Фракция мажлисида қайд этилдики, кам таъминланган оилаларга болалар нафақалари ва моддий ёрдамлар тўлаш, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг тизим ташкилотларини (болалар ва меҳрибонлик уйлари, вояга етмаганлар билан ишлаш секторлари ҳамда оилавий болалар уйлари), сув хўжалиги ташкилотларини сақлаш харажатлари республика бюджетидан молиялаштириш тартиби ўзгаришсиз қолдирилмоқда.
Бу ижтимоий ҳимоянинг тизимли давом этишида муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Лойиҳага кўра, давлат мақсадли жамғармалари даромадлари (бюджетлараро трансфертларни инобатга олмаган ҳолда) 66,5 трлн сўм миқдорида, харажатлари эса 117,2 трлн сўм миқдорида режалаштирилмоқда.
Фракция аъзолари Давлат бюджети лойиҳасидаги аксарият маблағлар бевосита фуқароларнинг турмуш даражасини ошириш учун йўналтирилаётганига урғу беришди. Мазкур маблағлар мақсадли ва самарали ишлатилиши ижтимоий кайфиятга, мамлакатимизнинг ижтимоий барқарорлигига бевосита таъсир кўрсатиши таъкидланди.
Халқ демократик партияси Давлат бюджетида кўзда тутилган ижтимоий харажатларнинг аниқ мақсадли бўлиши устидан депутатлик назоратини ўрнатиш, мазкур йўналишда ижро ҳокимияти билан ҳамкорликни изчил йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди.
Йиғилишда фракция аъзолари ўз муносабатларини билдириб ўтишди, соҳаларга маблағлар режалаштирилиши билан боғлиқ масалаларда масъулларга саволлар билан мурожаат қилишди.
Баҳс-мунозара ва савол-жавоблардан сўнг қонун лойиҳаси қабул қилинди.