Партия гуруҳлари фаолияти такомиллаштириш йўлида

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши томонидан ҳудудларда янги сайланган депутатлар иштирокида “Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари ролини ошириш ва фаолиятини такомиллаштириш” мавзусида ўқув-семинар ташкил этилди. Унда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши масъуллари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги ЎзХДП фракцияси аъзолари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, Қорақалпоғистон Республика партия Кенгаши масъуллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаш раиси ўринбосари М.Ворисова Президентимизнинг парламентнинг сайловдан кейинги биринчи мажлисидаги маърузасидан келиб чиқиб, янги сайланган депутатлар олдида турган устувор вазифаларга эътибор қаратди.

Шунингдек, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий тараққиётнинг аниқ устувор йўналишларини белгилаб олишда, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини, ҳуқуқий онгини оширишда, аҳолининг ижтимоий қатламлари манфаатларини ҳимоя қилишда депутатлик ва жамоатчилик назорати имкониятидан фойдаланиш зарурлиги қайд этилди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида катта ўзгаришлар юз берди. Жамият ва давлат ҳаётининг муҳим масалаларини ҳал этишда маҳаллий вакиллик органларининг ролини ошириш мақсадида 33 та функция ва ваколат халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига ўтказилди. Бу демократик тараққиёт сари яна бир катта қадам ташланиши мамлакатимиз тарихида илк маротаба вилоят Кенгашларига ҳокимлар эмас вилоят кенгаши депутатлари орасидан сайланган депутат раислик қилишига сабаб бўлди.

Семинарда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаш бошқарма бошлиғи М.Ҳасанова сиёсий партиялар ва депутатларнинг иш услубини янада такомиллаштириш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида сиёсий партиялар орқали жойларда “Марказ-вилоят-туман” тартибида ишлайдиган тизими орқали ишлаш ҳақида фикрларини билдирди. Қайд этилганидек, бу тизим орқали юқоридан пастга тушиб, ҳам депутатларни, ҳам турли аҳоли қатламларини Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар фаолияти, қонун ижодкорлиги, қабул қилинаётган янги қонун ҳужжатлари ҳақида хабардор қилиб бориш йўлга қўйилади. Қонунчилик палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ишлари бутунлай янги йўналишда ташкил этилиб, қонун лойиҳаларини қабул қилиш ва кўриб чиқишнинг демократик тартиб-қоидалари жорий этилди.

Мунозараларга бой ўтган семинарда келгусида ўзаро ҳамкорликда амалга ошириладиган иш режалар белгилаб олинди.

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Сайлов Бизнинг депутат Сайлов-2024
← Рўйхатга қайтиш