Бурилиш нуқталари
Янги Ўзбекистон учун муҳим бурилиш нуқта хусусида гап кетса, шубҳасиз, Бош қонунимизнинг янги таҳрирда қабул қилинган санаси эътироф этилади ва бу ҳақиқат. Зотан, Учинчи Ренессанс сифатида кўрилаётган шиддатли ислоҳотлар даврининг, энг аввало, ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамламасдан туриб, кутилган натижаларга даъво қилиш янглиш тўхтамдир.
Парламент ва маҳаллий кенгашларга жорий йилнинг 27 октябрь куни бўлиб ўтган сайлов мутлақо янгиланган ҳуқуқий нормалар асосида ва шаклан миллий давлатчилигимиз учун янги тажриба асосида ташкил этилди. Яъни Қонунчилик палатаси сайлови мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор мажоритар-пропорционал (аралаш) тизим асосида ўтказилди.
Хўш, парламентга “кириб келиш йўли” янгиланган экан, бу янгиланиш кейинги фаолиятда ўз аксини қанчалик топади? Бугун янги сайланган депутатлар қалбида ана шу савол ҳукмронлик қилмоқда.
Айниқса, янги шаклланган парламентнинг Бош вазир номзодини кўриб чиқишга бағишланган мажлиси ва унда Президентимиз нутқ сўзлагани, илгари сурилган ташаббус ва таклифлар, билдирилган фикрлар депутатлар шижоатига шижоат қўшиб, уларда мустаҳкам ишонч, дахлдорлик ва бирдамлик ҳисларини уйғотганини алоҳида қайд этиш мумкин.
Бунга олиб келган муҳим жиҳатларнинг айримларига алоҳида тўхталиб ўтиш орқали яқинда бўлиб ўтган сайлов ва унинг натижаси янги Ўзбекистон тарихидаги яна бир муҳим бурилиш нуқтаси бўлганини кўриб чиқишга жазм этдик. Зеро, айнан ҳозир ортга бир назар ташлаш, ўзимизни танқидий таҳлил қилиш орқали истиқболдаги фаолиятимиз самарадорлигини таъминлаш йўлларини белгилаб олиш фурсати, деб ҳисоблаймиз.
Учинчи Ренессансга биринчи қадам
Ўзбекистон ўз олдига Учинчи Ренессансни амалга оширишдек улкан ва тарихий мақсадларни қўйганига кўп бўлгани йўқ. Шу мақсадда сўнгги йиллар давомида ислоҳотлар кўлами кенгайгани ҳам бор гап. Уларнинг шиддати эса алоҳида эътирофга молик. Бугун нафақат кечаги кун билан яшаб бўлмайди, балки ҳатто бугуннинг ўзи билан яшаш ҳам амалда ортда қолишни англатади.
Фикрларимизнинг амалий исботи сифатида йиғилишда очиқланган қуйидаги рақамларни ҳеч иккиланмасдан келтириш мумкин. Давлатимиз раҳбари ўтган беш йилдаги дастурлар ижросига тўхталиб ўтар экан, ушбу вақт мобайнида иқтисодиёт 2 карра ўсиб, 100 миллиард долларлик тарихий маррадан ошганига алоҳида урғу берди. Бу аҳоли жон бошига даромад 3 минг долларга етишини кутишга тўла ҳақли эканимизга ишорадир.
Боз устига, ушбу давр мобайнида экспорт қарийб 2 баробар ўсиб, илк бор 25 миллиард доллардан, олтин-валюта захиралари эса 40 миллиард доллардан ошгани ҳам тарихимизда янги забт этилган марралардир.
Ўз навбатида, ижтимоий ислоҳотлар ва уларнинг натижалари диққат марказимизда эканидан келиб чиқиб, улар ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз.
Бу борада сўз кетар экан, энг аввало, таълим ва соғлиқни сақлаш йўналишлари кўз олдимизга келиши табиий. Қувонарлиси, сўнгги беш йилдаги ислоҳотлар тўлқини ушбу муҳим икки соҳани ҳам четлаб ўтмагани бугун яққол намоён бўлмоқда.
Чунончи, шу давр ичида мактабгача таълимда қамров 74 фоиздан, олий таълимда эса 39 фоиздан ошгани, барча ҳудудларда “Инсон” марказлари фаолияти йўлга қўйилиб, ижтимоий ходимлар томонидан бевосита маҳаллаларда аҳолига 100 дан ортиқ турдаги ижтимоий хизмат кўрсатилаётгани ислоҳотлар мевасидан, аввало, халқимиз баҳраманд бўлаётганини англатади.
Қувонарлиси, иқтисодий йўналишдаги саъй-ҳаракатлар ҳам келажакка оптимистик руҳда қарашга ишончни мустаҳкамлаётганидир. Зеро, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида ялпи ички маҳсулот ҳажмини 160 миллиард долларга етказиш мақсад қилиб қўйилган бўлса, барча имкониятлар ишга солингани туфайли бу кўрсаткич жорий йилнинг ўзидаёқ 110 миллиард долларга етиши кутилмоқда.
Энг асосийси, танлаган йўлимиздан оғишмай, суръатни пасайтирмай, бир бўлиб ишлашимиз орқали 2030 йилга бориб, иқтисодиётимиз ҳажмини 200 миллиард долларга етказиш имкониятимиз мавжудлиги барчани руҳлантиргани табиий.
Барчаси инсон учун
Агар ислоҳотларда гуманизм ғоялари мавзусида илмий изланиш қилинса, тадқиқотчи учун маълумотлар базаси шу қадар катта бўладики, бу ишнинг тез ва осон битишига мустаҳкам замин бор. Албатта, бу ташбеҳни ҳар ким ўзича қабул қилади ва бунга ҳақли, аммо бир ҳақиқат борки, уни ҳеч бир жиҳат билан инкор этиб бўлмайди. У ҳам бўлса, янги Ўзбекистон ислоҳотлар моҳиятида, туб замирида ва марказида, энг аввало, инсон манфаати ётади.
Ҳар қандай йўналишдаги ислоҳотлар алоҳида олиниб, ўрганилса ва тадқиқ қилинса, пировард мақсад халқимиз турмуш даражасини тадрижий равишда яхшилаб бориш экани юзага чиқиб келаверади. Партиямиз дастурий мақсадлари ҳамда сайловчиларимиз билан учрашувларда илгари сурган ғояларимиз мазмунидан келиб чиқиб, йиғилишда илгари сурилган ниҳоятда хайрли бир ташаббус аслида мазкур мақола устида иш бошлашга туртки бўлганини тан олишимиз керак. У ҳам бўлса, 2025 йилда 1 миллион аҳолини камбағалликдан чиқаришдек хайрли мақсад Вазирлар Маҳкамаси иқтисодий комплексининг асосий вазифаси этиб белгиланганидир.
Бир миллион кичкина рақам эмас ва уни амалга ошириш ҳам осон кечмайди. Бунинг учун ҳар биримиздан, аввало, бирдамлик, қатъийлик, интизом ва меҳнат талаб этилади. Нима бўлганда ҳам уни амалга ошириш имконияти мавжудлиги хусусида ўйлар эканмиз, бу йўналишда сўнгги йилларда амалга оширилган ишлар ва орттирилган тажриба, эришилган натижаларга бир қур назар солиш истаги туғилди.
Даставвал, янги даврда камбағаллик ва унинг даражаси давлат сиёсатида расман эътироф этилгани ва бартараф қилишга доир тизимли чора-тадбирлар кўриб келинаётганини қайд этиш жоиз. Бу борада қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эса ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашга асос бўлмоқда.
Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 12 июндаги “Камбағалликни қисқартиришда тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони орқали ушбу йўналишга тадбиркорларни ҳам фаол жалб этиш рағбатлантирилди. Жумладан, янги иш ўринлари яратиб, уларга оғир иқтисодий аҳволдаги оилалардан ишчилар жалб қилган тадбиркорлик субъектлари учун имтиёзли кредитлар ва бошқа енгилликлар берила бошланди.
Мазкур ҳужжатнинг узвий давоми ўлароқ, Президентимизнинг жорий йилнинг 23 сентябрь куни қабул қилинган “Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида”ги фармони ҳам айни йўналишдаги ислоҳотлар силсиласида муҳим аҳамият касб этди.
Ҳужжатда барқарор ва юқори иқтисодий ўсиш суръатлари таъминлангани камбағаллик даражасини 2019 йилдаги 23 фоиздан 2023 йилда 11 фоизга қисқартиришга имкон яратгани ҳамда 2025 йил якуни билан камбағалликни 6 фоизгача қисқартириш мақсад қилингани қайд этилган.
Шунингдек, аҳолининг юқори даромадли барқарор иш билан бандлигини таъминлаш, ёшларнинг инновацион ва рақамли технологияларга асосланган таълим олиши ва касб-ҳунар ўрганиши, барча қатламларнинг тиббий ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиши учун шарт-шароит яратиш ҳамда маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш йўналишларида комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш ҳисобига 2024 йилнинг қолган даврида 500 минг, 2025 йилда 1 миллион аҳолини камбағалликдан чиқариш давлат ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг ҳамда барча даражадаги давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи даражали вазифаси этиб белгиланган.
Ушбу мақсадда “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури маъқулланди ва “Камбағал оилалар учун еттита имконият ва масъулият” тамойили асосида амалга оширила бошланди. Бу эса йиғилишда олдимизга қўйилган улкан мақсадни ҳаётга татбиқ этишда фақатгина ўзаро ҳамжиҳатлик билан, жойларга чиққан ҳолда ҳақиқий аҳволни атрофлича ўрганиб, манзилли ишларни амалга оширишимиз лозимлигини англатади. Зеро, натижа билангина халқимиз ҳақли равишда биздан кутаётган истиқболни уларга тақдим эта олишимиз мумкин.
Шу ўринда яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратиш жоиз. Сўнгги йилларда давлат раҳбарининг тадбиркорлар билан учрашуви анъана тусини олди. Ушбу учрашувлар давомида тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш билан бирга, қийнаётган муаммоларга ечим топаётгани бор гап.
Энг асосийси, учрашувларда берилган топшириқлар ва билдирилган таклифлар асосида қабул қилинаётган қатор ҳужжатлар, аввало, янги иш ўринлари яратилишига, аҳоли бандлигини таъминлашга туртки бўлмоқда.
Бунга мисол қилиб Президентимизнинг 2023 йил 4 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан 2023 йилдаги очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Кичик бизнесни ривожлантиришни молиявий ва институционал қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларини алоҳида эътироф этиш жоиз.
Уларга мувофиқ, “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” комплекс дастури қабул қилинди, тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг ягона тизими яратилди. Илк бор 100 миллион сўмгача гаровсиз кредитлар берила бошланди. Бунинг шартларидан бири эса янги иш ўринлари яратишдан иборатлиги фуқаролар бандлигини таъминлаш даражасига сезиларли таъсир кўрсатиб келмоқда, албатта.
Шу ўринда давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 7 сентябрдаги “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” комплекс дастурини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини ҳам эътироф этиш жоиз. Унга мувофиқ, ажратиладиган кредитларнинг энг кам миқдори 300 миллион сўмгача оширилди.
Эътиборлиси, масъул сифатида белгиланган банклар фақатгина кредит ажратиш эмас, ажратилган кредитларнинг мақсадли ишлатилиши жараёнида ҳам тадбиркор билан ҳамкорликда ишлаётгани кўзда тутилган мақсадларга эришишда муҳим омил бўлмоқда.
Бир сўз билан айтганда, келгуси йил олдимизга қўйилган 1 миллионлик маррани забт этишга бизда ҳамма шароит ва имконият мавжуд. Талаб этиладигани фақатгина қатъият, масъулият ва бирдамликдир.
Марра баланд, иштиёқ ҳам
Мухтасар айтганда, Олий Мажлис палаталарининг ҳар иккисида ўтган йиғилишлар қисқа ва узоқ истиқболдаги ислоҳотлар чизгиси сифатида тарихга муҳрланди.
Биз, депутатлар учун эса бурилиш нуқтаси бўлди. Олдимизда турган улкан ва эзгу мақсадларни амалга ошириш, халқимиз ишончини оқлаш ва юртимиз фаровонлигини таъминлашда Президентимизнинг қуйидаги фикрлари барчамизга дастуруламал бўлиб хизмат қилади: “Ҳеч қачон унутмаслигимиз зарур: мамлакатимиз хавфсизлиги, юртимиз мудофааси нафақат Қуролли Кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, балки Ўзбекистонни ўзи учун она Ватан деб биладиган, миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча инсонларнинг муқаддас бурчидир.
Бунинг учун ягона Ватан, кўп миллатли ягона аҳил оила туйғуси ҳар биримизнинг қалбимиз, юрагимиздан чуқур жой олиши лозим”.
Зулайҳо АКРОМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.