Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республика Кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32 йиллиги байрами муносабати билан “Хотин-қизларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш ойлиги” доирасида учрашув ўтказилди.
Учрашувда Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республика Кенгаши масъуллари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги ЎзХДП фракцияси аъзолари, Ўзбекистон ХДП Нукус шаҳар кенгашининг “Қумбыз аўыл” бошланғич партия ташкилоти аъзолари, партия фаоллари, Нукус давлат педагогика институти профессор-ўқитувчилари ва талабалар иштирок этди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Назира Матякубова Конституция мазмун-моҳиятига тўхталиб ўтди. Хусусан, унинг ҳар бир моддасида фуқароларнинг манфаати ва қонуний ҳуқуқларини таъминлаш келажак авлодлар олдидаги катта масъулиятни назарда тутадиган нормалар белгилаб берилганини таъкидлади. Шунингдек, мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятини барпо этишда ёшлар Конституцияда белгилаб берилган ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ҳуқуқ ва мажбуриятларини, бурчлари ҳамда эркинликларини чуқур билишлари зарурлиги қайд этилди.
Бундан ташқари, хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида қабул қилинган қонун ва қонуности ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ҳақида сўз борди. Аёллар учун яратилаётган шароит, берилаётган имконият ва имтиёзлар, хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқлари таъминлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида тўхталиб ўтилди. Шу билан бирга, хотин-қизларнинг таълим ва касбий кўникмалар олиши, имтиёзли уй-жой, кредитларга эга бўлиши борасида Ўзбекистон Халқ демократик партияси дастурий мақсад вазифаларини амалга ошириш бўйича олиб борилаёган ишлар юзасидан маълумотлар берилди.
Тадбирда Нукус давлат педагогика институти хотин-қизлар масалалари бўйича ректор маслаҳатчиси Сайёра Бекчанова сўзга чиқиб, Конституциядаги ёшларга оид қатор нормалар ҳақида ўз фикрларини билдирди. Хусусан, ёшлар ҳуқуқлари акс этган моддага кўра, давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаши, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантириши белгиланганини қайд этди. Шунингдек, давлат ёшларнинг маънавий, интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олишга, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиб бериши белгиланганлигини таъкилдлаб ўтди.
Учрашув давомида иштирокчилар Конституциямизнинг мазмун-моҳияти, ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти ҳақида кенг тушунчага эга бўлдилар ва ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олдилар.