Ижтимоий тараққиёт учун масъулмиз
Ижтимоий тараққиёт учун масъулмиз

 

Бугун юртимизнинг қай манзилига борманг, сезиларли ўзгаришларнинг, одамларимиз ҳаётида яхши бурилишларнинг гувоҳи бўласиз. Хусусан, бизнинг Хоразм воҳамизда ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари чекка-чекка қишлоқларни ҳам қамраб олмоқда. Ишлаб чиқариш ва саноат, ижтимоий инфратузилмаларнинг ривожланиши изчил суръатга кирган.

Шубҳасиз, вилоятимизнинг ижтимо­ий-иқтисодий ривожланишида маҳаллий Кенгашлар депутатларининг муносиб ўрни ва таъсири бор. Эндиликда янги таркибда иш бошлайдиган халқ вакиллари ҳам давлатимиз ва жамиятимиз тараққиётига ҳисса қўшиши, жумладан, вилоятимизнинг барча жабҳада пешқадамлар сафига чиқиши учун фаоллик кўрсатишига ишончимиз комил.

Президентимиз юқори палатанинг аввалги таркиби маҳаллий Кенгашлар билан мулоқот ва ҳамкорлик борасида фақат дастлабки қадамларни қўйганини эътироф этиб, айнан шу йўналишда олдинда янада долзарб вазифалар турганини айтиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари мажлисда ижтимоий ислоҳотларнинг ҳақчиллиги ва халқчиллигини таъминлашда янги таркибдаги сенаторлар зиммасида улкан масъулият турганига диққат қаратгани ҳам бежиз эмас.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида салмоқли дастурларга қўл урилмоқда. Тўрт йил олдин 23 фоиз аҳолимизнинг даромади камбағаллик чегарасига ҳам етмас эди. Ўтган даврда 3,5 миллион фуқаро учун даромад олиш имконияти яратилиб, камбағалликни 11 фоизга туширишга эришилди. Келгуси уч йилда уни 7 фоизга тушириш режа қилинган.

Камбағалликни қисқартириш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида келгуси йили бюджетдан 500 миллиард сўм йўналтирилади. Шунингдек, янги йилдан 65 турдаги ижтимоий хизмат ва ёрдамлар, 50 га яқин имтиёзларни ўзида мужассам этадиган ягона “Ижтимоий карта” тизими йўлга қўйилади.

Бугунги кунда имконияти чекланган болаларнинг аксарияти ижтимоий муҳитдан ажралган ҳолда таълим олмоқда. Уларнинг умумтаълим мактабларига қатнаши учун тўсиқсиз муҳит ва зарур шароит яратилади, махсус педагог ва психологлар жалб қилинади. Болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларига қарши муросасиз муносабатда бўлиш ва аёвсиз курашиш саъй-ҳаракатлари давом этади.

Моҳиятан ижтимоий тараққиётга хизмат қилувчи бу каби устувор мақсадлар ҳаётий тасдиғини топишида биз, сенаторлар биринчилар қаторида масъулмиз.

 

Сайёра АБДИКАРИМОВА,

Олий Мажлис Сенати аъзоси.

«Ўзбекистон овози», 20.11.2024, №47

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш