Сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари, жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, инклюзив жамиятни ривожлантириш, аҳолининг барча қатламлари учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлашга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Халқ демократик партияси бу ислоҳотларнинг давоми ўлароқ, вакиллик органларида, шунингдек, давлат фуқаролик хизматида ногиронлиги бўлган шахслар учун алоҳида квота жорий этишни илгари сурмоқда. Ушбу таклиф партиянинг сиёсий майдондаги спектрига мос бўлгани ҳолда у ижтимоий адолатни таъминлашга хизмат қилади.
Маълумотларга кўра, дунё аҳолисининг 1 миллиард ёки 15 фоизини ногиронлиги бўлган шахслар ташкил этади. Мамлакатимизда 1 миллионга яқин ногиронлиги бўлган фуқаролар мавжуд.
Ногиронлиги бўлган шахслар учун парламент ва маҳаллий Кенгашларга сайловларда, шунингдек, давлат хизматида квоталарнинг жорий этилиши инклюзивлик ва ижтимоий тенглик йўлида ташланган муҳим қадам бўлади. Бундай ечим ногиронлиги бўлган шахсларнинг сиёсий ҳаётда ва давлат хизматида иштирок этишини таъминлайди. Бу эса, ўз навбатида, қарорлар қабул қилиш жараёнида уларнинг манфаатлари ва эҳтиёжларини ҳисобга олишга кўмаклашади.
ЕХҲТнинг бир қатор ҳужжатларида иштирокчи давлатлар инсон ҳуқуқларига, жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларига урғу берган. Хусусан, 2018 йилдаги ЕХҲТ Парламент ассамблеясининг Берлин декларациясида “ЕХҲТ минтақасидаги парламентларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг вакиллик даражаси жуда ҳам паст бўлиб қолаётгани” таъкидланиб, ЕХҲТнинг барча иштирокчи давлатлари “ногиронлиги бўлган шахслар ижтимоий-сиёсий ҳаёт соҳаларидаги қонунчилик ёки сиёсий чораларни ишлаб чиқишнинг барча босқичларида иштирок этишини” таъминлашга даъват этилди.
Хорижий мамлакатлар тажрибаси таҳлили ривожланган мамлакатларда ҳам ногиронлиги бўлган шахслар учун алоҳида квота ажратилганини кўрсатади. Хусусан, Италия ва Францияда сиёсий партиялардан ногиронлиги бўлган шахслар номзодларини партия рўйхатига киритишни талаб қиладиган қонун мавжуд. Бу парламент ва маҳаллий ҳокимият органларида ногиронлиги бўлган шахсларнинг вакиллигини оширишга ёрдам беради.
Умуман олганда, парламент ва қуйи вакиллик органларида ногиронлиги бўлган шахслар учун квота ажратилиши ушбу шахсларнинг ҳам давлат ва жамият ишларида иштирок этишини таъминлашга ҳамда уларнинг фаоллигини оширишга хизмат қилади.