Мамлакатнинг изчил тараққиёти, инсон манфаатлари йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар самаралари бугун Фарғона вилоятида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Вилоят аҳли саноат, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, хизмат кўрсатиш соҳаларида фидокорона меҳнат қилиб, Ўзбекистонни иқтисодий-ижтимоий ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшмоқда.
Президентимиз Фарғона вилоятини ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини ошириш, инвестициявий ва тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш чора-тадбирлари юзасидан ўтказган йиғилишда бу масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Қайд этиш керак, шу йилнинг 10 ойида хорижий инвестициялар ҳажми 1,5 миллиард долларни, экспорт кўрсаткичи 910 миллион долларни ташкил қилди. Шунингдек, товар айланмаси 10 миллион доллардан ошган 122 та корхона пайдо бўлди ҳамда Фарғона корхоналари 60 та янги бозорга кириб борди. Жорий йил вилоятда 1,3 миллиард долларлик мингдан ортиқ лойиҳа амалга оширилмоқда. Хорижий инвестор ва маҳаллий тадбиркорлар томонидан умумий қиймати 7 миллиард доллардан зиёд 132 та лойиҳа шакллантирилган. Ушбу лойиҳалар ишга тушурилиши натижасида 23 мингдан ортиқ аҳоли иш билан таъминланади. Мазкур лойиҳалар тўқимачилик, озиқ-овқат, тиббиёт, электротехника, қурилиш материаллари, хизмат кўрсатиш ва бошқа тармоқларни қамраб олган.
Киритилаётган инвестиция лойиҳалари Австрия, АҚШ, Хтой, Россия, Туркия, Германия, Саудия Арабистони, Қувайт, Япония ва Озарбайжон каби мамлакатлар ҳиссасига тўғри келади.
Ўтган йилларда вилоятга киритилган ҳар бир минг доллар хорижий инвестиция солиқ тушумларини ўртача 207 долларга кўпайтирган.
Шунингдек, “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси Қувасой шаҳри ҳисобидан 210 гектарга кенгайтирилган. Ҳудудда умумий қиймати 1 миллиард долларлик 185 та лойиҳани жойлаштириб, қарийб 12 мингта иш ўрни яратиш мумкин. Шунингдек, Қўқонда 71 гектарда технопарк ташкил этилиши биринчи босқичда 900 миллион долларлик, 5 минг ишчилик корхоналарга йўл очади.
Албатта, қайси раҳбар Ватанига, халқига содиқ бўлиб, уларнинг фаровонлигини ўйлаб яшаса, юртимиз янада обод, инсонларнинг турмуши янада фаровон бўлади. Масалан, Фарғона туманидаги 15 та маҳаллада йилига 6 минг тонна малина етиштирилади. Уларга яқин ҳудуддан ер берилса, тадбиркор малинани сақлаш, қайта ишлаш ва қадоқлашни йўлга қўйиб, қўшилган қийматни 2,5 карра ошириш таклифини билдирган. Бошқа бир ташаббускор Сўхдаги ўрмон ерини ижарага олиб, 800 гектарда каврак, 50 гектарда заъфарон етиштирмоқчи. Бугун Фарғонанинг қуритилган мевалари, ўриклари нафақат ички бозорни, балки ташқи бозорни ҳам қамраб олган. Бу ҳам аҳолини ўзини ўзи банд қилиш билан бирга, даромадини оширишга катта хизмат қилади.
Яна бир муҳим жиҳати, Фарғонада келгуси йилда 3,7 миллиард доллар инвестиция олиб келиш, экспортни 1,5 миллиард долларга етказиш мўлжалланган. 500 минг фуқаронинг бандлигини таъминлаш, 22 минг оилани камбағалликдан чиқариш вазифа қилиб олинган. Албатта, бу борадаги ишларни самарали амалга оширишда барчамиз янада фаол ва ташаббускор бўлишимиз айни муддао.
Бир сўз билан айтганда, бугун Фарғона вилоятида ўзгаришлар жуда катта. Айниқса, саноат, қурилиш соҳаларини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар салмоғи ниҳоятда кенг ва буларнинг барчаси аҳоли турмуш даражасини яхшилашга қаратилгани билан диққатга сазовордир.
Дилбар МАМАЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.