Гўзал ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳри шу кунларда янада ўзгача чирой очган. Яқин кунларда мамлакатда яна бир муҳим сиёсий жараён ўтишини Самарқандда яшовчи ҳар бир фуқаро хабардор бўлиб, ҳис қилиб турибди.
Чунки Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг фаоллари, тарафдорлари, волонтёрлик гуруҳлари бўлажак сайловларни фаол тарғибот қилмоқда. Кўчаларга партиянинг бош шиори ҳамда номзодлари акс этган баннерлар осиб чиқилган. Самарқанд вилояти ҳамда шаҳрининг кўплаб ҳудудларида, жумладан “Алишер Навоий” номидаги истироҳат боғида махсус шохобча ташкил этилиб, партиянинг Сайловолди дастурдаги муҳим таклиф ва ташаббуслар мазмун-моҳияти тушунтириб борилмоқда.
Жойларда ўтказилаётган учрашувларда ҳар бир инсон фаровонлиги, жамиятимиз равнақи йўлида курашаётган партиянинг Сайловолди дастурини қўллаб-қувватлашга чақириб, унинг фаолияти ва ташаббусларига оид флаерлар, буклетлар ва янги дастур ўрин олган китобчалар аҳолига тарқатилмоқда. Сайловчилар билан мулоқотларда кучли ижтимоий-сиёсий қарашларга эга, жамият ҳаётида фаол, фидойи шахслар Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан депутатликка номзод қилиб кўрсатилгани таъкидланмоқда. Партиянинг таклиф ва ташаббусларининг мазмун-моҳияти, аҳамияти тушунтириляпти.
Хусусан, партия аҳолини арзон уй-жой билан таъминлаш ҳамда қурилиш соҳасида самарали назоратни таъминлашга эришиш учун қатор вазифаларни белгилаб олиш зарур деб ҳисоблайди. Камбағалларга жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар, ногирон фарзандларни тарбиялаётган ота-оналар, оғир ижтимоий аҳволга тушган аёллар учун арзон уй-жойлар қурилишини янада кўпайтириш мақсадида “Ижтимоий турар жойлар тўғрисида”ги Қонунни қабул қилиш, қурилишлар устидан давлат назоратини кучайтириш, қурилиш жараёнларини тартибли, аҳолига ва атроф-муҳитга зарарсиз тартибда ташкил этиш, қурилишларда шовқин ва чанг-тўзон даражасини ўлчаш тизимини йўлга қўйиш, қурилишга оид талабларни кучайтириш, шу жумладан, қурилишларда яшил зона, мактаб, боғча, поликлиника, автотураргоҳ кабиларни инобатга олиш бўйича талабларни қонун даражасида қатъий белгилаш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди.
Шунингдек, тарғибот тадбирларида партия ғояларининг асл мақсади ижтимоий тенглик, ижтимоий адолат принциплари асосида ишлаб чиқилгани, аҳолининг барча қатламлари манфаатларини ҳимоя қилиши таъкидланмоқда.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси ва унинг номзодларига овоз беринг!