ундан оз бўлиши мумкин эмаслиги белгиланди.
“Ижтимоий ҳимоя ягона реестр” ахборот тизими ишга туширилди. Бирлашган Миллатлар ташкилотининг “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенцияси Ўзбекистонда ратификация қилинди. Бепул ижтимоий хизматлар рўйхати тасдиқланиши ва қўлланишига эришилди. “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган аҳолининг зарур товар ва хизматлар учун қилган харажатларига қўшилган қиймат солиғи қайтарилиши жорий қилинди.
Халқ демократик партияси ҳар доим ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ-манфаатларини қатъий туриб ҳимоя қилади. Бу бизнинг ижтимоий адолат тамойилларига содиқлигимизни билдиради. Янги Сайловолди дастуримизда ҳам ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ-манфаатларига алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, парламент ва маҳаллий Кенгашларга сайловларда ҳамда давлат фуқаролик хизматида “ногиронлиги бўлган шахслар учун квота” жорий этиш таклифи ўрин олган.
Бугунги кунда дунёнинг ривожланган давлатларида инклюзив жамият тушунчаси кенг тарқалган. Ҳар қандай мамлакат юксак тараққиётга эришиши учун унда яшовчи ҳар бир шахс фаол фуқаролик позициясини эгаллаши шарт. Айнан шу меъёр ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳам жамиятимиздаги фаоллиги янада ошишида ўз тасдиғини топади.
Табақалашган тарифлар зарурати
60-ОКРУГ, ХОРАЗМ
Муқаддас МАШАРИПОВА,
Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Қонунчилик палатасига номзод:
— Тараққиётга эришиш, олдимизга қўйган ялпи ички маҳсулот ва экспорт ҳажмини каррасига ошириш, саноатни, ахборот технологияларини жадал ривожлантириш, давлатни, халқни бой қилишдек улкан марралар илдизи мактаблар билан туташдир. Чунки бугун мактабларда сабоқ чиқараётган эртамиз эгалари тимсолида мамлакатимиз тақдирини кўрамиз.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси ривожланишда ижтимоий устуворликка урғу бериб, таълимда тенгликни таъминлаш орқали болаларнинг конституциявий ҳуқуқларини кафолатлаш йўлида муҳим ташаббусларни илгари суриб келмоқда. Бу масала 2025-2029 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастуримизда ҳам ўз ифодасини топган.
Жумладан, мактаб ўқувчиларига жамоат транспортидан фойдаланиши учун табақалашган тарифларни жорий этиш таклифи киритилган.
Тўғри, бу ташаббусни рўёбга чиқариш осон кечмаслиги мумкин. Айниқса, оқибатларини олдиндан прогноз қилиш мушкул бўлган ҳозирги глобал иқтисодий ўзгаришлар даврида. Бироқ шундай ҳаётий факторлар борки, мактаб ёшидаги болаларга исталган жамоат транспортидан фойдаланиши учун имкон қадар енгиллик яратиш хомхаёл эмас, балки айни зарурат экани тобора маълум бўлиб бормоқда. Болаларни мактабга қатнашда турли кўнгилсизликлардан, фалокатлардан асраш учун ҳам керак бундай имконият.
ХДПнинг юқоридаги таклифи мактаб ёшидаги болаларни ижтимоий ҳимоялаш, улар ҳаётига хавф солувчи турли хатарларнинг олдини олиш мақсадлари билан уйғундир. Қолаверса, кўп болали, кам таъминланган оилалар учун маълум даражада иқтисодий мадад бўлса, яна бир томондан ва асосийси, замон талабларига мос таълим инфратузилмасини, фарзандларимиз учун ҳар томонлама қулайликни яратишга хизмат қилади.
Халқ ҳокимиятчилиги
Одилжон ИМИНОВ,
Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Қонунчилик палатасига номзод:
— Бугун мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида партиялар, парламент, маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатларнинг ўрни ва таъсири жонланиб, парламентнинг, жамоатчиликнинг назорат функцияси кучайиб бормоқда.
Янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқ парламент палаталарининг, айниқса, қуйи палатанинг мутлақ ваколатлари ҳам оширилди. Шунингдек, ҳокимлар ва маҳаллий Кенгашларнинг ваколатлари тақсимланишига асосланган маҳаллий давлат ҳокимиятининг янги модели жорий этилди. Унга кўра, маҳаллий давлат бошқарувида вакиллик ва ижро этувчи органларнинг ваколатлари бир-биридан ажратилди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сайловолди дастурини тайёрлаш жараёнида ишчи гуруҳ мамлакатимизнинг чекка ҳудудларигача чиқиб, хонадонма-хонадон юриб, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, пенсионерлар, ногиронлар, иш топишда қийинчиликка дуч келаётган меҳнат мигрантлари билан юзма-юз учрашди, уларнинг муаммолари ва таклифларини ўрганди. Шунга кўра, давлат ва жамиятни ривожлантириш, ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглигини таъминлаш, кучли ижтимоий сиёсат юритиш йўналишларида қатор таклиф-ташаббуслар ишлаб чиқилди.
Сайловолди дастуримизда сиёсий партиялар, уларнинг депутатлик бирлашмаларининг ҳуқуқ ва ваколатларини янада кенгайтириш вазифасини қўйдик. Бу нимага керак? Бу, аввало, давлат бошқарувида фуқаролик жамияти институтларининг бевосита иштирокини кенгайтириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожи учун ҳаётий ташаббуслар кўпайишига туртки беради. Шу билан бир қаторда халқ ҳокимиятчилигининг ривожига хизмат қилади. Бундан барча фуқароларнинг, жумладан, аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари ҳам вакиллик демократияси институтлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа нодавлат институтлар орқали кенг кўламли ислоҳотларда иштирок этишини таъминлаш мақсади кўзланган.
Фикримизча, бу халқ ҳокимиятчилигига асосланган демократик бошқарув тизимини ислоҳ этишга замин яратади. Муҳими, ижро ҳокимияти томонидан ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича қарорлар қабул қилишда сиёсий партиялар фракциялари билан маслаҳатлашувлар ўтказиш амалиёти кучаяди.
Коммунал хизмат ва аҳоли манфаати
Жамол АЧИЛОВ,
Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Қонунчилик палатасига номзод:
— Коммунал хизмат кўрсатишнинг ривожлангани нафақат жамият маданияти, маиший турмуш тарзи даражасини ифода этади, балки иқтисодий салоҳият ўсиши ва инвестициялар жалб қилиш учун шарт-шароитлар яратишга ҳам хизмат қилади. Айнан шунинг учун уй-жой ва коммунал хўжалиги соҳасидаги ислоҳотлар ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларнинг узвий таркибий қисми ҳисобланади.
Шундан келиб чиқиб, Халқ демократик партияси “Коммунал хизматлар нархлари ва тарифларни тартибга солиш тўғрисида”ги Қонунни қабул қилиш таклифи билан чиқмоқда.
Айтиш керакки, ўтказилган таҳлиллар бу соҳадаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, уй-жой-коммунал тизимини ривожлантиришни янги босқичга кўтариш зарурлигини кўрсатмоқда. Коммунал хизматлар сифати ва тарифлари номутаносиблиги аҳоли эътирозларига сабаб бўлаётгани маълум. Айниқса, ҳаво ҳарорати пасайиб, кунлар совиганда бу мавзу янада долзарблашади. Зеро, коммунал соҳа аҳолининг кайфиятини белгилайдиган асосий масалалардан биридир. Аҳоли турмуш даражаси ва сифатини яхшилашда муҳим рол ўйнагани туфайли ҳам бу масала ҳар доим кун тартибидан тушмайди.
Албатта, тизимда барқарорликни таъминлаш, коммунал хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, нархлар ва тарифларни тартибга солиш учун соҳанинг ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш талаб этилади. Боз устига табиий ресурсларнинг чеклангани уларни тежаш, оқилона фойдаланиш ва самарадорлигини ошириш чораларини кўриш заруратини юзага келтирмоқда.
Истаймизми-йўқми, тоза ичимлик суви бутун дунёда янада долзарблашиб бораверади. Аҳоли сонининг ортиши билан коммунал, яшаш эҳтиёжлари учун сув истеъмоли йил сайин ортади. Уйларда иссиқлик энергиясининг ўртача истеъмоли учун катта газ ва электр захираси талаб қилинади. Нархлар ва тарифларни одамлар учун ҳам, давлат манфаатлари учун ҳам мувофиқлаштиришни соҳа ривожи учун катта даъват ва улкан имконият, деб биламиз.
Бу соҳада ишлаб чиқиладиган янги қонун ҳужжатлари юқоридаги муаммолар билан бирга, коммунал соҳага замонавий технологияларни киритишни янада жадаллаштириш, коммунал хўжалиги хизматларини ташкил этишда, коммунал хизматлар нархларининг ўзгариши, хизматлар учун тўловларни ўз вақтида ундирилиши каби муаммоларни самарали ҳал этишга қаратилади.
Халқаро талабларга мос кадрларни тайёрлаш йўлида
Лилия АЧИЛОВА,
Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Қонунчилик палатасига номзод:
— Бугунги жадал глобаллашув даврида хорижий тилларини мукаммал билиш, рақамли технологияларни ўзлаштириш замонавий инсон ҳаётида ва иш фаолиятида ҳал қилувчи ўрин тутмоқда. Шунинг баробарида мамлакатимизнинг халқаро ҳамкорлик алоқалари кун сайин кенгайиб бораётгани, жаҳон меҳнат бозорига интеграциялашуви чет тилларини пухта биладиган кадрларга эҳтиёжни оширмоқда.
Замонавий ахборот технологиялари ҳам шундай, яъни, бугунги куннинг энг талабгир соҳалардан бири. Чунки ҳеч биримиз бу технологияларсиз ҳаётимизни тасаввур қила олмаймиз. Аслида рақамли саводхонлик жуда кенг тушунча. Бу ахборот олиш, билим олиш, касб-ҳунар эгаллаш, меҳнат фаолияти билан шуғулланиш каби инсон ҳаётининг муҳим йўналишларини қамраб олади.
Очиғини айтиш керак, мактабларда, айниқса, чекка ҳудудлардаги таълим муассасаларида айнан ушбу масалада йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларимиз бор.
ХДП Сайловолди дастурида бу муаммоларга ечим сифатида чет тиллари ҳамда IT бўйича мавзуларни чуқурроқ тушуниш ва теран ўзлаштириш учун мактабларда назарий билим ҳамда амалий машғулотларни ўз ичига олган ўқув соатларни, дарсларни кўпайтириш зарурати назарда тутилган. Шу орқали биз мактаб битирувчиларининг меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини оширишимиз мумкин.
Таълим ва тараққиёт ёнма-ён юради, иккаласи бир-бирига хизмат қилувчи драйвер. Таълим соҳасида ҳозиргача рўй берган ўзгаришлар улкан меҳнат, катта эътибор ортидан келмоқда. Ҳали олдинда вазифа кўп. Кўзланган марраларга эришилганида мамлакатимизнинг илмий ва кадрлар салоҳияти, инсон капитали юксалади, миллат, халқ, давлат сифатида интеллектуал даражамиз ривожланади.
Яна бир гап. Чет тилларини, дастурлашни ўрганиш учун мактабдан сўнг ўқув курсларига, репетиторларга бориб, вақт, пул сарфлаётган қанча ёшларимиз бор. Шунинг ўзи ҳам умумтаълим мактабларида бу йўналишларда ўқитишни янада чуқурлаштиришга эҳтиёж борлигини кўрсатади.
Ноқонуний миграциянинг самарали ечими
Гулноза САТТАРОВА,
Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Қонунчилик палатасига номзод:
— Маълумки, юртимизда кейинги йилларда аҳоли бандлиги ва иқтисодий фаоллигини ошириш мақсадида янги иш ўринларини ташкил этиш ва мавжуд иш ўринларининг барқарорлигини таъминлашга жиддий эътибор қаратилмоқда. Бунда асосий эътибор ишсизликни камайтириш, меҳнат бозорига кириб келаётган ёшларнинг, ижтимоий заиф қатлам, хусусан, аёллар, ногиронлар, жазони ўтаб келган шахслар, одам савдоси жабрдийдалари, ташқи миграция иштирокчилари ва бошқаларнинг бандлигини оширишга қаратилмоқда.
Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, кўпгина давлатлар меҳнат ресурсларининг маълум бир қисми бошқа давлатларда, асосан ҳудудий яқин мамлакатларда меҳнат фаолиятини амалга оширишлари ва мамлакат иқтисодиётига сармоя олиб киришлари кузатилади.
ХХI асрда жаҳон иқтисодиётининг интеграциялашуви ва либераллашуви жараёнида ишчи кучи миграциясининг аҳамияти мунтазам ошиб бормоқда. Айнан шу боис ишчи кучи миграциясининг ижтимоий-иқтисодий мазмун ва моҳиятини очиб бериш унинг қанчалик муҳим аҳамият касб этишини кўрсатади. Шуни таъкидлаш керакки, кишилар хорижда ишлашга фақат камбағал бўлганликлари ёки ўз уйларида иш топа олмагани учунгина ёки фақат моддий таъминотни ўйлаб интилмайдилар. Дунёда ишчи кучи кўчиб юриши, меҳнат алмашинуви объектив воқелик ҳисобланади. Унда асосан янгиликларни билишга, замонавий технологияларда қатнашиш, илғор тажрибалар орттиришга интилувчи инсонлар хорижда меҳнат фаолиятини олиб боришдан манфаатдордир.
Дастуримизда бу тоифа шахсларни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам муҳим вазифалар белгиланган.
Биз Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг фаолиятида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, агентликнинг хорижда меҳнат қилаётган фуқароларимизни қўллаб-қувватлаш бўйича масъулиятини ошириш тарафдоримиз. Тўғриси, кўп одамларимиз ҳеч қандай малака талаб қилмайдиган ишларга ўзлари мустақил равишда кетаяпти. Аммо улар орасида меҳнат ва яшаш шароитлари яхши бўлмаган, касби, даромади паст жойларда ишлаётганлари, ноқонуний миграция туфайли инсоний ҳуқуқларига дахл қилинаётган ҳолатлар ҳам бор. Демак, хорижда ишлаш истагида бўлган, аммо касбий малака ёки чет тилни билмайдиган фуқаролар билан кўпроқ ишлашимиз керак. Хорижга қонуний кетиш йўллари, ишчиларнинг ҳақ-ҳуқуқларига доир тушунтириш ва тарғибот ишларини янгича ёндашувларда йўлга қўйиш лозим. Бу масалада, албатта, асосий масъулият Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига тушади. Уларнинг фаолиятида очиқлик ва ошкоралик таъминланса, жамоатчилик ва фуқаролар олдида ҳисобдорлик кучаяди, хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш бўйича масъулият ошади, деб ўйлаймиз. Бу адолатли, шаффоф тизимни яратишда муҳим, албатта.
Тирбандлик жиддий муаммо тусини олмоқда
Шокиржон АҲМЕДОВ,
Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Қонунчилик палатасига номзод:
— Сўнгги пайтларда одамларимизда норозилик кайфиятини пайдо қилаётган муаммолардан бири – бу йўлларимиз билан боғлиқ. Тобора тирбандликнинг ортиб бораётгани, ҳайдовчилар ва пиёдалар учун ҳаракатланишдаги ноқулайликлар, мудҳиш йўл-транспорт ҳодисаларининг юз бераётгани, энг ёмони, ЙТҲ оқибатида болаларнинг нобуд бўлаётгани чиндан ҳам таассуфли. Таҳлиллар шуни кўрсатяптики, бундай нохуш ҳолатларга мавжуд йўл инфратузилмасининг талабга жавоб бермаслиги ҳам сабаб бўлмоқда. Қолаверса, мана шундай инфратузилма туфайли тирбандлик жиддий муаммо тусини олмоқда.
Эътибор берсак, йўлларимиз, айниқса, шаҳар кўчалари автомобиллар билан жуда тиғиз бўлиб боряпти. Статистикага кўра, 2024 йил 1 январь ҳолатига Ўзбекистонда жисмоний шахсларга тегишли бўлган енгил автомобиллар сони 3,8 миллион донани ташкил этган. Яъни, ҳар минг кишига 103 тадан автомобиль тўғри келган. Ўтган тўққиз ой ичида бу рақам ошса, ошганки, асло камайгани йўқ.
Хуллас, бугунги кунда шаҳар ва қишлоқларимизда қурилиш ишлари жадал суръатга кирган бир пайтда айнан пиёдалар ва ҳайдовчилар учун эркин ҳаракатланишни таъминлаш масаласига жиддий эътибор қаратиш вақти келди.
ХДП Сайловолди дастурининг реал ҳаётимизга, халқимиз турмуш тарзига яқинлигини ҳатто мана шу масалага ҳам тўхталиб ўтилганидан билса бўлади.
Партиямиз қурилишга оид талабларни кучайтириш, шу жумладан, қурилишларда яшил зона, мактаб, боғча, поликлиника, автотураргоҳ каби талабларни инобатга олиш, буни қонун даражасига кўтариш таклифи билан чиқяпмиз.
Қурилишнинг кўп бўлгани яхши. Аммо қачонки бу тартибли ва сифатли бўлса. Уй-жой қурилишида мактаб, боғча, поликлиника эҳтиёжлари ҳам ҳисобга олинса, бу одамларнинг вақтини тежайди, йўллардаги тирбандликлар камаяди, деб ўйлаймиз.
Бундан ташқари, қурилишда автотураргоҳлар муаммосини ҳам ҳал қилиш керак. Автотураргоҳлар кам бўлгани учун одамлар дуч келган жойда автомашинасини қўйиб кетади, бу ҳаракат учун кўп ноқулайликлар келтириб чиқаради, хавфсизликни таъминлашга тўсиқ бўлади. Қолаверса, бу каби муаммоларнинг ҳал этилмай келиши жамиятнинг турли қатламлари орасида норозилик кайфиятини уйғотади.
«Ўзбекистон овози», 9.10.2024, №41