Ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ишлар натижадорлиги ва 2025 йил учун устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда давлатимиз раҳбари билдирган таклиф ва ташаббуслар янги Конституциямизда ифода этилган “ижтимоий давлат” тамойилининг ёрқин ифодаси бўлди. Аввало ижтимоий ҳимоя соҳага давлатимиз томонидан ажратилаётган маблағлар ва кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар кўплаб мамлакатлар учун намуна бўлишга арзийди.
Қорақалпоғистон мисолида айтадиган бўлсак, биргина “Аёллар дафтари” доирасида қарийб 8,7 мингта оилага 8,1 миллиард сўмлик давлат кўмаги кўрсатилган. Хусусан, боқувчиси бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизлардан 7427 нафарига 8,9 миллиард, ижтимоий ёрдамга муҳтож биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлганларнинг 9756 нафарига 11, 7 миллиард, қарамоғида ногирон фарзанди бўлган хотин-қизларнинг 3069 нафарига 3, 9 млрд сўм моддий ёрдам кўрсатилди. Оғир турмуш шароитида яшовчи 1116 нафар хотин-қизнинг уй-жойлари таъмирланиб, ижара компенсацияси тўлаб берилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож 32 820 нафар ишсиз хотин-қизнинг бандлиги таъминланди.
Шаҳар ва туманлар, овул ва қишлоқларга кириб борсангиз бундай ёрдам ва кўмакнинг эҳтиёжманд аёллар, оналар ва болалар, оилалар ҳаётида қандай ўзгаришлар ясаганини кўрасиз. Уларнинг ўз ҳаёти ва келажагига умиди ортганига гувоҳ бўласиз. Чунки нафақат моддий ёрдам ва кўмак бериш балки, аҳолини ишли қилиб даромадини кўпайтириш масаласига ҳам эътибор қаратилмоқда.
Президентимизнинг айниқса, 2025 йилда камбағаллик юқори бўлган 1 мингта маҳаллада яна биттадан оилавий боғча фаолияти йўлга қўйилиши, янги йилдан оилавий боғча ўринларининг 15 фоизига камбағал оила фарзандлари қабул қилиниши ва боғча тўлови қисман қоплаб берилиши хусусидаги таклифлари эҳтиёжманд оилалар учун жуда катта имкониятдир. Сайловчиларимиз орасида бўлганимизда электоратимиз вакиллари томонидан фарзандларини боғчага жойлаштириш ва ота-оналар тўловлари борасидаги муаммолар юзасидан мурожаатлар бўларди. Масаланинг бу тарзда ҳал этилиши, айниқса бизнинг партиямиз электорати манфаатларига хизмат қилади.
Яна бир масала — эҳтиёжманд аҳолини битта ижтимоий уй-жойга жойлаштиришдан воз кечилиб, уларга ўзини маҳалласига яқин жойдаги уйни ижарага олишга рухсат берилиши ва харажати қоплаб берилишидир. Бу эса уларнинг яқин қариндошлари билан, одатий яшаш шароитидан узоқлашмаган ҳолда турмуш кечиришлари учун имконият яратади. Бу миллий ва оилавий урф-одатлар, қадриятлар ва қариндошлик муносабатларининг бардавом бўлишига хизмат қилади.
Видеоселектор йиғилишида муҳокама қилинган барча масалалар, Президентимиз томонидан ижтимоий ҳимоя соҳасида илгари сурилган ташаббус ва ғоялар Ўзбекистоннинг ижтимоий давлат сифатида дунёда ўзини намоён этиб бораётганидан далолат беради. Шунингдек, партиямизнинг Сайловолди дастурида ифода этилган, электоратимиз манфаатларига дахлдор бўлган, ўз навбатида ечимини кутаётган қатор ижтимоий масалаларнинг ҳал этилишида муҳим аҳамият касб этади.
Назира Матяқубова,
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.