Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши мажлислар залида ТуркПА сайловларни кузатиш миссияси аъзоларининг Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши масъуллари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда ТуркПА сайловларни кузатиш миссияси раҳбари, Туркия Республикаси Буюк Миллат Мажлиси аъзоси Осман Местен бошчилигидаги миссиянинг вакиллари, партия Марказий Кенгаши раиси У.И.Иноятов, раиси ўринбосарлари У.Н.Вафаев, М.А.Ворисова ҳамда Марказий Кенгаш масъул ходимлари иштирок этди.
Мулоқот аввалида Халқ демократик партияси тарихи, ўз олдига қўйган мақсад ва вазифалари ҳамда жорий йилда парламент ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларга кўрилаётган тайёргарлик ҳақида қисқача таништириб ўтилди.
Ўз навбатида ТуркПА миссияси раҳбари Осман Местен ўзи ва ҳамкасбларини таништириб, ТуркПА сайловларни кузатиш миссиясининг мақсади, муддати ва сайловларни кузатиш тартиби ҳақида маълумот берди.
Шунингдек, Осман Местен ва миссиянинг бошқа аъзолари Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларга, жумладан ижтимоий соҳадаги ўзгаришларга юқори баҳо берди. Туркий тилли давлатлар ўртасида ривожланиб бораётган ҳамкорликни мамнуният билан эътироф этди ва келгусида Ўзбекистон давлатини ТуркПА ташкилотига тўлақонли аъзо бўлишига умид билдирди.