Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг илк моддаси ҳамма одамлар ўз қадр-қиммати ҳамда ҳуқуқларида эркин ва тенг бўлиб туғиладилар, деган сўзлар билан бошланади. Бу бежиз эмас. Чунки инсон ҳуқуқлари — бу ҳар бир кишининг туғилиши билан бериладиган ва ҳеч кимдан тортиб олинмайдиган асосий ҳуқуқлардир.
Кўп асрлик тарихий тажриба маҳсули бўлган ушбу универсал ҳужжат 1948 йил 10 декабрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 3-сессиясида қабул қилинган. 1950 йилдан бошлаб, декларация қабул қилинган санани Халқаро инсон ҳуқуқлари куни сифатида нишонлаш БМТ томонидан жорий этилган. Мана неча йилдирки, ҳар йили ушбу сана бутун дунёда кенг нишонланиб келинади.
Дарҳақиқат, 30 моддадан иборат ушбу ҳужжат халқаро ва миллий даражада инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларининг шаклланиши ва ривожлантирилишида муҳим аҳамият касб этади. Мазкур ҳужжат асосида ва ундаги қоидаларнинг универсал ва минтақавий даражадаги ривожи сифатида БМТ томонидан 70 га яқин, Европа Кенгаши Бош Ассамблеяси томонидан 160 дан зиёд, ЮНEСКО томонидан 70 дан, Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти томонидан эса 30 дан ортиқ халқаро норматив ҳужжатлар қабул қилинган.
Шу кунгача дунёнинг 500 дан ортиқ тилига таржима қилинган Декларация инсониятга тегишли барча ҳуқуқларни ўз ичига олиши билан ҳам ниҳоятда аҳамиятлидир.
Алоҳида қайд этиш жоиз, мустақил Ўзбекистон биринчилардан бўлиб эътироф этган халқаро ҳужжат Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси саналади. Давлатимиз 1991 йил 30 сeнтябрда ушбу халқаро ҳужжатни ратификация қилиб, унинг устувор талабаларини қабул қилди.
Эътиборлиси шундаки, ушбу ҳужжатда белгиланган инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари Конституциямизда тўлиқ ўз ифодасини топганидир. Айниқса, 2023 йил 30 апрелда референдум асосида қабул қилинган янги таҳрирдаги Бош қомусимизда инсон ҳуқуқларига бўлган эътибор янада кучайганини кўришимиз мумкин. Шунингдек, унда инсон ҳуқуқларига тааллуқли конституциявий нормалар 3 баравардан ортиқ кўпайди. Яъни инсон ҳуқуқларига тааллуқли моддалардаги нормалар 37 дан 98 тага ортди. Асосий Қонунимиз инсон ҳуқуқлари борасидаги янги нормалар билан бойитилди. Масалан, дастуриламал ҳужжатимизда халқаро миқёсда тан олинган ҳуқуқ институтлари бўлмиш “Миранда қоидалари”, “Хабеас корпус” институтлари ўз аксини топди.
Умуман айтганда, инсон ҳуқуқлари — қонун устуворлиги амалда бўлган барча давлатлар қўллаб-қувватлайдиган асосий тамойилдир. Мамлакатимизда ҳам ушбу тамойилга қатъий риоя қилинади. Шундай экан, бу олий қадриятни қарор топтиришга барчамиз масъуллик билан ёндашишимиз мақсадга мувофиқдир.
Улуғбек ШЕРМАТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.