Маълумки, юртимизда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган давлат ва маҳаллий дастурлар, шунингдек, инвестиция лойиҳалари ҳаётга татбиқ этиб келинмоқда. Натижада олис-олис манзилларимиз обод бўляпти, одамлар ислоҳотлар самарасини ўзларининг кундан кунга яхшиланиб бораётган турмушлари мисолида кўриб, билиб турибди.
Дастурлар ижроси, аҳоли турмуш фаровонлиги учун муаммолар ечимига таклифлар билдириш, мурожаатларни тинглаш — буларнинг барчаси маҳаллий Кенгашлар зиммасидаги масъулият саналади. Шу маънода, Халқ демократик партияси янги сайланган депутатларнинг билим ва кўникмаларини бойитиш, фаолият самарадорлигини таъминлашга қаратилган семинарлар ташкил қилмоқда.
Самарқандда бўлиб ўтган ўқувда вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, партия фаоллари ҳамда мутахассислар иштирок этди. Семинарда таъкидландики, маҳаллий Кенгашлар депутатлари ўзларининг ҳудудида қандай дастурлар ҳаётга татбиқ этилаётгани, улар қандай самара бераётгани, ижроси каби масалаларда ҳамиша огоҳ бўлиши керак. Муаммолардан ҳам бевосита хабардор бўлиши талаб этилади.
Шундай экан, бу ўринда маҳаллий Кенгашлар депутатлари кучидан фойдаланиш энг тўғри ва самарали йўлдир. Жойларда амалга оширилаётган давлат дастурлари ижроси назорати бўйича ҳам шу тажрибани қўллаш эса самарадорликни оширишга хизмат қилади.
Партия Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Мақсуда Ворисова бошчилигидаги ишчи гуруҳ тренинг иштирокчиларига шу ва бошқа масалаларда тушунтиришлар берди. Партия томонидан тайёрланган қўлланмалар тарқатилди.