ЎзХДП депутатлари махсус хизмат машиналарига йўл бермаганлик учун жарималар миқдори оширилишига қаршилигини билдирди

Халқ демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси парламент қуйи палатасига келиб тушган Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини кескин баҳс-мунозара, тортишувлар билан танқидий кўриб чиқди.

Гап шундаки, амалдаги «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги кодекснинг 1285-моддасига кўра, кўк ёки кўк ва қизил рангли ялт-ялт этувчи чироқ-маёқча ва махсус товушли ишораларини ёққан ҳолда яқинлашиб келаётган тезкор ва махсус хизматларнинг транспорт воситалари тўсиқсиз ўтиб кетишига халақит бергани учун ҳайдовчиларга жавобгарлик белгиланган. Жарима – базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг беш баравари, яъни 1 115 000 сўм. Қонун лойиҳасида ушбу жарима миқдорини БҲМнинг ўн баравари миқдорига (2 230 000 сўмга) ошириш таклиф қилиняпти.

Ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилгандан кейин бир йил давомида такроран содир этилган тақдирда, жаримани базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш баравари даражасида белгилаш таклифи бериляпти.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси депутатлари жаримани оширишга қарши эканликларини билдирди. Улар буни жарималар миқдори аҳолининг реал даромадларига кескин номувофиқ бўлган тақдирда қонундан кўзланган чора фойда бермаслиги билан изоҳлашди.

Депутат Дилором Имомова жарима миқдори оширилиши кутилаётган натижани бермаслиги, аксинча, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг яна бир норозилигига сабаб бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

Депутат Фирдавс Шарипов амалдаги жарима миқдори 1 миллион сўмдан ортиқ экани, базавий ҳисоблаш миқдори ошиши билан шундоғам жарима ошиб бораётганини билдирди.

Фракция аъзоси Ўрол Ўрозбоев жарима миқдори оширилиши Халқ демократик партияси электорати, кам даромадли юртдошларимиз манфаатларига зид эканига, ҳозир давлат томонидан аҳоли даромадларини кўтариш бўйича кенг қамровли ислоҳотлар ўтказилаётган пайтда жарималар ошиши одамларнинг ишчанлик кайфиятига ўта салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигига эътибор қаратди.

Маълумотларга кўра, махсус автотранспорт воситаларига йўл бермагани учун 2017-2019 йилларда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128– моддаси 1-қисми билан 738 нафар ҳайдовчи маъмурий жавобгарликка тортилган. Лекин бу ҳуқуқбузарликларга жарима миқдорининг камлиги сабаб бўлаётгани ҳақида ҳеч қандай асослар йўқ.

Шербек Бўронов, фракция аъзоси:

– Пойтахтимизда, туман ва шаҳар марказларида автомобиль йўллари талаб даражасида эмаслиги, республикамизнинг барча ҳудудларида транспортлар серқатновлиги кўпайгани, йўллар бундай юкламага тайёр эмаслиги сабабли тирбандликлар юзага келмоқда. Мажбурий тирбандлик ҳолатларида ҳайдовчилар қандай қилиб махсус транспорт воситаларига йўл бериши мумкин? Бу ҳайдовчининг айби эмаску?..

Кейинги масала: қонун ташаббускорлари хориж давлатлари, жумладан, Сингапурда жарималар биздагидан юқори эканини пайқабди. Лекин у давлатда аҳолининг ўртача даромади қанча-ю бизда қанча?..

Махсус транспорт воситаларига йўл бермаганлик учун жарима миқдори Россия Федерациясида 10 бараварга оширилган (750 минг сўмга тўғри келади), аммо бизда амалда бўлган энг кам жаримадан ҳам (1 млн115 минг сўм) оз. Бундай ҳуқуқбузарлик учун жарима миқдори Франция ва Германия каби давлатларда ҳам биздагидан кам. Қозоғистон, Молдова ва Озарбайжонда эса жарима миқдори биздагидан қарийб 2 баробар кам. Мана шу давлатлардаги жарималар таҳлил қилинса, жарималар миқдори аҳоли даромадига узвий боғлиқ экани кўринади.

Қонун ташаббускорлари хорижий тажрибани ўрганиш деганда фақат жарима суммаларидаги фарқларга эътибор қаратган чоғи. Фикримизча, бошқа жиҳатларга ҳам эътибор қаратиш керак эди.

 

Фракциянинг бошқа аъзолари ҳам жарима миқдори оширилишини кўзда тутувчи қонун лойиҳаси ҳақида танқидий фикр билдирди.

Фракция аъзоси Ўрол Ўрозбоев масаланинг бошқа жиҳатига эътибор қаратди. Айтайлик серқатнов чорраҳада тўхтаб турган ҳайдовчи ортидан келган махсус транспорт воситасига йўл бериши учун яшил чироқ ёниб турган томондан келаётган автомашиналарга халақит беришга мажбур бўлади, оқибатда автоҳалокат содир бўлиши эҳтимоли ортади.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси депутатлари йўл қоидаларини бузганлик учун амалдаги жарималар миқдорлари шундоғам баланд экани, ҳозир ошириш ҳақидаги таклифларга умуман ўрин йўқлигини таъкидлади.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати.

 

www.daryo.uz

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш