“Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси. Ушбу масала бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси йиғилишида кўриб чиқилди. Шунингдек, фракция аъзолари бир қатор қонун лойиҳаларини биринчи ва иккинчи ўқишда муҳокама қилиб, фракция фаолиятига оид ташкилий масалаларни кўриб чиқди.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиш зарурати ҳақида сўз борганда ҳозирги кунда фуқаролар томонидан транспорт воситаларини бошқариш жараёнида йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмасдан, велосипед йўлаклари, тротуарлар ҳамда яшил ҳудуд майдонларидан ҳаракатланиш ҳолатлари учраётганини алоҳида қайд этиш лозим. Бу эса бевосита пиёдалар, яъни инсонлар ҳаётига турли даражада хавф солмоқда. Ваҳоланки, бугун биз учун янгилик сифатида қонунга таклиф этилаётган меъёр хорижий мамлакатларда аллақачон кучга кирган.
Қайд этилдики, йўллардаги ҳаракат хавфсизлигига таъсир қилувчи бошқа омиллар ҳам мавжуд. Шулардан бири ноқонуний равишда сунъий тўсиқлар ўрнатиш ва йўлни тўсиб қўйиш ҳолатлари ҳисобланади.
Фуқаролар ўз яшаш ҳудудларидаги кўчаларда ноқонуний равишда сунъий тўсиқлар ўрнатиши, йўлни тўсиб қўйиш орқали ҳаракатланишни чеклаган ҳолда транспорт воситалари ҳайдовчилари ва бошқа фуқароларга, айниқса, аҳолига шошилинч хизмат кўрсатувчи ҳамда махсус транспорт воситалари ҳаракатига тўсқинлик қилмоқда. Шу ва шу каби бебошликлар сабаб юзага келаётган ноқулайликлар қонунчиликка ўзгартиришлар киритишни тақозо этяпти.
Лойиҳа билан ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини тротуардан, пиёдалар ва велосипед йўлкаларидан, яшил ҳудуд майдонларидан юргизгани учун жавобгарлик белгиланади. Шунингдек, йўловчиларга лойқа сачратиш, йўлларга, темир йўлдан ўтиш жойларига, йўл ҳаракатини тартибга солувчи бошқа иншоотлар ёки техник воситаларга шикаст етказган шахслар ҳам қонуний жазодан бебаҳра қолмайди. Йўл қопламасини ифлослантириш, ноқонуний тўсиқлар ўрнатиш ёки тўсиб қўйиш йўли билан халал берганлар, автомобиль йўлларини ўзбошимчалик билан қазиб, уларда сунъий нотекисликлар ва тўсиқлар яратганлар, йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳаракатига тўсқинлик қилувчи бошқа қурилмаларни ўрнатганлар ҳам жавобгарликка тортилиши назарда тутилмоқда.
Депутатлар бу жиҳатларни маъқуллаган ҳолда, йўлларни ҳаракат учун қулайлаштириш, сифатли ҳамда хавфсиз ҳолатга келтириш ҳам муҳим эканини таъкидлади. Хусусан, ХДП фракцияси аъзоси Анвархон Темиров қонун лойиҳасининг мазмуни унинг заруратини кўрсатаётганини таъкидлади. Бироқ ундан олдин амалга оширилиши керак бўлган ишлар борлигига эътибор қаратди. Бунинг учун биринчи навбатда пиёда ҳамда велосипед йўлакларини, тротуарларни белгилаш ва тартибини аниқлаб олиш лозимлиги қайд этилди. Масалан, Тошкент шаҳрида велосипед йўлаклари тротуарларда бўлса, Фарғона вилоятида катта қатнов йўлининг чет қисмида ажратилган.
Шунингдек, ҳозир қурилаётган кўп қаватли уйлар ёки бошқа объектлар олдида автотураргоҳ бўлиши мумкин. Аммо аксарият биноларга кириб чиқиш учун ҳайдовчи автомобилини мажбуран йўл четларига, пиёдалар йўлаги ёки белгиланмаган бошқа жойларга қўйишга мажбур бўлади. Бу каби ноқулайликлар бор экан, жаримага тортиш билан масалага ечим топиб бўлмаслиги билдирилди. Аҳоли орасида норозиликлар келтириб чиқармаслик учун ҳар битта масала аниқ белгиланиши, масъул вазирликлар томонидан аввал имконият ва қулайликлар таъминлаши зарурлиги таъкидланди. Палата мажлисида ёки кейинги муҳокамаларда Транспорт вазирлигининг иштирокини таъминлаш таклиф этилди.
Мазкур қонунга ҳамоҳанг яна бир лойиҳа “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига жамоат транспортидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги масала ҳам депутатлар диққат марказида бўлди.
Сир эмаски, сўнгги йилларда мамлакатимиз, айниқса, пойтахт йўлларида тирбандликларни камайтириш ҳамда аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида жамоат транспортига устуворлик бериш йўналишида амалий чоралар кўрилмоқда. Бироқ қонунчиликдаги бўшлиқлар жамоат транспортидан фойдаланишнинг самарадорлигига жиддий таъсир қилмоқда.
Жумладан, бугунги кунда қонунчиликда жамоат транспорти учун алоҳида ажратилган йўлакларда ҳаракатланган транспорт воситалари ҳайдовчилари учун жавобгарлик чоралари назарда тутилмаган. Натижада, енгил транспорт воситалари мазкур йўлакларда бемалол ҳаракатланиб, жамоат транспортининг ҳаракатига тўсқинлик қилмоқда. Қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги модда киритилиб, қоидабузарларга жавобгарлик белгилаш таклиф этиляпти.
Депутатлар лойиҳада келтирилган таклифлар бўйича бир қатор саволлар билан мурожаат қилди. Истисно қилиш мумкин бўлган ҳолатлар юзасидан таклифларини билдирди.
Ҳар иккала лойиҳа биринчи ўқишда маъқулланди.