![Инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш — асосий мезон](/files/original/publication/10748.jpg)
Маълумки, бутун дунёда, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам 10 декабрь — Халқаро инсон ҳуқуқлари куни сифатида кенг нишонланади. Зеро, 1948 йил айни шу санада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва кафолатлашга қаратилган халқаро майдондаги энг асосий ва универсал ҳужжат ҳисобланган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинган.
Дунёнинг энг кўп тилларига таржима қилинган Декларация ҳақиқатан ҳам жаҳондаги том маънода, универсал ҳужжат саналади.
Мана неча йилдирки, у мамлакатлар ҳукуматлари ҳамда халқлари ўртасидаги ўзига хос шартнома сифатида кўрилмоқда. Бу бежиз эмас. Чунки кўплаб халқаро шартномалар ҳамда кўплаб давлатларнинг конституцияларида Декларация қоидалари ўз аксини топган.
Шу ўринда Конституциямиз нормалари ҳам Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қоидаларига тўла мос келишини алоҳида қайд этиш жоиз. Хусусан, янги таҳрирдаги Бош қомусимизда инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилиши муҳим янги қоида сифатида белгилаб қўйилди. Энг асосийси, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади экан мустаҳкамланди.
Янги таҳрирдаги Конституциямизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга алоҳида аҳамият қаратилиши, мамлакатимизда охирги 7 йил давомида инсон ҳуқуқларига бўлган юксак эътиборнинг узвий давоми бўлди, десак янглишмаймиз. Жумладан, 2020 йилда илк бор Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегияси ва унинг “йўл харитаси” қабул қилинди.
Ҳозирги вақтда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан зиёд халқаро ҳужжатларга, жумладан БМТнинг 7 та асосий шартномалари ва 4 та факултатив протоколларга қўшилган бўлиб, уларнинг амалга оширилиши юзасидан тузилманинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва шартномавий қўмиталарига мунтазам равишда миллий маърузаларни тақдим этиб келаётганини қайд этиш ўринли.
Ўзбекистоннинг бу борадаги сай-ҳаракатлари дунё ҳамжамияти томонидан ҳам эътироф этилаётганини кузатишимиз мумкин. Жумладан, мамлакатимиз ўз тарихида биринчи марта БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо этиб сайланди. Шунингдек, мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор мамлакатимиз вакили БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитасига аъзо этиб сайланди.
Албатта, буларнинг барчаси ҳар бир инсоннинг жамиятда ўз ўрнини топиши, Ватан тараққиётига ҳисса қўшиши, халқига, ота-онасига муносиб фарзанд бўлишида яққол намоён бўлади. Энг муҳими, барча ҳуқуқларимиз давлат томонидан ҳимоя қилинишига, юртимиз фуқаролари тенглиги кафолатланишига замин яратади.
Дилбар МАМАЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.