Парламент қутлуғ маскан. Бу ерда мамлакатимиз равнақи йўлида муҳим қонун ва қарорлар қабул қилинади. Ушбу нуфузли даргоҳга кирар эканман, юксак ишончга муносиб бўлиш масъулиятини янада чуқурроқ ҳис қилдим.
Президентимиз ўттиз етти миллиондан ортиқ аҳолига эга Ўзбекистондек катта давлатнинг парламенти аъзоси бўлиш улкан шараф эканини таъкидлади.
Шундай ҳаяжонли дақиқаларда бир фикрни алоҳида таъкидлашни истардим: мақсад муҳим, ижро, эришиш ундан ҳам муҳим. Президентимизнинг парламент минбарида туриб, айтган ҳар бир таклифи, вазифаси биз учун дастуруламалдир. Кўтарилган ҳар бир масала аниқ ва ўринлидир.
Депутатларнинг сайлов округидаги фаолияти асосан учрашувлар ташкил этиш, шикоят ва саволларга расмий жавоб беришдан иборат бўлиб қолаётгани, ислоҳотларнинг муҳим қисми бўлган камбағалликни қисқартириш масаласида депутатларимиз ҳали ўз ўрнини топа олмагани таъкидланди.
Камбағалликни қисқартириш, аҳолининг даромад манбаларини мустаҳкамлаш, халқимиз ҳаётини тубдан яхшилаш ҳаммамизнинг муҳим вазифамиздир. Бунинг учун, албатта, яратувчанлик, бунёдкорлик руҳида яшаётган одамларимизнинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришга ўзимизни масъул ҳисоблашимиз керак.
Бу борадаги танқидий фикрлардан тўғри хулоса чиқариб, яхши натижа учун ишлашга бор куч-ғайратимизни бағишлаймиз.
Ибо НАРИЗОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
ЎзХДП фракцияси аъзоси.