Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда бир қатор қонун лойиҳалари биринчи ва иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси атрофлича муҳокама қилинди. Қонун лойиҳасига кўра, биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар учун республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳамда маҳаллий бюджетларга ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдорлари тасдиқланган. Маҳаллий бюджетлар даромадлари ва харажатлари прогнозлари, давлат мақсадли жамғармалари бюджетларини ҳам қонун билан белгилаш таъминланади. Шунингдек, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси даромадлари ва харажатларини ўзида акс эттиришга эришилади.
Бундан ташқари, ушбу қонун лойиҳасида бюджет соҳасига оид бир қатор ўзгаришлар назарда тутилмоқда. Жумладан, 2025 йилда маҳаллий бюджетлар баланслилигини таъминлаш мақсадида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан ҳамда фойда солиғидан тушумларнинг Навоий, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳри учун ўтказиб бериладиган қисмлари қайта кўриб чиқилди.
Қайд этилдики, давлат қарзи портфелини диверсификация қилиш ҳамда валюта хатарларини камайтириш мақсадида 2025 йил учун Ўзбекистон Республикаси номидан чиқариладиган давлат қимматли қоғозларининг чекланган соф ҳажми 30,0 трлн сўм миқдорида белгиланмоқда. Давлат бюджети барқарорлигини таъминлаш, тақчилликнинг ошишига олиб келадиган Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларидан қўшимча харажатлар фақат қўшимча даромад манбаи мавжуд бўлганда ёки бошқа харажатларни қисқартириш ҳисобига амалга оширилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, маҳаллий давлат органларининг мустақиллигини ошириш ва маҳаллий бюджетлар балансини таъминлаш мақсадида Солиқ қўмитаси ҳамда Кадастр агентлигининг ҳудудий органлари, Халқ қабулхоналари, коллежлар ва техникумларни сақлаш, суд бошқарувчилари меҳнатига ҳақ тўлаш билан боғлиқ харажатларни маҳаллий бюджетлардан молиялаштириш тартиби сақлаб қолинмоқда. Бунда Солиқ қўмитасининг ҳудудий органларини сақлаш харажатлари туман ва шаҳарлар, Қорақалпоғистон Республикасининг республика, вилоятларнинг вилоятлар, Тошкент шаҳрини эса шаҳар бюджетларидан молиялаштиришга ўтказилмоқда.
Маҳаллий бюджетлардан фақатгина тўғридан-тўғри маҳаллий давлат ҳокимияти органлари зиммасига юклатилган вазифа ва мажбуриятларнинг бажарилиши билан боғлиқ харажатларни амалга оширишни таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг мактабгача таълим ва умумтаълим ташкилотлари ҳамда ихтисослаштирилган мактабларини қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлашга доир харажатлари республика бюджетидан молиялаштирилиши белгиланмоқда.
Иккинчи ўқишда муҳокама қилинган бюджетнома лойиҳаси юзасидан фракция аъзолари қатор саволлар билан мурожаат қилди.
Хусусан, трансформаторларни модернизациялаш, фан ва таълимни ривожлантиришга қаратилган илмий ишларни моддий қўллаб-қувватлаш каби йўналишлар учун йўналтирилаётган маблағлар миқдорига ойдинлик киритилди. Ижтимоий ҳимоя соҳасига ажратиладиган маблағ ҳақида ҳам қўшимча маълумотлар олинди.
Муҳокамалардан сўнг Бюджетнома лойиҳаси қўллаб-қувватланди.