Халқ демократик партиясининг Сайловолди дастури Фарғона вилоятида ҳам кўплаб учрашувлар орқали тарғиб қилинмоқда.
Мулоқотларда дастурнинг асосий йўналишлари ва уларда акс этган таклифларнинг моҳияти халққа етказилмоқда.
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг талаб ва эҳтиёжлари, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш учун Парламентдаги партия фракцияси ва маҳаллий Кенгашлардаги гуруҳлари миллий қонунчиликни БМТнинг Ногиронлар учун тенг имкониятларни таъминлаш бўйича стандарт қоидаларига тўлиқ мувофиқлаштиришга эришмоқчи. Шу жумладан, ногиронлар учун объектлар ва хизматларнинг қулайлиги миллий стандартларини ишлаб чиқиш ҳамда “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонунининг алоҳида қисми сифатида қонун даражасида мустаҳкамлашга, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган 18 ёшгача болаларнинг касалликлари рўйхатини кенгайтириш (мушаклар дистрофияси (миодистрофия), мияча эрта атаксияси, зўрайиб борувчи ирсий атаксия сингари кабиларни киритиш) орқали доимий парваришга муҳтож бўлган болаларни парваришлаётган оилаларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш юзасидан устувор вазифалар белгилаб олинган.
Бундан ташқари, аҳолини арзон уй-жой билан таъминлаш ҳамда қурилиш соҳасида самарали назоратни таъминлашга эришиш учун “Ижтимоий турар жойлар тўғрисида”ги Қонунни қабул қилиш, қурилиш соҳасида жамоатчилик ҳамда давлат назоратини кучайтириш, қурилиш жараёнларини тартибли, аҳолига ва атроф-муҳитга зарарсиз тартибда ташкил этиш, қурилишларда шовқин ва чанг-тўзон даражасини ўлчаш тизимини йўлга қўйиш, қурилишларда яшил зона, мактаб, боғча, поликлиника, автотураргоҳ кабиларни инобатга олиш бўйича талабларни қонун даражасида қатъий белгилаш мақсад қилинган.
Сайловчилар билан ўтаётган кенг кўламли мулоқотларда партия ғоялари, таклиф ва ташаббуслари фуқаролар томонидан маъқулланмоқда.
Жумладан, соғлом қариш бўйича стратегияни илгари суриш орқали барча соҳаларда кекса одамларнинг фаол иштирокини рағбатлантириш, соғлиқ учун зарарли маҳсулот гуруҳларига солиқ юкини ошириш ва шу орқали соғлиқни сақлаш соҳасини қўллаб-қувватлаш интенсивлигини оширишга бағишланган ташаббуслар сайловчилар томонидан фаол қўллаб-қувватланмоқда.