Муқаддас бурчимиз
Муқаддас бурчимиз

 

Авваламбор, айтиш керакки, янги чақириқ Олий Мажлис Сенатининг биринчи мажлиси танқидий-таҳлилий руҳда ўтди. Ютуқлар эътироф этилди, лекин асосий эътибор юқори палата фаолиятини янги босқичга чиқариш, жойларда маҳаллий Кенгашлар ролини ошириш масалаларига қаратилди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, конституциявий ислоҳотлар натижасида Сенат таркиби ихчамлашиб, унинг аъзолари сони 100 нафардан 65 нафарга қисқарди. Айни вақтда сенаторларнинг ваколатлари ва масъулияти бир неча баробар ошди. Хусусан, юқори палатанинг парламент назорати ва бир қатор муҳим давлат органларини шакллантиришдаги иштироки сезиларли равишда кенгайтирилди. Сенатга ҳам қонунчилик таклифи киритиш ҳуқуқи берилди.

Ушбу мажлисда Президентимизнинг нутқи биз, янги таркибдаги Сенат аъзоларига келгуси беш йил давомидаги фаолиятимизнинг асосий йўналишларини кўрсатиб бергани айни ҳақиқат.

Англаб, ҳис қилиб турибмизки, бугунги мураккаб давр барчадан ўз ишини танқидий баҳолаб, уни бутунлай янгича ташкил этишни тақозо этмоқда. Шу нуқтаи назардан мажлисда Сенат олдида турган долзарб вазифалар бир­ма-бир санаб ўтилдики, уларнинг ҳар бири фаолиятимиз “йўл харитаси”нинг негизи ҳисобланади.

Қонунларда ҳудудий ва умумдавлат манфаатлари уйғун бўлишига эришиш, уларни муҳокама қилишда янгича механизмларни жорий этиш, маҳаллий Кенгашлар фаолиятига ҳар томонлама кўмаклашиш, маҳаллий Кенгашларнинг қарорлари қонунчиликка мувофиқ бўлишини таъминлаш, бу борада очиқлик ва шаффофликни, қонунийликни таъминлаш бўйича самарали тизимни яратиш шулар жумласидандир.

Маълум бўлишича, Сенатнинг ҳар бир қўмитаси жойлардаги муаммоларни ўрганиш ва уларнинг ечими юзасидан ўтган беш йил давомида ўртача 37 тадан назорат-таҳлил тадбири ўтказган. Лекин назорат тадбирлари кутилган натижа беряптими, улардан кейин жойларда аниқ бир муаммо ўз ечимини топяптими, деган савол сенаторларни ўйлантириши кераклиги, қўмиталардаги эшитув институти асосларини қонун даражасида мустаҳкамлаб қўйиш вақти келгани айтилди. Очиғи, бу кўнглимиздаги гаплар эди.

Бугун Янги Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрни яхшиланиб бораётгани қувонарли. Мамлакатимиз рейтинги қонун устуворлиги бўйича 8, электрон ҳукумат бўйича 18, иқтисодий эркинлик бўйича 49, логистика ва инновация бўйича 10 поғона юқори кўтарилгани ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Бу ютуқлар ва улар ортида турган дадил ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини халқимизга, хорижий ва маҳаллий экспертларга етказишда сенаторларимиз фаол бўлишга чақирилди.

Мамлакатимиз ҳаётида, Сенат фаолиятида янги, ёрқин саҳифа очишимизга умид билдирилди. Бу умид бизга қанот ва масъулият бағишлайди.

 

Малика ҚОДИРХОНОВА,

Олий Мажлис Сенати аъзоси.

«Ўзбекистон овози», 20.11.2024, 47

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш