Ўзбекистон – инсонпарвар давлат
Ўзбекистон – инсонпарвар давлат

 

Дунёдаги илғор давлатчилик тажрибаларидан маълумки, давлат бошқарувини ислоҳ этиш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришда жамиятдаги турли қатламларнинг манфаати, хоҳиш-иродасини инобатга олиш, уларни рўёбга чиқариш учун йўл очиш долзарб аҳамият касб этади. Шунинг учун ҳам Ўзбекистонда ижтимоий соҳага муҳим эътибор давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Аслида ижтимоий ҳимоя кенг тушунча, унинг ичида ҳал этилиши керак бўлган кўп масалалар ҳам бор. Ижтимоий ҳимоя, аввало, ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглиги масаласи, ҳар бир инсон инсондек муомалага лойиқ дегани ҳамдир.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ижтимоий барқарорликка асосланган халқпарвар сиёсат олиб борилмоқда. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий сиёсат аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, даромадлар ва яшаш тарзида кескин тафовутларнинг, тенгсизликнинг олдини олиш, ҳар бир инсон давлатнинг эътибори ва ғамхўрлигидан четда қолмаслигини кафолатлаш мақсадларини изчил рўёбга чиқармоқда. Ижтимоий ҳимоя масаласига жамиятда барқарорлик ва адолатни таъминлашнинг муҳим асосида, деб қаралмоқда. Одамларнинг умумкайфиятига таъсир этувчи муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш, ижтимоий кафолатларни, аҳолини ҳар томонлама ҳимоялаш чораларини кўриш давлатимизнинг устувор вазифаларидан бўлиб келаётгани барчамизни руҳлантирмоқда.

Кеча давлатимиз раҳбари раислигида ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ишлар натижадорлиги ва 2025 йил учун устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда йиғилишида қайд этилган факт ва далиллар, белгилаб берилган вазифалар соҳага эътибор янада юқори босқичга кўтарилишини яққол кўрсатди.

Йиғилишда қайд этилганидек, маҳалладаги ижтимоий ходимлар уйма-уй юриб, шу йил реестрда бўлмаган яна 95 минг муҳтож одамга ёрдам кўрсатди. 51 минг одамга ногиронлик белгиланди, 26 минги протез олди, ногиронлиги бор 5 минг бола боғча-мактабга жойлашди. Бундан ташқари, муҳтож бўлмаганларга асоссиз нафақа тўлашнинг олди олинди, қисқарган харажатлар бюджетда қолдирилди.

Уч ой олдин вилоят ва тумандаги 14 минг раҳбар 75 минг камбағал оилага бириктирилиб, улар билан индивидуал ишлаш йўлга қўйилди. Натижада, шу кунга қадар камбағал оилалардаги 17 минг одам доимий ишга жойлаштирилди, тадбиркорлик ва томорқа орқали 14 минг аҳолининг даромади оширилди, 30 минг бола боғча, тўгарак ва касбга ўқитиш билан қамраб олинди, 45 минг муҳтож аҳолига тиббий ёрдам кўрсатилди.

Булар кичкина рақамлар эмас. Бунинг ортида минг-минглаб одамлар манфаати турибди. Бу ислоҳотлар қанчадан-қанча одамларнинг турмушида ўзгариш ясаган, уларнинг ҳаётга қарашини, ишонч ва умидини юксакларга кўтарганини исботлашга ҳожат йўқ, назаримизда. Энг муҳими, бу юртимизда ижтимоий муаммоларни ҳал этишнинг мутлақо янги ва ўзига хос тизими яратилгани натижасидир.

Мамлакатимиз ижтимоий ҳаётидаги салмоқли ўзгаришлар ҳақида сўз юритганда, камбағаллик даражасини қисқартириш чора-тадбирлари ҳақида тўхталиб ўтиш жоиз, албатта. Республикамизда барқарор ва юқори иқтисодий ўсиш суръатлари таъминланиши камбағаллик даражасини 2019 йилдаги 23 фоиздан 2023 йилда 11 фоизга қисқартиришга имкон яратди. 2025 йил якуни билан камбағалликни 6 фоизгача камайтириш мақсад қилинди.

Камбағалликни қисқартириш мақсадида ижтимоий ёрдамнинг янги ва самарали механизмлари жорий этилди. Бу ҳақда гап кетганда, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”ни, уларга киритилган фуқаролар билан тизимли ишлаш йўлга қўйилганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Йиғилишда давлатимиз раҳбари ҳам бу масалага алоҳида эътибор берди. Президент бу йил ижтимоий ҳимоя бўйича қилинган 34 та муҳим янгиликка қўшимча 28 та янги ташаббусни илгари сурди. Келгуси йилда 1 миллион 200 минг аҳолини камбағалликдан чиқариш учун таълим, тўгарак, касб-ҳунар, тиббиёт масалаларини ҳал қилиш ва яшаш шароитини яхшилаш зарурлиги таъкидланди.

Камбағалликка тушиб қолиш хавфи мавжуд қатламлар - ёшлар, аёллар, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги вазифалар белгиланди. Хусусан, камбағал оила фарзандларини чет тили, IT ва касб-ҳунарга ўқитиш учун қўшимча имкониятлар яратилади. Мутасаддиларга 1 мартгача тўгараклар очиб, камбағал оиладаги 118 минг ёшларни ўқитишни бошлаш топширилди. Камбағал оилалар фарзандларини тайёрлаб, 2025 йилда 3,5 минг ёшларни олийгоҳга грант асосида қабул қилиш зарурлиги қайд этилди.

Осон бўлмаган, қатъий қўйилган вазифалар нафақат шу кунларга, халқимиз келажагига қаратилганини яхшироқ тушуниш учун мураккаб вазиятдан чиқиб кетаётган оиладаги муҳитни, кайфиятни яқиндан билиш етарли бўлади. Йиллар мобайнида тайинли бир юмуш тутиб, рўзғорига яхши егулик кирита олмаган отанинг ўз ишини йўлга қўяётгани, даромад кўраётгани, аёли, фарзандларидан ортиб, қўни-қўшниларга қўшилиб, маҳаллада кўриниш бераётганида қанча фикр, қанча хулоса, қанча ибрат ва шукроналик бор?!

Президентимиз белгилаб берган вазифалардан маълум бўладики, мамлакатимизда ижтимоий соҳанинг барча йўналишида шахдам ўсиш тенденцияси кузатилади. Ҳар бир қувончли ўзгариш, янгилик эса минглаб, миллионлаб одамларнинг руҳиятини кўтаради, юксалишга илҳомлантиради. Режалар улкан, тизимда яхши янгиликлар кўп бўлиши кутилмоқда. Вазирлик-идоралар, ҳокимликлар, мутасадди ташкилотлар зиммасидаги масъулият катта. Халқимиз белгиланган вазифалар ижросини аниқ натижаларда кутади.

Халқ демократик партияси бу ислоҳотларни тўла қўллаб-қувватлаган ҳолда, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, эҳтиёжмандларни қўллаб-қувватлаш, даромадларини ошириш, камбағалликни қисқартиришга қаттиқ киришади. Президентимиз бутун давлат ва жамият бошқаруви тизими имкониятларини мана шу эзгу мақсадга катта куч ҳамда иштиёқ билан сафарбар этмоқдалар. Бу тамойил нафақат жойлардаги ижтимоий муаммоларни тизимли ҳал этишга, энг асосийси, ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглигига реал шароит яратишга хизмат қилади.

 

Муқаддас Ўразалиева,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш