Шу йилнинг 27 октябри мамлакатимиз янги тарихида муҳим саналар қаторидан ўрин олди. Илк маротаба аралаш сайлов тизими асосида бўлиб ўтган Парламент сайловларида сайловчилар Конституцион ҳуқуқларидан фойдаланган ҳолда овоз беришди, ўзлари муносиб кўрган номзодларни депутатликка сайлашди. Бунда депутатларнинг 75 нафари бевосита мажоритар тизим, яъни, сайловчилар хоҳиш-иродасига кўра, қолган 75 нафари эса пропорционал тизим бўйича сиёсий партияларга берилган овозлар асосида сайланди.
Ўзбекистон миллий сайлов тарихида биринчи маротаба барча депутатлик ўринларига 5 та партия томонидан 100 фоиз номзодлар кўрсатилди. Ҳар бир депутатлик ўрни учун қизғин кураш бўлди, сиёсий партиялар фаол тарғибот олиб борди, рақобат кучайгандан-кучайди. Сиёсий партиялар ўз ғоя ва ташаббусларини сайловчиларга етказиши учун кенг ҳамда тенг имкониятларга эга бўлди.
Халқ демократик партияси, албатта, ўтган сайловларда бўлгани каби бу гал ҳам ўз ғоялари билан фаол иштирок этди. Бу жараёнлар партиянинг сиёсий тажрибасини янада оширди, мафкуравий, ташкилий ва услубий жиҳатдан мустаҳкамлади.
Сайлов натижаларига кўра, ягона сайлов округи бўйича партиямиз 13 та депутатлик ўрнига эга бўлди. Қонунчилик палатасига жами 20 нафар номзод депутатликка сайланди.
Қонунчилик палатасидаги 20 нафар сайланган депутатларнинг 40 фоизи аёллардан иборат бўлиб, барча 20 нафар номзод олий маълумотга эга, уларнинг 4 нафарини ҳуқуқшунос, 6 нафарини иқтисодчи, 3 нафарини муҳандис, 2 нафарини тиббиёт, 4 нафарини педагог ва бир нафарини бошқа соҳа вакили ташкил этади. Шунингдек, номзодларнинг 4 нафари фан номзоди (PhD) ва 3 нафари фан доктори (DSc) илмий даражасига эга.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига 149 нафар ХДП депутатлари сайланган бўлса, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларига 1023 нафар депутат сайланиб, 5 та сиёсий партия орасида ХДП ўз позициясини мустаҳкамлади.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига етарлича ўрин олиниб, депутатлик гуруҳлари тузишга эришилди.
Бу рақамлар Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни самарали амалга ошириш, халқимизни ўйлантираётган муаммоларни ҳал қилиш бўйича ташаббуслар билан чиқишда Халқ демократик партияси катта имкониятни қўлга киритганини англатади. Ва ўз ўрнида партия дастурининг халқчил эканлигини билдиради.
Парламент ва маҳаллий вакиллик органларига сайланган депутатлар, албатта, биргаликда катта сиёсий куч. Бироқ, тан олиш керакки, демократия инструментлари қуйи тизимларда яққолроқ намоён бўлади. Айнан туман ва шаҳар Кенгашларининг сессиялари одатда танқидий руҳда, кескин баҳслар, муросасиз тортишувлар билан ўтади.
Сайлов ўтди, муносиб номзодлар сайланди. Албатта, энди галдаги муҳим вазифа янгидан шаклланаётган депутатлик бирлашмаларининг фаолиятини самарали йўлга қўйишдир. Хўш, депутатлар бугун нималар ҳақида ўйлаяпти? Уларнинг айни кайфияти ҳақида нима дейиш мумкин? Режалари ҳақида-чи? Шу саволлар билан депутатларимизга мурожаат қилдик.
Аиша РУИДДИНОВА,
Бектемир туман Кенгашига 18-Баркамол сайлов округидан сайланган депутат:
– Ёшлигимдан сиёсатга қизиқардим. Катта минбарларда туриб гапираётган сиёсатчиларга ҳавас қилардим. Бу қизиқиш мени журналистика томон етаклади. Бир неча йилдан буён “Менинг юртим” телеканалида фаолият юритаман. Журналистик фаолиятимда ижтимоий-сиёсий соҳани кўпроқ ёритдим.
Қалбан одамлар томон ошиқардим, улар билан елкама-елка туришга, муаммолари ҳақида гапиришга ҳаракат қилганман. Қизиқишим, мақсадларим мени депутатлик томон етаклади. Катта умид ва ишонч билан номзодимни қўйдим ва сайловчилар танловига кўра, халқ депутатлари Бектемир туман кенгашига ЎзХДПдан депутат бўлдим.
Биласизми, ҳозир ич-ичимдан ҳам қувоняпман, ҳам зиммамда катта масъулият турганини ҳис қиляпман. Бу орқали ўзимда енгилмас жўшқинликни, кучни сезяпман. Журналист, депутат сифатида халқ корига ярашдек имкониятга эга бўлганимдан фахрланиб, кўнглим тўлиб-тошиб кетади. Режаларим жуда катта.
Фаолиятим давомида аҳолининг турли қатлами билан учрашиб, уларнинг қизиқишлари, ўй-хаёллари ва хоҳиш-истакларини ўргандим. Натижада жамиятда ижтимоий масалалар устуворлик касб этишига яна бир бор амин бўлдим. Айниқса, ижтимоий заиф қатлам, ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд кишилар дардини тинглаб, уларга ечим топиш керак, деган хулосага келдим. Пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахслар, ногиронлиги бўлган болаларни тарбиялаётган ота-оналар, кўп болали аёллар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, ёлғиз кексалар ва аҳолининг бошқа заиф қатламлари манфаатлари қонунчилигимизда батафсил акс этишида ташаббускор бўлиш ниятидаман.
Яқинда халқ депутатлари туман Кенгашининг илк сессиясини ўтказдик. Туманимиздаги фаоллар, депутатларнинг қатъиятини, шижоати ва ғайратини кўриб, биз ҳам куч олдик. Ҳудудимизда мавжуд ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг самарали ҳал қилинишида бизга ишонч билдирилди. Энди халқимиз ишончига муносиб бўлишга ҳаракат қиламиз.
Алмахон САДЕКОВА,
Қўнғирот туман Кенгашига 9-Туркистан сайлов округидан сайланган депутат:
– Бу йилги сайловларда иккинчи маротаба депутат бўлдим. Бундан аввалги сайловда ҳам худди шу округдан сайланган эдим. Албатта, бу одамларимизнинг менга нисбатан ишончи баландлигини англатади.
Мустақил ҳаёт остонасида келажагим ҳақида кўп иккиланардим. Спортчи бўлолмайман, санъатга, маданиятга қобилиятим йўқ. Аммо болалигимдан ён-атрофдаги ўзгаришларга, инсонлар, юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси кучли бўлган. Мени депутатликка етаклаган нарса шу, десам ҳам бўлади.
Депутат бўлиб, ҳудудимиздаги муаммоларни ҳал қилиш, одамларимизни ўйлантириб келаётган масалаларга ечим топишга ҳаракат қилдим. Энг муҳими, бу ишдан завқланардим. Айниқса, қандайдир муаммони ҳал қила олсак, одамларнинг қувончи менга янада куч, янада рағбат берарди. Бу орқали озгина бўлса-да, электорат олдидаги мажбуриятимни бажардим, дея ички хотиржамликни туярдим.
Бундан аввалги депутатлик гуруҳимиз билан аҳоли бандлигини таъминлаш, тез тиббий ёрдамдан фойдаланиш, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, кам даромадли оилалар манзилли ижтимоий ҳимояси самарадорлигини ошириш бўйича бир қатор ташаббуслар билан чиқдик.
Шу каби эзгу ишларимиз ва амалий ташаббусларимиз яна давом этади. Депутатликка сайландим, электоратимиз, сайловчиларим манфаати учун қаттиқ бел боғлаб ишга киришдим. Масалан, кам таъминланган оилалар аъзолари, жумладан, ишсизлар, меҳнатга лаёқатли ногиронлар, аёлларнинг тадбиркорлик соҳасидаги фаоллиги ҳамда касаначиликни давлат ва давлат-хусусий шериклик асосида рағбатлантириш тизимини янада такомиллаштириш бугунги куннинг долзарб вазифасидир. Агар улар ўз ишини йўлга қўйиб, барқарор даромад манбаига эга бўлса, ижтимоий ҳимоя учун бюджетдан пул ажратишга ҳожат қолмайди. Аксинча, уларнинг ўзи тараққиётга ҳисса қўшувчига айланади. Бу аҳоли ўртасида боқимандаликни йўқотишга хизмат қилади.
Хуршида ЯХШИЕВА,
Муборак туман Кенгашига 9-Сариқ сайлов округидан сайланган депутат:
– 2016 йилда Қарши давлат университетининг инглиз тили йўналишини тамомладим. Илк фаолиятимни мактабда ўқитувчи сифатида бошладим. Ҳозир Муборак туманидаги 13-мактабгача таълим ташкилоти директори вазифасида ишлайман.
Маҳалламизда бўладиган сайловолди тадбирларда, депутатлар билан учрашувларда кўп қатнашардим. Депутатликка қизиқишим ўша пайтлари бошланган. Бошида ҳали ёшман, эплай оламанми, депутатлик ортида катта масъулият, сайловчи олдида бурчли ва ҳисобдор бўлиш вазифаси турибди, деб бироз чўчидим. Аммо ич-ичимдан депутат бўлиш иштиёқи, истаги жуда кучли бўлган. Ишга бораётганимда йўл-йўлакай муаммоларга кўзим тушса, депутат бўлсам, шу муаммони бартараф этаман, деб ўйлардим. Қаранг, хоҳиш кучли, ният холис бўлган экан, иккиланишни енгдим, депутатликка номзодимни қўйдим. Энг муҳими, менга сайловчилар ишонч билдиришди.
5 йиллик дастуримизда сайловчиларимиз манфаатларини таъминлашга қаратилган бир қатор вазифалар белгиланган. Хусусан, ўз бизнесини бошлаш ниятида юрган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, уларга шароит яратиш, кам таъминланган оилалар фарзандларини олий таълимга кенг жалб этиш масаласи долзарб бўлиб турибди. Шунингдек, аҳолининг ижтимоий манфаатларини ҳимоя қилиш, турмуш даражасини ошириш, эҳтиёжманд қатламларнинг манфаатлари ва ахлоқий қарашларига таъсир кўрсатадиган ортиқча харажатларнинг олдини олиш ҳам муҳим. Яъни, никоҳ тўйлари, юбилейлар, дафн маросимлари ва бошқа оилавий тадбирларни ўтказишда ортиқча харажатлардан, дабдабалардан тийилиш, бу борада тарихан шаклланган маданий қадриятлар ва анъаналаримизнинг асл мазмуни ҳамда аҳамиятига доир тарғибот ишлари самарадорлигини оширишни режалаштирдик.
Нортожи РАҲМОНБЕРДИЕВА,
Чирчиқ шаҳар Кенгашига 24-Шарқ сайлов округидан сайланган депутат:
– Чирчиқ шаҳрида 174 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, уларнинг 105 мингдан кўпроғи сайлов жараёнларида фаол қатнашди. Халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар Кенгашига Ўзбекистон ХДПдан 6 нафар депутат сайланди. Яқинда халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар Кенгаши депутатлар ишчи гуруҳи шаклланди ва тасдиқланди.
Менинг номзодим Чирчиқ шаҳридаги 24-Шарқ сайлов округидан қўйилди. Партия мени халққа танитди. Депутат бўлдим, аслида бу энг катта шараф. Чунки кўпчиликнинг, халқнинг меҳрини, ишончини қозониш – бу катта бахт.
Биламизки, партиямиз ўз дастурий мақсадларини, аввало, ижтимоий ҳимоя, ижтимоий тенглик ва ижтимоий адолат тамойиллари доирасида давлатнинг тегишли ижтимоий мажбуриятларини самарали амалга ошириш каби умуммиллий манфаатлар устуворлигига асосланиб белгилайди.
Сайлов кампанияси даврида мен сайловчиларим билан учрашувда партиямизнинг сайловолди дастуридаги эзгу ташаббус-таклифларини етказишга ҳаракат қилдим. Ўз навбатида бу учрашувлардан катта руҳ, мотивация олдим. Одамларимиз ислоҳотларга бефарқ эмаслигини яна бир бора англадим. Фуқароларимизда сиёсий онг юксалган, сиёсий маданият анча ўсган, ўз ҳақ-ҳуқуқларини яхши билади. Улар берадиган саволлар бизни ўйлантириб қўйган пайтлар ҳам бўлди. Бу нимани англатади? Бизни ана шундай фаол, дунёқараши кенг сайловчилар сайлади, демак, шунга муносиб бўлишимиз керак. Биз уларнинг олдида ҳисобдормиз, ёруғ юз билан сайловчилар ҳузурига бориш учун ишни бугундан, кечиктирмасдан бошлаш керак.
Фикримча, жамиятда барқарорликни сақлаш учун ижтимоий кескинликни юзага келтириши мумкин бўлган муаммоларни тезкор аниқлаш ва ҳал этишнинг таъсирчан механизмларини яратиш мақсадга мувофиқ. Ижтимоий-иқтисодий вазиятни ва электорат кайфиятини тизимли мониторинг қилиб борадиган маҳаллий ва бошланғич ташкилотлари бу механизмнинг муҳим таркибий қисмлари бўлиши лозим.
Мен ҳам ўз депутатлик фаолиятимда билимим, кўп йиллик тажрибамдан фойдаланган холда сайловчиларимни ижтимой-иқтисодий соҳаларда қўллаб-қувватлаб, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимояси йўлида виждонан хизмат қиламан.
***
Очиғи, бугун одамларимизга, жамиятимизга кучли парламент, кучли Кенгашлар керак. Одамларни ўз ортидан эргаштириб, катта ва эзгу мақсадлар сари бошлашга қодир, дадил парламент ва маҳаллий вакиллик органига эҳтиёж бор. Демократиянинг энг муҳим талаби ҳам шу аслида. Чунки бусиз жамият ҳам, одамлар ҳам ўзгариши қийин.
Маҳаллий Кенгашлар ҳаётига назар ташласангиз, улардаги шароит, муҳит, иш тартиби аввалгисидан ўзгарганини кўрасиз. Янги демократик шароитда ишлаётган депутатларнинг дунёқараши, фикри ҳам кечагидек эмас. Энг муҳими, янги таркибдаги депутатлар сиёсий майдонга кучга тўлган, шижоати баланд ҳолда, халқчил сиёсий платформаси такомиллашган ҳолда кириб келмоқда. Бу ўз натижасини кўрсатади, деган умиддамиз!
Лазиза ШЕРОВА,
“Ўзбекистон овози” мухбири.
«Ўзбекистон овози», 13.11.2024, №46