Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Тошкент вилояти Оҳангарон тумани "Нуробод" МФЙда бошланғич партия ташкилотлари, волонтёрлик гуруҳлари ҳамкорлигида тарғибот тадбири ўтказилди.
Учрашувда Ўзбекистон ХДП Тошкент вилояти кенгаши раиси А.Умаралиев партия Марказий Кенгаши раиси ўринбосари М.Ворисова, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод Қ. Қосимова, Маҳаллий кенгаш депутатлигига номзодлар сўзга чиқиб, янги Сайловолди дастури ҳақида гапириб берди. Сайловолди дастурида илгари сурилган энг муҳим ташаббус ва йўналишлар мазмун-моҳияти тушунтирилди.
Йиғилишда маърузачилар стратегик аҳамиятга эга компаниялар устидан давлат назоратини сақлаб қолиш, уларни хусусийлаштиришни қонун даражасида тақиқлашга оид таклифларга тўхталиб ўтди. Шунингдек, вазирлик ва идоралар томонидан давлат хизматларини кўрсатиш ёки жарима солиш натижасидаги барча тушумларни тўлиқлигича давлат бюджетига йўналтириш масаласида сўз юритилди. Ўзини ўзи банд қилганлар ва меҳнат мигрантлари учун шарт-шароитларни яхшилаш, шу жумладан, ўзини ўзи банд қилган сифатида шуғулланиш мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатини кенгайтириш, ташкиллаштирилган ва тартибли миграцияни амалга оширишга урғу бериш борасидаги таклифлар ҳақида маълумотлар берилди.
Халқ демократик партиясининг дастури ҳамда мақсад ва вазифалари Янги таҳрирдаги Конституциямизда қайд этилган “ижтимоий давлат” принципларига ҳар томонлама мос келади. Жумладан, кам таъминланган, ногиронлиги бор фуқаролар, қаровчисиз қолган якка-ёлғиз қариялар манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш масалаларининг қонун ҳужжатларида мустаҳкамланишига эришиш партия илгари сурган ғояларга ҳамоҳангдир.
“Ҳар бир инсон фаровонлиги учун” шиори остида сайловларда иштирок этаётган Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳар бир инсон учун ижтимоий тенглик ва адолат тамойиллари асосида муносиб яшаш шароитини яратиш, ижтимоий тафовутларни камайтириш, муҳтожларга ёрдам бериш, камбағалликни қисқартириш, аҳолини янги иш ўринлари ва кафолатли даромад манбаи билан таъминлаш бўйича самарали сиёсатни амалга ошириш тарафдоридир.
Мулоқотда йиғилганлар сайловда фаол бўлишга ҳамда Халқ демократик партияси ва унинг номзодларига овоз беришга чақирилди. Тадбир сўнггида номзодлар ва Тошкент вилояти Кенгаши масъуллари эҳтиёжманд оилалар хонадонларига бориб, сиёсий жараёнлар хусусида тушунчалар беришди.