Ҳар бир инсон муҳим!
Ҳар бир инсон муҳим!

 

Дунё шитоб билан ўзгариб бормоқда. Халқининг озод ва фаровон ҳаётини сақлаш йўлида собитқадам давлат борки, бундай шиддатли замон силсиласида глобал иқтисодий буҳронлар оқибатларини юмшатиш, халқаро майдондаги геосиёсий таҳдидлардан ҳимояланиш, инсонпарварлик ҳамда ижтимоий адолат тамойиллари асосида ислоҳотларнинг жадал суръатини таъминлашга интилаётир. Шу билан бирга, инсоният учун ҳаёт-мамот масаласига айланиб бораётган жиддий хатар – иқлим ўзгаришлари таъсири ва хавфларини минималлаштириш учун бел боғлаб курашмоқда.

 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ижтимоий ривожланиш комиссияси томонидан сентябрь ойида эълон қилинган “2024-2026 йилларда жаҳондаги ижтимоий ҳимоя” ҳисоботида келтирилишича, сайёрамиздаги турли инқирозлар кўплаб давлатларнинг ижтимоий сиёсатига сезиларли таъсир кўрсатмоқда.

Дунё аҳолисининг ярмидан кўпи, яъни, 52,4 фоизи ижтимоий ҳимоянинг у ёки бу тури билан қамраб олинган бўлса-да, айни пайтда 3,8 млрд одам давлат кафолатлаши керак бўлган ижтимоий кўмаклардан бебаҳра қолаётгани ҳам ҳақиқат.

“Ижтимоий ҳимоя иқлим ўзгаришларига мослашишнинг асоси ҳисобланади, чунки у қашшоқликка қарши курашиш, ижтимоий инклюзивликни рағбатлантириш ва тенгсизликни камайтириш орқали инсонлар ҳаётини енгиллаштиради”, дейилади мазкур ҳисоботда.

Дарвоқе, халқаро экспертларнинг ўрганишича, ҳозирда дунёда юқори даромадли мамлакатлар(85,9 фоизи)да ижтимоий ислоҳотлар сустлашган бўлса, ўрта (71,2 фоиз) ва ундан паст даромадли (32,4 фоиз) давлатлар бу соҳада мавжуд бўшлиқларни тўлдиришда сезиларли ютуқларга эришмоқдалар. Умуман олганда, 2015 йилдан буён жаҳон миқёсида аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ижтимоий ҳимоя билан қамраб олиш 26,7 фоиздан 37,3 фоизга кўтарилган.

 

Бизда-чи?

Бугун Янги Ўзбекистоннинг эркин бозор муносабатларига ўтиш шароитида ижтимоий адолат ва ижтимоий барқарорликка асосланган халқпарвар сиёсати халқаро минбарларда эътироф этилаётгани кишига мамнуният бағишлайди.

Айниқса, сўнгги йилларда бу соҳада муҳим қадамлар ташланди. Одамларнинг умумкайфиятига таъсир этувчи муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш, ижтимоий кафолатларни, аҳолини ҳар томонлама ҳимоялаш чораларини кўриш давлатимизнинг устувор вазифаларидан бўлиб келмоқда.

Хусусан, ўтган йили янгиланган Конституциямизда Ўзбекистоннинг ижтимоий давлат сифатидаги мақоми мустаҳкамланиб, давлатнинг бу соҳадаги мажбуриятлари қарийб уч баробарга кўпайтирилди. Аҳолининг эҳтиёжманд тоифаларини уй-жой билан таъминлаш, фуқароларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, камбағалликни қисқартириш, кафолатланган тиббий ёрдамга бўлган ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, таълимнинг барча шаклларига ғамхўрлик қилиш, ҳамма учун тенг имкониятлар, оилалар, болалар, аёллар, қариялар, ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга оид давлат мажбуриятлари Асосий қонунимизда аниқ белгилаб қўйилди.

Шундай қилиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий сиёсат аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, даромадлар ва яшаш тарзида кескин тафовутларнинг, тенгсизликнинг олдини олиш, ҳар бир инсон давлатнинг эътибори ва ғамхўрлигидан четда қолмаслигини кафолатлаш мақсадларини изчил рўёбга чиқармоқда.

Мисол учун, пенсия ва ижтимоий нафақалар миқдори минимал истеъмол харажатларидан кам бўлмаган даражага олиб чиқилди. Агар 2017 йилда юртимизда 500 минг эҳтиёжманд оила ижтимоий ёрдам олган бўлса, бугунга келиб ушбу рақам 2,3 миллиондан ошди. Ҳозирда ҳар бир кам таъминланган оила давлат бюджети ва ижтимоий дафтарлар орқали моддий ёрдам олмоқда.

Биргина жорий йилнинг ўзида давлат бюджети жами харажатларининг қарийб 50 фоизи таълим, соғлиқни сақлаш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, фан, маданият ва спортни ривожлантириш, эҳтиёжмандларни уй-жой билан таъминлаш сингари ижтимоий тадбирларга йўналтирилгани ҳам давлатнинг бу соҳадаги мажбуриятларини уддалаётганидан далолат беради.

 

Аввал қийин эди, ҳозир иложи бор

Мамлакатимиз ижтимоий ҳаётидаги салмоқли ўзгаришлар ҳақида сўз юритганда, камбағаллик даражасини қисқартириш чора-тадбирлари ҳақида тўхталиб ўтиш жоиз. Республикамизда барқарор ва юқори иқтисодий ўсиш суръатлари таъминланиши камбағаллик даражасини 2019 йилдаги 23 фоиздан 2023 йилда 11 фоизга қисқартиришга имкон яратди. 2025 йил якуни билан камбағалликни 6 фоизгача камайтириш мақсад қилинди.

Камбағалликка тушиб қолиш хавфи мавжуд қатламлар - ёшлар, аёллар, ногиронлиги бўлган шахсларнинг биринчи галда тобора рақобат муҳитига кириб бораётган меҳнат бозорида ўз ўрнини топишига кўмаклашиш, бунинг учун уларни талабгир касбларга ўқитиш борасидаги ижтимоий дастурлар ўз самарасини бера бошлади. Меҳнатга лаёқатли аҳоли ўртасида ишсизлик даражаси республикамизда 2024 йилнинг бошига нисбатан 1 фоиз пунктга ёки 6,8 фоиздан 5,8 фоизга камайгани бунга яққол далилдир.

Худди шундай, ногиронлиги бўлган 1 миллионга яқин ҳамюртларимиз (16 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар сони эса 100 мингдан ортиқ) учун таълим, бандлик, тадбиркорлик, соғлиқни сақлаш ва бошқа жабҳаларда тенг имкониятларни яратиш, уларни жамиятимизнинг тўлақонли аъзоси, деб тан олувчи ижтимоий норма амалий тасдиғини топиши йўлида қилинаётган ишларнинг ҳам қамрови кенг. Ёки кекса авлод вакилларининг ҳаёт даражаси ва сифатини янада яхшилаш, моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш, уларга ижтимоий хизмат кўрсатишни такомиллаштиришга устувор эътибор қаратилаётганини ҳаммамиз аниқ-равшан кўриб турибмиз.

 

Камбағалликдан фаровонлик сари

Фуқароларнинг ижтимоий ҳимояга оид ҳуқуқларини сўзсиз таъминлаш ва ижтимоий хизматлар сифатини тубдан ошириш ҳамда мазкур соҳага илғор халқаро стандартларга асосланган мутлақо янги бошқарув тизимини жорий қилиш мақсадида давлатимиз раҳбарининг ўтган йили 1 июндаги фармонига мувофиқ Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди. 2023 йил октябрь ойидан бошлаб эса Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳамда туман (шаҳар)ларда «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари очила бошлади.

Маълумотга кўра, мамлакатимизда оғир ҳаётий вазиятга тушган 30 та тоифадаги инсонлар бор. Ногиронлиги бор шахслар, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотганлар, оилада зўравонликка учраган аёллар шулар жумласидандир. Турли вазирликлар томонидан тарқоқ ҳолда амалга ошириб келинган ижтимоий хизматларнинг бирлаштирилиши, соҳада ягона давлат сиёсатини юритувчи органнинг ташкил қилиниши ана шу эҳтиёжманд инсонларга зарур ёрдамларни кўрсатишни янги босқичга олиб чиқди.

Атиги бир йил ичида жойларда очилган “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари маҳалла даражасида ҳар бир хонадон аҳволини ўрганиб, оилалардаги ҳақиқий ҳолатни ҳамда уларнинг ижтимоий хизматлар ва ёрдамга бўлган эҳтиёжини аниқлаш, оилаларнинг ижтимоий паспортларини шакллантириш борасида ютуқларни қўлга киритди.

Президентимизнинг шу йил 23 сентябрдаги фармони билан “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури қабул қилиниши эса Ижтимоий ҳимоя агентлиги ва жойлардаги “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари фаолиятида янги саҳифа очди, десак янглишмаймиз.

Демак, 2024 йил 1 ноябрдан бошлаб юқорида келтирилган дастурни “Камбағал оилалар учун еттита имконият ва масъулият” тамойили асосида амалга оширишга киришилди. Шунинг ҳисобидан жорий йилнинг қолган даврида 500 минг, 2025 йилда 1 миллион нафар аҳолини камбағалликдан чиқариш мўлжалланмоқда. Бунда маҳаллаларда тадбиркорликни ва томорқа деҳқончилигини ривожлантиришдан тортиб, камбағал оилалар фарзандларининг замонавий билимларни эгаллаши ва касб-ҳунар ўрганиши учун имкониятлар яратиш, маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантиришгача бўлган аниқ мақсадларни амалиётга йўналтириш кўзда тутиляпти.

 

Ҳеч бир бола тақдирига бефарқ бўлолмаймиз

Айнан “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурида ижтимоий етимликнинг олдини олиш, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга индивидуал ёндашув асосида оилага яқин муҳитда ғамхўрлик кўрсатиш ҳамда тарбиялаш вазифалари ҳам белгиланди.

Президентимизнинг ўтган ҳафтада ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни тарбиялаш, ногиронлиги бўлган шахсларни спортга жалб этишга оид таклифлар тақдимоти билан танишуви чоғида ушбу вазифаларнинг ижросини кечиктирмаслик зарурати таъкидланди.

 

Акмал Умаралиев,

ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси:

- Халқимиз тийнатидаги болажонлик бугунга келиб давлатимиз олиб бораётган ижтимоий сиёсатда ўз ифодасини топаётганини фахр билан айта оламиз. Болапарварлик, яъниким, болаларни ҳар қандай вазиятда ва ҳар томонлама ҳимоя қилиш, бу борада миллий, умуминсоний қадриятларни амалиётга татбиқ этиш қонун ҳужжатларимизда ҳам, давлатни ривожлантириш дастурларида ҳам акс этмоқда. Ҳар қандай соҳа истиқболини белгилашда айнан ўсиб келаётган авлод – болалар манфаати нуқтаи назаридан ҳақчил ёндашувлар мавжудлигини кўрамиз.

Бироқ бугунги кунда кўплаб мамлакатларда ихтисослаштирилган муассасаларга жойлаштирилган болалар сони кўпайиб бораётгани ва улар бу муассасаларда зўравонликнинг турли шаклларига дуч келаётгани ёхуд эътиборсиз қолаётгани сир эмас. Болаларнинг оилавий муҳитга бўлган ҳуқуқларини кафолатлаш нақадар долзарб экани сабаби ҳам шунда. Чунки оила бола учун энг ишончли қўрғондир.

Жамиятимизда турли сабабларга кўра ўз фарзандини ижтимоий муассасаларга топшираётган, бошқача айтганда, боласидан воз кечадиган ота-оналар ҳам, афсуски, йўқ эмас. Ва кўп ҳолларда бу ота-оналар айни қилмишига камбағаллик важини келтирадилар.

Президент ҳузурида ўтказилган тақдимотдан маълум бўлдики, эндиликда фарзандларни оиланинг камбағаллиги туфайли Меҳрибонлик ва Болалар уйларига жойлаштириш амалиёти бекор қилинади. Камбағал оила вакиллари ишга жойлашган тақдирда, боласи уч ёшга тўлгунча боғча харажатлари учун Ижтимоий ҳимоя жамғармасидан компенсация берилади. Болалар уйларида “Оналар маскани” ташкил этилиб, унда боласидан воз кечмоқчи бўлган оналар жойлаштирилади. Уларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий хизматлар кўрсатилади, оналик кўникмалари ўргатилади ҳамда касб эгаллашига кўмаклашилади. Буларнинг бари пировардида бир мақсадга – боланинг оила муҳитида яшаш ҳуқуқини таъминлашга хизмат қилади.

Шу билан бирга, оғир ҳаётий вазиятга тушган болалар “Инсон” маркази томонидан оилавий болалар уйига жойлаштирилади. Тарбияга бериладиган болалар учун индивидуал ривожланиш режаси ишлаб чиқилади. Етим болаларни аниқлаш, уларни тарбияга олиш истагини билдирган шахслар маълумоти “Ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимида юритилади. “Инсон” марказлари болаларнинг қонуний вакили этиб белгиланади ҳамда ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилади.

Шунингдек, бу марказлар тарбияга берилган болаларнинг турмуш шароитини, ёрдамларнинг мақсадли ишлатилишини ва тарбияга олган шахслар мажбуриятларини мониторинг қилиб боради.

Оилавий болалар уйини ташкил этган фуқаролар ўзини ўзи банд қилган шахслар сифатида белгиланади. Тутинган оилаларда тарбияланаётган болаларга умумий ўрта ва ўрта махсус таълимни тугатгунича яшаш ва парваришлаш харажатлари тўланади.

Шубҳасиз, давлатимиз олдида турган бу устувор вазифаларни изчил амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий базасини такомиллаштиришда, ижро этувчи органлар фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини қарор топтиришда кучли ижтимоий сиёсат тарафдори бўлган Халқ демократик партияси ҳам фаол ва илғорлар қаторида бўлади. Ўсиб келаётган авлод манфаатларини ҳар томонлама ҳимоялашга, ижтимоий тараққиётга хизмат қилувчи қонунчилик ташаббуслари билан майдонга чиқишда давом этади.

 

Инклюзив жамиятга хос

Малика Рашидова,

ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи:

- Бугунги кунда дунёнинг ривожланган давлатларида инклюзив жамият тушунчаси кенг тарқалган. Ҳар қандай мамлакат юксак тараққиётга эришиши учун унда яшовчи ҳар бир шахс фаол фуқаролик позициясини эгаллаши шарт. Айнан шу меъёр ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳам жамиятдаги фаоллиги ошиб боришида ўз тасдиғини топади.

“Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда, уларнинг ҳаётда ўз ўринларини топишида яқиндан кўмакдош бўлаётгани қувонарли. Бу тоифа инсонларнинг касб-ҳунар ўрганиши, ишга жойлашиши, ижтимоий ёрдамлардан фойдаланишини тартибга солишда “Инсон” марказларининг таъсири катта бўлмоқда.

5 ноябрь куни ўтказилган тақдимотда ногиронлиги бўлган шахсларни спортга жалб этиш юзасидан ҳам пухта таклифлар илгари сурилгани яна бир аҳамиятли жиҳатдир.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда юртимизда 25 минг нафар ногиронлиги бўлган шахслар йигирмага яқин параспорт тури билан шуғулланиб келмоқда. Паралимпиячиларимизнинг сўнгги йилларда халқаро спорт ареналарида мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилаётгани ана шу юксак эътибор ва имкониятларнинг натижаси, албатта.

Тақдимотда ногиронлиги бўлган шахсларни спортга янада кенгроқ қамраб олиш чора-тадбирлари санаб ўтилди. Давлат спорт мактабларида адаптив спорт бўйича гуруҳлар ташкил этиш, маҳаллалардаги майдончаларни ногиронлиги бўлган шахсларга ҳам мослаштириш, “ERP-sport” электрон тизимида уларнинг алоҳида ҳисобини юритиш орқали имкониятларига мос спорт турларини таклиф этиш шулар сирасига киради. Адаптив жисмоний тарбия ва спорт мутахассисларини тайёрлашга ҳам эътибор кучайтирилиши, бу йўналишда халқаро мусобақаларда ғолиб бўлганлар ҳамда уларнинг мураббийларини моддий рағбатлантириш тизими жорий қилиниши айни муддао.

Давлатимиз раҳбари бу борадаги қонунчиликни такомиллаштириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга қулайликлар яратиш бўйича кўрсатмалар берди. Бу биз, депутатлар зиммасига катта масъулият юклаши табиий.

Халқ демократик партияси ҳар доим ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ-манфаатларини қатъий туриб ҳимоя қилиб келади. Бу бизнинг ижтимоий адолат тамойилларига содиқлигимизни билдиради. Айтгандай, янги Сайловолди дастуримизда ҳам ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ-манфаатларига алоҳида эътибор қаратилганки, бу борадаги таклиф-ғояларимизнинг амалга ошиши жамиятнинг инклюзивлигини таъминлашга замин яратади.

 

Абдитолиб ХОЛДОРОВ,

Жиззах вилояти Дўстлик туманидан:

- Кўп йиллар давомида қурилиш соҳасида ишлаганман. Меҳнатим ортидан рўзғоримни кас-кўстсиз тебратардим. Бир нафар фарзандим бор.

Аммо одам эртага нима бўлишини билмас экан. Соппа-соғ юрган ҳолатингда бирдан ярим жон бўлиб қолиш инсонни чорасиз, тушкун аҳволга солиб қўяркан. 2018 йили кутилмаганда умуртқа поғонамдаги касаллик туфайли II гуруҳ ногирони бўлиб қолдим. Лекин оилани боқиш керак. Кўпдан таниш бўлган фермер хўжалигига ишга кирдим, турмуш ўртоғим Дилбар эса туман ободонлаштириш бўлимида меҳнат қилди. Уй-жойимиз ҳам йўқ, ижара пули, рўзғор ташвиши туфайли даволанишга маблағ топа олмасдим. Мана шундай қийинчиликдаги ҳар бир кун йилдай узоқ туюларди. Ўзим этикдўзликка қизиқаман, анча-мунча қўлим келади. Лекин бу иш билан шуғулланай десам, шароитим йўқ.

Хуллас, мана шундай оғир кунларнинг бирида туманимиздаги “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази вакиллари уйимга келиб, оилавий ҳолатимни ўргандилар. Уларнинг кўмагида этикдўзлик билан шуғулланиш учун керакли ускуналарни олдим, устахона очдим. Шу билан бирга “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан даволаниб ҳам чиқдим.

“Инсон” маркази ёрдами туфайли яна бир бор ҳаётга қайтдим. Энди мен ҳам соғлом инсонлар қаторида ишлайман. Асосийси, кунлик даромадим бор. Рўзғоримга хотиржамлик, барака кирди. Келажакда ёшларни шогирдликка олиб, иш фаолиятимни кенгайтиришни мақсад қилиб турибман.

 

Алишер ГУЛЯМОВ,

ЎзХДП Тошкент шаҳар Кенгаши партия фахрийлари кенгаши раиси:

- “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларининг очилиши биз, кексаларнинг ҳам узоғини яқин, мушкулини осон қилгани рост. Авваллари пенсия ёки бошқа ижтимоий ёрдам масаласида идорама-идора сарсон бўлардик. Тақиллатадиган эшигимиз кўп бўларди. Бугун эса ҳар қандай ижтимоий ҳимоя ва бирор ёрдам масаласида фақат битта эшикни тақиллатяпмиз.

“Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ишида очиқлик ва қонунийликнинг устунлиги, аҳоли учун, шу қатори кексалар учун барча қулайликларнинг инобатга олинганидан мамнунмиз.

Давлатимиз томонидан олиб борилаётган ижтимоий ислоҳотларнинг жойларда ўз ижросини топишида “Инсон” марказларининг ўрни бўлакча. Шу билан бир қаторда ижтимоий ислоҳотларнинг манзилли ва самарали бўлиши учун жамоатчилик назорати ҳам керак.

Биз, кексалар ижтимоий ҳаётда фаол бўлсак, мана шундай жамоатчилик назорати тадбирларида иштирок этсак, бу билан ҳам ёш авлодга намуна бўламиз, ҳам жамиятимиз ривожига ўз ҳиссамизни қўшамиз.

 

Фарида МАҲКАМОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 13.11.2024, 46

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш