Маҳаллий Кенгашлар фаолиятида янги давр
Маҳаллий Кенгашлар фаолиятида янги давр

 

Бугунги сенатор ким, унинг асосий миссияси нималардан иборат бўлади? У яқин беш йилда ўз олдига қандай мақсадларни қўйиши керак? Замон жуда тезкорлик билан ўзгаряпти, ахборот технологиялари ривожининг кўламини кўриб ақлимиз шошади, баъзан. Шу маънода янги Сенат, унинг ҳар бир аъзоси олдида ҳам бутунлай янги форматда янгича ишлаш масъулияти кўндаланг турибди.

Аввало, шуни алоҳида таъкидлаш керакки, сенатор халқнинг вакили, бўлганда ҳам аксарият сенаторлар маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатлар орасидан иккинчи бор сайланиб шу мақомга эришишди.

Демак, бизнинг бир кўнглимиз ўша бизнинг номзодимизга овоз берган ҳудуд аҳлининг орзу-истаклари, яшаш тарзининг ўзгариши, онгу тафаккурига замонавий талаб ва тушунчаларнинг етиб бориши билан боғлиқ бўлиб туриши лозим.

Мажлисда давлатимиз раҳбари маҳаллий Кенгашлар фаолиятида чин маънода янги давр бошланаётганини алоҳида таъкидлади. Янги сайланган маҳаллий Кенгашлар таркиби ва мақомига кўра олдинги ҳолатдан мутлақо фарқ қилиши, уларнинг таркиби қарийб 60 фоизга янгиланиб, 3 мингдан ортиқ юртдошларимиз илк бор депутат бўлгани айтиб ўтилди. Кенгашларда аёл депутатлар улуши 32 фоизга етиб, 30 ёшгача бўлган депутатлар сони 3,5 карра ошгани эса яна бир ютуқли жиҳат, албатта.

Ўтган йили янгиланган Конституциямиз асосида маҳаллий Кенгашлар қарорлари қонунчиликка мувофиқ бўлишини таъминлаш бўйича юқори палатанинг масъулияти бир қадар оширилди. Ўтган йилнинг ўзида ушбу давлат ҳокимияти вакиллик органлари томонидан 34 минг 400 та қарор қабул қилингани уларнинг қонун билан белгиланган ваколатлари доирасида тизимли иш олиб борганидан далолат беради.

Маҳаллий Кенгашларга энди вилоят даражасида ҳокимлар раислик қилмайди. Бу эса айни Кенгашлар ишининг янада халқчил бўлишига хизмат қилиши лозим. Мақсад шундай. Шу мақсадлардан келиб чиқиб бундан буён Сенат қонун лойиҳалари борасидаги муҳокамаларни нафақат тегишли соҳа мутасаддилари, балки ҳудудлардан Кенгаш вакиллари билан биргаликда ўтказиши лозимлиги қайд этилди. Бу эса айни қабул қилинажак қонунларнинг реал ҳаётга мос бўлишини, бевосита ҳаёт реалликларини инобатга олишини таъминлайди. Қолаверса, бу билан аслида Сенат фаолиятининг асосий йўналишларидан бири ҳудудий ўзига хосликларнинг инобатга олиниши ҳам таъминлайди.

Бу қарийб 30 йиллик орзунинг рўёбга чиқиши сифатида баҳоланаётган янгилик. Юртбошимиз бу тажрибанинг чуқур таҳлиллари ва натижасининг самарадорлигидан келиб чиқиб яқин йилларда туман ва шаҳар Кенгашларига ҳам ҳокимларнинг раислигидан воз кечиш кўриб чиқилишини қайд этди.

Бугун дунё миқёсида инсоният дуч келаётган глобал муаммолар ортса ортяптики, чекингани йўқ. Турли минтақалардаги қонли тўқнашувлар, экологик ва техноген фожиалар, иқлим ўзгаришлари, иқтисодий инқирозлар, терроризм ва экстремизм таҳдидлари жамиятда бемалолчилик кайфиятига узил-кесил нуқта қўйишни тақозо қилмоқда. “Мана шундай таҳликали вазиятда фақат кучли ирода, бирлик ва ҳамжиҳатлик, қаттиқ меҳнат билангина юртимизда тинчлик ва тараққиётни таъминлашга эриша оламиз”, деди Президентимиз.

Шуниси аниқки, сайловчилар ишончига кириш, халқ вакили, деган номни оқлаш - бу чинакам фидойилик, юртпарварлик, инсонпарварлик фазилатларига ҳар қандай ҳолатда ҳам содиқ қолиш демакдир. Мана шу йўлни танлаган ҳар бир сафдошимга муваффақият тилайман.

 

Ҳусан ЭРМАТОВ,

Олий Мажлис Сенати аъзоси.

«Ўзбекистон овози», 20.11.2024, №47

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш