Ўзбекистон Халқ демократик партияси юртимизда истиқомат қилаётган ҳар бир шахс фаровон яшаши, ҳар жиҳатдан ижтимоий ҳимояга эга бўлиши учун тинимсиз ва самарали меҳнат қилиб келмоқда. Кучли ижтимоий сиёсат юритиш ўз олдига асосий мақсад қилиб қўйган Ўзбекистон ХДПнинг Тошкент вилоятидаги фаоллари, хайрихоҳлари ҳам сайловчилар билан кўплаб учрашувлар ўтказмоқда.
Маҳаллалар гузарлари, бозорлар, бекатлар, хонадонларда сайловчилар билан бўлиб ўтаётган юзма-юз суҳбатларда биринчи навбатда партиянинг асосий ғоялари тушунтирилмоқда. Бош қомусимизда Ўзбекистон ижтимоий давлат сифатида эътироф этилганидан сўнг давлатнинг фуқаролар олдидаги масъулиятини янада ошириш юзасидан илгари сурилаётган таклиф ва ташаббуслар мазмун-моҳияти очиб бериляпти.
Ижтимоий давлат ғояси партия узоқ йиллардан буён илгари суриб келаётган ташаббуслардан бири эди ва бу амалга ошди. Бу миллионлаб фуқароларимиз ҳаётида акс этадиган жуда катта ютуқдир.
Янги Сайловолди дастурида ижтимоий ҳимоя, ижтимоий тенглик ва ижтимоий адолат тамойилларини мужассамлаштирган таклифлар билан бир қаторда иқтисодиётда давлатнинг фаол роли ва иштирокини сақлаб қолиш, камбағалликни қисқартириш, солиқ қонунчилигини такомиллаштириш ҳамда банк-кредит соҳасини ривожлантириш юзасидан ҳам халқчил ташаббуслар илгари сурилмоқда. Ушбу йўналишда стратегик аҳамиятга эга компаниялар устидан давлат назоратини сақлаб қолиш, уларни хусусийлаштиришни қонун даражасида тақиқлаш, маҳаллий инвесторларни қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, уларга хорижий инвесторлар билан бир хил имтиёзлар бериш, аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш бўйича дастур қабул қилиш каби устувор вазифалар белгилаб олинган.
Сайловчилар билан ўтаётган мулоқотларда эртанги кунга бефарқ бўлмаслик, фуқаролик бурчини сидқидилдан бажариш лозимлиги, шунингдек, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ва унинг номзодларига овоз беришга чақирилмоқда.