Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг жорий йил 9 ойлик ижроси тўғрисидаги ҳукумат ҳисоботи Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси йиғилишида таҳлилий муҳокама қилинди.
Аввало, таъкидлаш керакки, дунёда ижтимоий-иқтисодий вазият мураккаблиги сақланиб қолаётган даврда мамлакатимизда ижобий ўсиш кузатилмоқда. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан давлат бюджети даромадлари 19 фоизга ёки 30 трлн сўмга ортганини муҳим натижа сифатида қайд этиш лозим.
Бу, ўз навбатида, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлаш имкониятларини кенгайтирди.
Ҳисобот даврида бюджет харажатларининг 50 фоизи ижтимоий соҳани ривожлантиришга йўналтирилгани партиямиз дастурий мақсадларини амалга оширишда ҳаётий аҳамият касб этмоқда.
Албатта, эришилган кўрсаткичлар билан бирга, бюджет ижросида камчиликлар ҳам кузатилмоқда.
Фракциямиз Ҳукумат айрим масалаларга алоҳида эътибор қаратиши лозим, деб ҳисоблайди.
Биринчидан, норасмий сектордаги даромадларни легаллаштириш имкониятларини кенгайтириш зарур. Бу бюджетнинг даромад қисмини кўпайтиришда муҳим манба ҳисобланади.
Айни масалада қандай аниқ чоралар кўраётгани, қандай реал натижаларга эришилаётгани ҳақида керакли маълумотлар ҳисоботда акс этмаган. Фракциямиз мазкур йўналишда келгусида батафсил ахборот бериб борилишини тавсия этади.
Иккинчидан, Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг маблағларини айрим вазирлик ва идоралар ўзлаштира олмаган. Аксарият якунига етмаган лойиҳаларда тендер савдоларининг кечикиши ёки буюртмачиларнинг маҳсулотни ўз вақтида етказиб бермаслиги асосий сабаб бўлаётгани кўринади.
ХДП фракцияси бу борада Ҳукумат ўзига аниқ вазифалар белгилаши, айниқса, ижтимоий соҳага оид тендер савдоларини соддалаштириш чораларини кўриш лозим, деб ҳисоблаймиз.
Учинчидан, партия фракцияси келгуси ҳисоботларда камбағалликни қисқартириш борасида тармоқларда амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва лойиҳалар учун ажратилётган маблағларнинг натижадорлиги бўйича аниқ кўрсатилишига эътибор қаратишингизни сўрайди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Халқ демократик партияси фракцияси Давлат бюджети ижроси ҳақидаги ҳисоботни маъқуллади.