“Зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракат” кампанияси доирасида Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши томонидан Тошкент шаҳрида “Хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қиламиз” мавзусида тадбир ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши, Қорақалпоғистон республика, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар кенгашлари масъул ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, маҳаллий кенгашлар депутатлари, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тасарруфидаги “Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш” республика Маркази масъуллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.
Тадбирда БМТнинг “Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида”ги конвенция мазмун-моҳияти, Ўзбекистонда ратификация қилинганлиги, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар, қабул қилинган Қонун ва Қонуности ҳужжатлари, уларда белгиланган мақсад, вазифалар ҳақида кенг тушунчалар берилди.
Маърузачилар, мутахассислар томонидан Бош Қомусимиз ҳамда қонунлардаги хотин-қизлар ҳуқуқларининг кафолатлари, уларни қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий асослари ва хотин-қизларга нисбатан зўравонликларнинг олдини олиш, тазйиқ ва зўравонликка учраган аёлларни ҳимоя қилиш борасида ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар ҳақида тавсиялар берилди.
Шунингдек, аёл депутатларга хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг муаммоларини ечишнинг самарали усуллари, зўравонликка қарши кураш бўйича сиёсий партиялар, депутатлар олдида турган вазифалар ҳақида фойдали маълумотлар берилди. Аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликка қарши йил давомида, доимий курашиш лозимлиги таъкидланди.
Мулоқот сўнггида “Зўравонлик оқланмайди” номли қисқа метражли видеоролик намойиш этилди.
Тадбир савол-жавоб ва баҳс-мунозаралар остида қизиқарли ўтди, билдирилган таклиф ва фикрлар асосида тавсиялар ишлаб чиқилиб, келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.