МДҲ парламентлараро Ассамблеясининг халқаро кузатувчилари билан учрашув бўлиб ўтди

 

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши мажлислар залида МДҲ парламентлараро Ассамблеяси халқаро кузатувчиларининг Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши масъуллари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда МДҲ парламентлараро Ассамблеяси кузатувчилар миссияси раҳбари Т.А.Масабиров, МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси Кенгаши бош котибининг ўринбосари А.М.Джафаров, МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси Кенгаши котибияти раҳбари ўринбосари И.И.Мушкет ва миссиянинг бошқа вакиллари, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгашидан партия Марказий Кенгаши раиси У.И.Иноятов ҳамда партия ходимлари иштирок этди.

Учрашув аввалида партия етакчиси У.И.Иноятов Халқ демократик партияси тарихи, ўз олдига қўйган мақсад ва вазифалари ҳамда жорий йилда парламент ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайлов жараёнлари ҳақида ҳақида қисқача таништириб ўтди.

Кейин миссия раҳбари Т.А.Масабиров МДҲ парламентлараро Ассамблеяси кузатувчилар миссиясининг мақсади, муддати ва сайловларни кузатиш тартиби ҳақида маълумот берди.

Шундан сўнг, учрашувнинг савол-жавоб қисмига ўтилди. Хусусан, партия вакилларига қуйидаги саволлар берилди.

Меҳмонлар сайловларни ташкил этиш масалалари бўйича Марказий сайлов комиссияси фаолияти билан қизиқди.

Унга жавобан партия ходимлари Марказий сайлов комиссия фаолиятини ижобий баҳолашини таъкидлади. Қайд этилдики, партиядан ваколатли вакил Марказий сайлов комиссиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш бўйича ташкил этилаётган барча мажлисларида иштирок этиши таъминланган. МСКнинг қарорлари ҳақида ўз вақтида хабар бериб борилади. Мазкур йўналишда сиёсий партиялар ва Марказий Сайлов Комиссияси ўртасида яхши ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Умуман олганда, ўтаётган сайловларда МСКнинг юқори профессионал ёндашуви, ташкилий ва бошқа барча масалаларда ҳамкорлик алоқаларини эътироф этилди.

Шунингдек, миссия вакилларига ўтган сайловларда партия сайловолди дастури ижроси, аъзолари сони, сифат таркиби ва фаолиятига оид масалаларда маълумотлар берилди. Энг муҳими, партиянинг ижтимоий идеали бўлган ижтимоий демократик давлатни барпо этиш тамойили Конституцияда муҳрлангани эътироф этилди. Таъкидландики, минимал истеъмол харажатларини эълон қилиш амалиёти йўлга қўйилди. Пенсиялар, нафақалар ва бошқа турдаги ижтимоий ёрдамнинг миқдорлари ундан оз бўлиши мумкин эмаслиги белгиланди. “Ижтимоий ҳимоя ягона реестр” ахборот тизими ишга туширилди. Бирлашган Миллатлар ташкилотининг “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенцияси Ўзбекистонда ратификация қилинди. Аҳолининг кам даромадли қатлами учун қурилаётган арзон уй-жойлар сони кўпайтирилди, шунингдек, ушбу соҳада имтиёзли ипотека кредити ажратиш амалиёти такомиллаштирилди. Аҳолига уй-жой олишини субсидиялаш тизими йўлга қўйилди.

Учрашувда бу йилги номзодларни танлашда нималарга эътибор қаратилгани ҳақида ҳам сўз борди. Хусусан, бошқа миллат вакиллари иштирокига ҳам алоҳида эътибор қаратилгани айтиб ўтилди. Сайлов қонунчилигига киритилган барча ўзгаришлар бўйича муносабат билдирилар экан, партия аралаш сайлов тизимига ўтилганини қўллаб-қувватлаши қайд этилди. Сайловга оид қонунчиликка ўзгартириш киритиш масалаларида ҳам партия вакиллари фаол иштирок этгани таъкидланди.

Бундан ташқари, халқаро кузатувчилар партия фракцияси фаолияти, халқаро кузатувчиларнинг жараёнларига иштирокига оид масалалар билан қизиқди. Партия вакиллари берилган барча саволларга атрофлича жавоб қайтарди.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Сайлов-2024
← Рўйхатга қайтиш