Қонунчилик палатасининг биринчи мажлисида қатнашар эканман, эзгу ўйлар хаёлимдан ўтди. Президентимиз таъкидлаганидек, ҳар қандай сайлов давлат ва жамият учун муҳим сиёсий жараён. Айниқса, жаҳондаги бугунги кескин ва таҳликали вазиятда бундай умумхалқ тадбирларини ўтказиш янада катта масъулият талаб этади. Дунёдаги мураккаб даврда сайловларни осойишталик шароитида, эмин-эркин ўтказилгани юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорлик ифодаси, албатта. Бу бебаҳо бойлигимиз, яъни осойишта ҳаётимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, мустаҳкамлашимиз зарур.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутати сифатида буни янада чуқур англаб турибмиз. Бизнинг камтарона меҳнатимизга халқимизнинг юксак баҳоси ва билдирган ишончидан бошимиз кўкка етганидек, зиммамиздаги масъулият юкини ҳам қалбдан ҳис қиляпмиз.
Халқимизнинг сиёсий тафаккури тубдан ўзгарди. Сиёсий партияларнинг жамият ҳаётидаги роли ва иштироки кучайди. Буларнинг барчаси аралаш сайлов тизимини жорий этишга мустаҳкам замин яратди. Кўплаб давлатларда бундай ислоҳотларни ўтказиш учун ўн йиллар керак бўлган. Шу маънода, Ўзбекистон аралаш сайлов тизимини қисқа фурсатда, дадил жорий этишга эришган кам сонли мамлакатлардан бири, дейишга муносибдир.
Умуман, мажлисда айтилган ҳар бир фикр, билдирилган таклиф ва мулоҳазаларда ҳаётий ҳақиқатлар мужассам. Муҳими, йиғилишда иштирок этган депутатлар ўз устида тинимсиз ишлаши кераклигини яна бир бор мақсад қилиб олганига шубҳа йўқ. Шулар қаторида мен ҳам, ўзимга режалар белгилаб олдим. Одамларнинг кайфиятига ижобий таъсир қилувчи, партиямиз электорати манфаатларига мос, сайловчилар ишончини оқлашга қаратилган ишларни кучайтириш ҳақида бир қанча фикрлар туғилди. Ўйлайманки, дастурий ташаббусларимизни ҳаётга изчил тадбиқ этишда фракциямиз билан ҳамжиҳатликда самарали фаолият юритамиз.
Зокиржон ЗОҲИДОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.