Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда “2025 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Ушбу қонуннинг мақсади 2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджетини шакллантириш ва ижро этиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Қайд этилдики, лойиҳа 17 та модда ва 10 та иловадан иборат бўлиб, 2026-2027 йиллар учун бюджет мўлжаллари асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар кутилмалари асосида ишлаб чиқилган.
2025 йилда ялпи ички маҳсулотнинг 6 фоиз ўсиши прогноз қилинган. Ялпи ички маҳсулотнинг кўзланган ўсиш суръатлари саноатда ишлаб чиқаришни 6,1 фоиз, қишлоқ хўжалигида 4,1 фоизга, хизматлар соҳасида 5,4 фоизга ўсиши ҳисобига таъминланиши прогноз қилинмоқда.
Мазкур ривожланиш кўрсаткичларига ҳар бир соҳада бошланган таркибий ислоҳотларни сифатли давом эттириш орқали эришиш мақсад қилинган.
Давлат бюджетининг ўрта муддатга мўлжалланган кутилмалари ва 2025 йил учун бюджет лойиҳаси “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган мақсадларга уйғунликда, яъни уларни бажариш вазифасидан келиб чиқиб тайёрланган.
Депутатлар Давлат бюджетининг парламентда қонун сифатида тасдиқланиши нафақат Конституциявий ҳуқуқ, балки давлатнинг ижтимоий-иқтисодий сиёсатини белгилаш ва амалга ошириш билан боғлиқ катта масъулият эканини таъкидлади. Зеро, Давлат бюджети мамлакатда олиб борилаётган сиёсатнинг мужассам кўриниши ҳисобланади.
Фракция аъзолари 2025 йил учун Давлат бюджети лойиҳасида аҳолининг турмуш даражасини ошириш, янги иш ўринлари яратиш, бандлик ва даромадлар ўсишини таъминлаш, ижтимоий ҳимоя давлат сиёсатининг муҳим йўналишлари сифатида акс этаётганига эътибор қаратди.