Ижтимоий ҳимоянинг — ижтимоий дастури
Ижтимоий ҳимоянинг — ижтимоий дастури

 

Учинчи ренессансга мустаҳкам пойдевор қўйиш, мамлакатимизни жадал суръатларда ривожланган мамлакатлар қаторига етказиш борасида салмоқли чора тадбирлар йўлга қўйилгани сир эмас. Бирор-бир жабҳа йўқки, у давлат сиёсати даражасига кўтарилмаган, юксак тафаккур доирасида кўриб чиқилиб, соҳа ривожининг истиқболли йўналишлари белгилаб берилмаган бўлсин. Буни Президентимиз раислигида ўтказилган ижтимоий соҳага қаратилган йиғилиш мисолида ҳам яққол ҳис этиш қийин эмас.

Қайд этилганидек, жорий йилда 102 та ижтимоий хизмат маҳалла даражасига туширилгани Конституциямизда белгиланган, аввало халқ, кейин жамият ва давлат, деган тамойилнинг амалдаги ифодасидир .

Йиғилишда ҳақли равишда ҳамма раҳбарлар ҳам эҳтиёжманд аҳолини ишли қилиб, даромадини кўпайтириш, уларга манзилли ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатишни тўғри ташкил қила олмаётгани кўрсатиб ўтилди. Айниқса, камбағал оилаларга бириктирилган раҳбарларнинг 1 минг нафари натижа кўрсата олмагани 184 нафари ушбу оилалар хонадонига бирор марта ҳам бормагани кескин танқид остига олинди.

Бугина эмас, балки, келгуси йил Инвестиция дастурига кирадиган 598 та ижтимоий объект лойиҳаси ногиронлиги бор одамларга мослаб ишлаб чиқилмагани, танқид остига олинган вилоят, туман ҳокимларига хатоларни тўғрилаш топширилгани белгилаб берилган қатор долзарб вазифалар ҳам биз депутатларни алоҳида шижоат кўрсатишга ундаши табиий.

Бизга яхши маълумки, Президентимиз бу йил ижтимоий ҳимоя бўйича 34 та муҳим янгиликни илгари сурган эди. Мазкур анжуманда унга қўшимча 28 та янги ташаббусни илгари сурди ва буларни ижобий ҳал этиш билан, шубҳасиз ижтимоий ҳимоя тизимида катта ўзгаришларга олиб келади.

Биз наманганликлар учун қувонарлиси шу бўлдики, қатор туманлар қаторида, жумладан бизнинг Косонсойда “Илк ривожланиш марказлари” очилиб, камбағал оиладаги ва ногиронлиги бўлган 4 минг 200 нафар болага боғча таълими берилишида бизга ҳам катта манфаатлар етказилади.

Маълумки, айни пайтда замонавий ихтисослашган таълим муассасаларда асосан шароити яхши болалар кўпроқ кирар эди, ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд оилалар фарзандлари бундан табиийки ранжиган. Президентимиз томонидан камбағал оила фарзандларини чет тили, IT ва касб-ҳунарга ўқитиш учун қўшимча имкониятлар яратилиши, тўгараклар очиб, камбағал оиладаги ёшларни ўқитиш ва 2025 йилда 3,5 минг йигит-қизни олийгоҳга грант асосида қабул қилиш билан боғлиқ топшириқлар ана шундай оилалар ярасига шифобахш малҳам қўйишдай савоб ишдир.

Бағоят долзарб масаладаги анжуман давомида қоғозбозлик – ҳужжатбозликка чек қўйиш, бунинг ўрнига халққа қулайлик яратиш мақсадида ижтимоий карта жорий этилишини эълон қилиниши, бу карта билан автобус ва метрода бепул юриш, электр, газ ва ўқиш харажатига компенсация олиш имконини бериш ҳам эҳтиёжманд оилаларнинг “юкини” енгиллатади.

Ўша куни айтилган масалаларнинг амалиётга татбиқ этилиши ҳақида ўйлар эканман, уларнинг ижроси устидан депутатлик назоратида изчиллик йўлга қўйилиши зарурлигини англаб турибман. Бу долзарб масалалар барча қатори бизнинг сиёсий маслакдошларга – партиядошларга, партиямизнинг дастурий мақсадларига ҳам ниҳоят даражада муштарак эканлигидан ифтихор ҳис қилдим. Айни пайтда мазкур ижтимоий ҳимоянинг ижтимоий дастурини амалга ошириш борасида янада масъулиятли, фаол, фидойи, жонсарак ва ташаббускор бўлишни мақсад қилдим.

 

Зиёвиддин МАНСУРОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Наманган вилоят бўлими раҳбари,

вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи аъзоси.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш