Партиямизнинг сайловда илгари сурилган ғоя ва таклифлари асосида 2024-2029 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастури тасдиқланди. Навбатдаги қадам унинг ижросига қатъий киришишдан иборат. Энг муҳими, белгиланган ҳар бир вазифа амалга ошиши, қоғозда қолиб кетмаслиги керак. Бу эса биз, депутатларнинг ташаббускорлигимиз, ишнинг кўзини қай даражада билишимизга боғлиқ. Хўш, ишни нимадан бошлаш керак? Албатта, режадан. Мақсад аниқ бўлмаса, айтарли натижага эришиб бўлмайди.
Халқ депутатлари туман Кенгашидаги ҳар бир депутатимиз Ҳаракат дастури ижроси бўйича ўз режасига эга. Партия гуруҳимиз парламентдаги фракциямиз билан мустаҳкам алоқани йўлга қўйиб, ишни шу асосда ташкил этишни режалаштирди.
Парламент томонидан кўриб чиқилаётган қонун лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш, уларга таклифлар беришни янада кучайтириш бўйича ҳам алоҳида режа ишлаб чиқилди.
Масалан, Ҳаракат дастурига кўра, аҳолига сифатли коммунал хизмат кўрсатиш даражасини ошириш бўйича бир қатор вазифалар белгиланган. Аҳолини арзон электр энергия, иссиқлик ва иссиқ сув тизими билан таъминлаш бўйича ҳудудий инвестиция дастурларини, жумладан, жойларда давлат-хусусий шериклик тартибида дастурларни амалга ошириш бўйича таклифлар киритиш маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари зиммасига юклатилган. Биз ҳудудлар миқёсида бу борадаги ишларни ўрганиб, ўз таклифларимизни тайёрлаймиз. Маҳаллий Кенгаш сессияларида, доимий комиссияларда муҳокама қиламиз. Бу билан ҳудудлардаги ушбу соҳага тааллуқли кўплаб муаммолар ечилади.
Яна назорат-таҳлил натижаларини умумлаштириб, таклифлар ишлаб чиқиб, уларни парламентдаги фракциямизга тақдим қиламиз. Жойлардаги реал ҳолатдан келиб чиқиб, тайёрланган таклифларнинг қонунларда акс этиши учун бу муҳим, деб ўйлайман.
Бир сўз билан айтганда, Ҳаракат дастури ижросига жиддий киришсак, сайловчилар олдида юзимиз ёруғ бўлади.
Акмал УМАРАЛИЕВ,
халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгаши депутати.