Мукаммал ва ҳаётий қонунлар қабул қилиш бурчимиз
Мукаммал ва ҳаётий қонунлар қабул қилиш бурчимиз

 

Қонунлар жамият устуни, демак мукаммал ва ҳаётий қонунлар қабул қилиш, адолатли жамият барпо этишга бурчлимиз, бу зиммамиздаги бирламчи вазифа. Давлатимиз раҳбарининг нутқини тинглаб, шулар ҳақида ўйладим. Айни вақтда фаолиятимизни янада кучайтириш, янги ўзгаришлар остонасида турганимизни ҳис қилдим.

Президентимиз тўғри таъкидлади – янги даврда парламент қуйи палатаси ғоялар генераторига, соғлом рақобат, баҳс ва мунозаралар майдонига айланиши керак. Жойларда аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича дастурларни ишлаб чиқишда парламентнинг фаол иштирок этиши муҳимлиги қайд этилди. Сайловчилар билан мулоқотлар пайтида билдирилган фикр-мулоҳазалар, амалий таклиф ва ташаббуслар асосида биз дастурларни янада такомиллаштириш устида иш олиб боришимиз керак, деб ўйлайман.

Фуқароларнинг ташаббусларини фаол қўллаб-қувватлаш мақсадида Президент Қонунчилик палатаси ҳузурида Жамоавий ташаббуслар бўйича парламент комиссиясини ташкил этиш таклифи чуқур маънога эга. Чунки, мамлакатимизнинг тақдири ва фаровонлиги билан боғлиқ устувор масалаларни ҳал этишда кенг жамоатчилик, ҳар қайси фуқаронинг фикри ўта муҳимдир. Бу халқчил давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш, инсон қадр-қимматини таъминлашга хизмат қилади.

Албатта, ҳар бир саъй-ҳаракат, ислоҳот замирида парламентни ҳақиқий халқ уйига, юқори самара билан ишлайдиган тизимга айлантириш истаги мужассам. Ислоҳотларимиз суръатини пасайтирмасдан, шиддат билан ривожланаётган замонга мос ҳаракат қилсак, кўзланган натижага эришамиз. Биз ана шу ҳал қилувчи тамойилни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз керак.

 

Анвархон ТЕМИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш