Ўзбекистон Халқ демократик партияси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловнинг Марказий сайлов комиссияси томонидан эълон қилинган дастлабки натижалари бўйича брифинг ўтказди.
Унда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов партиянинг сайловда иштироки ва эришган натижалари ҳақида атрофлича маълумот берди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловлар очиқ рақобат ҳамда сайловчиларнинг фаоллиги муҳитида, миллий қонунчилигимиз ва халқаро меъёрларга мувофиқ равишда ўтгани қайд этилди.
Юртимизда илк бор аралаш тизим асосида, халқимизнинг сиёсий-ҳуқуқий фаоллиги ҳамда дахлдорлиги ошган даврда ўтган ушбу сайловда Халқ демократик партияси юз минглаб аъзолари, миллионлаб хайрихоҳларининг қўллаб-қувватлашига таянган ҳолда, фаол қатнашди.
Халқ демократик партияси сайловнинг барча босқичларида сиёсий партияларга берилган ҳуқуқ ва ваколатлар ҳамда яратилган шарт-шароитлардан самарали фойдаланишга ҳаракат қилди. Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ва маҳаллий Кенгашларга ҳар битта депутатлик ўрни учун тўлиқ номзод кўрсатди. Бу партия учун сайлов нақадар муҳим эканини, ҳар бир депутатлик ўрни учун кураш олиб борганини кўрсатади.
Сайловолди ташвиқоти даврида партиянинг асосий электорати вакиллари билан учрашувларга алоҳида эътибор қаратилди. Айниқса, сиёсий партиялар ўртасида дебатларнинг ташкил қилиниши катта имконият бўлди.
Буларнинг барчаси мамлакатимизда сайлов жараёни очиқлик, ошкоралик каби демократик тамойиллар асосида ўтгани, халқимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги юксалиб, одамларда юрт тақдирига дахлдорлик туйғуси кучаяётганини кўрсатди.
Сайлов якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан эълон қилинган дастлабки натижаларга кўра, Халқ демократик партияси парламентда жами 20 та депутатлик ўрнига эга бўлди. Хусусан, пропорционал тизим бўйича партиямиз сайловчиларнинг 17,11 фоиз овозини олишга эришди.
Халқ демократик партияси сайлов натижаларини халқимизнинг хоҳиш-иродаси, деб қабул қилади ва унга ҳурмат билан қарайди. Шу билан бирга, ўз ғоялари асосида танлаган йўли — кучли ижтимоий сиёсатни амалга ошириш, бу борадаги вазифаларни ҳаётга изчил татбиқ қилиш позициясида қатъий қолиши билдирилди.