Халқимизнинг сиёсий-ҳуқуқий фаоллиги ҳамда дахлдорлиги ошган даврда ўтган ушбу сайловда Халқ демократик партияси юз минглаб аъзолари, миллионлаб хайрихоҳларининг қўллаб-қувватлашига таянган ҳолда, фаол қатнашди. Сайловнинг барча босқичларида ҳуқуқ ва ваколатлар ҳамда яратилган шароитдан самарали фойдаланишга ҳаракат қилди.
Сайловолди учрашувларда халқимизнинг сиёсий партияларга, депутатларга нисбатан талабчанлиги ошганига гувоҳ бўлдик. Бу ўз навбатида партиямиз сайловолди дастурини бор куч-имкониятимизни сафарбар этиб амалга оширишга ундайди.
Президентимиз партиямиз сайлов кампанияси давомида илгари сурган ҳамда халқимиз қўллаб-қувватлаган 2 та энг муҳим масалага эътибор қаратдилар. Қайд этилганидек, ногиронлиги бўлган шахсларнинг шароитлари яхшиланиши жамиятимизнинг инклюзивлиги учун жуда муҳим. Бунинг натижасида имконияти чекланган юртдошларимизга тенг ҳуқуқий шароитлар юзага келади.
Халқ демократик партияси ҳар доим ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоя қилишга интилади. Ҳамиша ўз дастурларида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаётини яхшилаш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ташаббусларни илгари суриб келади.
Партиямиз дастурида Ногиронлар учун объектлар ва хизматларнинг қулайлиги миллий стандартларини ишлаб чиқиш ҳамда “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонунининг алоҳида қисми сифатида қонун даражасида мустаҳкамлаш масаласи ўрин олган. Бу орқали аввало миллий қонунчилигимиз БМТнинг Ногиронлар учун тенг имкониятларни таъминлаш бўйича стандарт қоидаларига тўлиқ мувофиқлаштиришга эришилади.
Қолаверса, ногиронлиги бўлган шахслар ҳаракатланиши учун қўшимча имкониятлар яратиш, шу жумладан, темир йўл вокзаллари, аэропорт ва шоҳбекатларда кўзи ожизлар учун электрон ахборот эшитиш мосламаларини, светофор ва махсус йўлакларда ногирон шахсларни огоҳлантирувчи овозли электрон жиҳозларни ўрнатиш ҳам мақсад қилинган.
Ногиронлиги бўлган инсонларга қулай муҳит ва шароитлар яратилиши муҳим. Улар ҳам ижтимоий ҳаётнинг фаол қатнашчиси бўлиши, ўз қобилиятларини намоён қила олиши лозим. Ҳар қандай мамлакат юксак тараққиётга эришиши учун унда яшовчи ҳар бир шахс фаол фуқаролик позициясини эгаллаши шарт. Имкониятлар кенгайиши ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳам жамиятимиздаги фаоллигини янада ошириш учун айни муддао бўлади. Чунки инклюзивлик аввало ҳаракат учун имконият дегани. Ҳаракатланиш, таълим, ҳунар ўрганиш имкониятлари кенгайса, табиий равишда уларнинг ҳуқуқлари амалга ошади.
Пенсия билан боғлиқ таклифларни ҳам сайловчилар интиқлик билан кутяпти. Фракциямиз Ҳукуматдаги ишчи гуруҳ билан бирга ҳамкорликда ишлаб, сайловолди дастуримиз ижросини амалга оширишга астойдил ҳаракат қилади.
Айни пайтда бутун дунёда, жумладан, юртимизда ҳам ўртача умр кўриш кўрсаткичи ошиб бормоқда. Йил сайин сафи кенгайиб бораётган кексаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, Конституциямизда белгиланганидек, ҳар ким қариганда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқини кафолатлаш давлат ресурсларига эҳтиёжни оширмоқда. Бу эса пенсия тизимини кенг кўламли ислоҳ қилиш, пенсия тайинлаш шартларини қайта кўриб чиқиш, тизимнинг молиявий барқарорлигини таъминлаш борасида жиддий қадамлар ташлашни тақозо қиляпти.
Ҳозирги кунда мамлакатимизда Пенсия жамғармасидан нафақа олувчилар сони 4 миллиондан ошган. Уларнинг ҳаёт даражасини яхшилаш, ижтимоий фаоллигини ошириш, эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш учун пенсия таъминотидаги мавжуд муаммоларни ечишда партиямиз ўз ташаббусларига эга.
Мисол учун, узоқ йиллар олдин собиқ жамоа хўжалиги ва ширкат хўжалигида меҳнат фаолиятини юритган фуқароларнинг ана шу меҳнат даврларини пенсия тайинлашда тўлиқ йил сифатида инобатга олиш, аёлларнинг фарзандлари уч ёшга тўлгунча туғуруқ таътилларида бўлиш вақтини иш стажига тўлиқ қўшиб ҳисоблаш таклифларини илгари сурганмиз.
Шу ўринда бир масалани тан олишимиз керак, яъни пенсионерлар ўзларининг жамғариб борилаётган пулини бошқариш тизимида иштирок этмайди. Партиямиз жамғариб борилаётган маблағларни бошқариш тизимини йўлга қўйиш ва унда бевосита пенсионернинг ўзи иштирок этиши керак, деб ҳисоблайди. Масалан, фуқароларга шахсий жамғариб борилаётган пенсия маблағларини бошқариш, уларни онлайн равишда кузатиш, банкка депозитга қўйиш орқали кўпайтириб бориш имкониятини бериш орқали тизимда шаффофликни таъминлаш мумкин.
Бундан ташқари, пенсияга чиқиб, камида беш йил ишлаб, даромад солиғи ва ижтимоий солиқни тўлаган пенсионерлар учун муқаддам тайинланган пенсияни қайта ҳисоблаб, оширилган миқдорда тайинлаш имкониятини бериш ва пенсия ёшини ўзгартирмасдан сақлаб қолиш бўйича юритилаётган сиёсатни давом эттириш тарафдоримиз.
Мажлисда белгиланган устувор йўналиш ҳамда вазифалар келгуси беш йиллик фаолиятимиз учун дастуриламал бўлади. Ҳаётий ташаббусларнинг амалга ошиши халқимиз фаровонлигига хизмат қилади.
Улуғбек ИНОЯТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон ХДП фракцияси раҳбари.