Давлатимиз раҳбари селектор йиғилишида Ўзбекистон – ижтимоий давлат экани, Конституциямизда мустаҳкамланган ушбу тамойил асосида меҳр ва кўмак тизими аҳолига яқинлаштирилгани, барча ҳудудларда “Инсон” марказлари очилиб, 102 та ижтимоий хизмат маҳаллаларда йўлга қўйилгани тўғрисида гапирди.
Таъкидландики, ижтимоий ходимлар уйма-уй юриб, шу йил реестрда бўлмаган яна 95 минг муҳтож одамга ёрдам кўрсатди. 51 минг одамга ногиронлик белгиланди, 26 минг нафарига эса протез ускуналари берилди. Шунингдек, ётиб қолган 4 минг ёлғиз кекса аниқланиб, уларга уйининг ўзида парвариш ташкил этил. Ногиронлиги бор 5 минг нафар бола боғча-мактабга жойлаштирилди. Бундай манзилли ишлар туфайли халқ қабулхоналари ва ҳокимликларга ижтимоий хизмат ва ёрдам бўйича мурожаатлар 35 фоиз камайгани эътироф этилди.
Ижтимоий ҳимояни кучайтиришда фаол иштирок этиш муҳим сиёсий вазифамиздир.
Айтиш керакки, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг сайловолди Дастурида айни ушбу йўналишларда алоҳида мақсадлар белгиланган. Хусусан, 2- ва 3-қадамларида баён этилган ногиронлиги бўлган шахслар учун шароитларни янада яхшилаш, аҳолининг пенсияга чиқишдаги кафолатли ҳуқуқларини янада мустаҳкамлаш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлаш юзасидан белгиланган вазифаларда бу жиҳатлар яққол акс этган. Дастурнинг 7-қадамида баён этилган малакали тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида "Давлат тиббий суғурта" тизимини ишга солиш бўйича қонун қабул қилиш ташаббуси илгари сурилган. Йиғилишда айни шу масалага уйғун фикрлар, топшириқ ва кўрсатмаларнинг белгиланиши барчамизни бирдек қувонтирди. Зеро, бу партиямиз мақсад ва ғоялари амалга оширишда бизга дастуриламал бўлади.
Селекторда айтилган танқидий таҳлилий фикрлар, қўйилган топшириқларнинг ижросидан электортаимиз вакиллари тўлиқ манфаатдордир. Демак, уларнинг ижроси устидан депутатлик назоратини кучайтириш, ижро органлари билан ҳамкорликни изчил йўлга қўйиш ва амалиётга самарали татбиқ этишда бош-қош бўлиш ҳам касбий, ҳам инсоний бурчимиздир.
Гулнора ИСМОИЛОВА,
Андижон вилоят АКМ директори,
халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси.