Кеча биз яна бир тарихий воқеага гувоҳ бўлдик. Давлатимиз раҳбари янги энергетика қувватларини ишга тушириш ҳамда навбатдаги лойиҳалар қурилишига старт беришга бағишланган тантанали маросимда иштирок этиб, аҳолини ва иқтисодиётимизни барқарор энергия билан таъминлаш истиқболлари ҳақида муҳим фикрларни билдирди.
Умумий қиймати 7 миллиард доллардан зиёд 24 та лойиҳа ишга туширилиши мамлакатимизда энергетика тизими барқарорлигини ошириш бўйича қилинаётган ишларнинг кўламини кўрсатиб турибди.
Қувонарли режа ва лойиҳалар шулар билан чекланиб қолаётгани йўқ. Шу кунларда Фарғона, Самарқанд, Навоий, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 2,5 минг мегаваттли 6 та электр иншооти қурилиш арафасида тургани қайд этилди.
Йирик лойиҳаларнинг асосий қисми чет эл инвестициялари ҳисобига ишга туширилаётгани юртимиздаги сиёсатга, иқтисодиётимизнинг истиқболига ва албатта халқимизнинг бунёдкорлик салоҳиятига юқори ишончнинг амалий ифодаси ҳисобланади.
Энергия барқарорлиги ислоҳотлар самараси учун, ҳудудларнинг, соҳа ва тармоқларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун, ҳар бир инсон учун жуда муҳим. Янги лойиҳалар орқали келгуси йилларда қўшимча 9,5 миллиард киловатт соат электр ишлаб чиқарилиб, 2,5 миллиард куб метр табиий газ тежалади, 4,6 миллион тонна зарарли газлар чиқишининг олди олинади. Энг муҳими, 4 миллиондан зиёд хонадон узлуксиз тоза энергия билан таъминланади. Бу иқтисодиётнинг бошқа соҳаларида ҳам 4 миллиард долларлик қўшилган қиймат яратишга туртки беради.
Яна бир масалани унутмаслик керак. Яъни, энергетика соҳасидаги ўзгариш ва янгиликлар нафақат ички сиёсатда ҳамда иқтисодиётда, балки мамлакатнинг ташқи сиёсатида, турли давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан муносабатларда стратегик аҳамият касб этади.
Энерго-тизимда барқарорликка эришилиши аҳоли турмуш даражаси яхшиланиши учун хизмат қилади. Янги иш ўринлари, доимий даромад манбалари яратилади, ишлаб чиқариш ва сервис ривожланади. Шунинг учун ҳам Халқ демократик партияси бу йўналишдаги зарур ислоҳотларни қўллаб-қувватлайди. Шу билан бирга, соҳа ривожига жавобгар мутасадди идора ва ташкилотлар янада масъулиятли бўлиши муҳимдир.
Улуғбек Иноятов,
Олий Мажлис Қонунчиик палатасидаги
ЎзХДП фракцияси раҳбари.