Давлатимиз раҳбари белгилаб берган ҳар бир вазифа замирида оддий ва ҳаётий, исбот талаб этмайдиган ҳақиқатлар турганини англадим. Бугунги парламент ислоҳотлари халқимиз истаги ва хорижий давлатлар тажрибасига мос келаётганига яна бир бор гувоҳ бўлдим. Парламент фаолиятини янада кучайтириш, юртимизнинг эртанги куни, олдимиздаги энг муҳим вазифалар ҳақида чуқур таҳлилга асосланган мулоҳазалар илгари сурилди.
Нутқни залда катта ҳаяжон билан тингладим, сабоқ олдим, ўзимга хулосалар чиқардим. Унда парламентнинг жамиятда тутган ўрни ва таъсирини ошириш ҳақида концептуал характерга эга теран фикрлар баён этилди. Чиндан ҳам, янги давр учун янги ғоя ва ташаббуслар керак, янги натижалар зарур.
Энг муҳим масалалар қаторида парламент назоратини кучайтириш вазифасига эътибор қаратилди. Парламент назорати, аввало, сиёсий назоратдир, унинг оқибати ҳам сиёсий масъулият билан боғлиқ бўлиши кераклиги таъкидланди.
Парламент фаолиятида ютуқлар билан бирга эътибордан четда қолган масалалар бўлгани ҳам қайд этилди. Биз депутатларни вазирлик ва идораларнинг харажатлари устидан кучлироқ назорат ўрнатишга чақирди. Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, парламент назорати тўлақонли таъсирчан институтга айланди, деб ҳозирча айтиб бўлмайди. Парламент ва депутатлик назорати ижтимоий соҳа билан чекланиб қолмоқда.
Янгиланган Конституцияга кўра, Давлат бюджети ижроси устидан назоратни амалга ошириш Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатига киради. Бу муҳим ваколат депутатлар зиммасига катта масъулият ҳам юклайди.
Тўғри, биз парламентда бир неча йилдан буён бюджетнома шаклидаги қонунни кўриб, тасдиқлаяпмиз. Лекин унинг ижроси бўйича “қанча пул қаерга сарфланди?” деган умумийроқ саволлар билан чегараланиб қолиш ҳолатлари бўлади.
Ҳақиқатан ҳам, авваламбор, бюджет ижросига нисбатан танқидий ёндашувни кучайтиришни, масъул вазирлик-идоралар раҳбарлари зиммасига шахсий жавобгарликни юклаш, очиқ ва таъсирчан чоралар кўриш масаласини кечиктириб бўлмайди. Бу Давлат бюджети ижросидаги камчиликларни бартараф этишда муҳим аҳамиятга эга, деб ўйлайман.
Нутқни тинглай туриб, ҳар биримиздан фидойиликдан ташқари шиддаткорлик, ўз фаолиятини ақл ва илм билан, албатта, халқ фикри асосида ташкил этиш кўникмалари талаб қилинаётганини англадим.
Давлатимиз раҳбари қуйи палатанинг янги таркиби қайд этилган масалалар бўйича янгича ишлашига умид билдирди. Олдинги йиллардаги депутатлик фаолиятимда тўплаган тажриба ва кўникмалардан келиб чиқиб, бугунги давр талабини ҳис қилиб, ишончни оқлашга, кучли ва синчков парламент шаклланиши учун муносиб ҳисса қўшишга қўлимдан келганча ҳаракат қиламан.
Муқаддас ЎРОЗАЛИЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
ЎзХДП фракцияси аъзоси.