Ҳар бир инсоннинг барқарор фаолият ва даромад манбаига эга бўлиши мамлакат барқарорлиги учун ҳам муҳим. Камбағалликни қисқартириш шу маънода натижаси узоқ йилларга хизмат қиладиган, кам даромадли оилаларнинг ҳаёти ва тасаввурини бутунлай ўзгартириб юборадиган кенг кўламли сиёсатдир.
Президент ҳузурида ўтган, маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш бўйича қилинган ишлар сарҳисоби ва 2025 йил учун устуворликларга бағишланган видеоселектор йиғилишида ушбу ҳаётий масала яна бир бор танқидий таҳлил қилиниб, олдинда турган қатъий вазифалар аниқ кўрсатиб ўтилди.
Айтиш керакки, кейинги йилларда мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш бўйича маҳаллалар ва оилаларгача етиб борадиган, ўргатиш, ишонтириш ва қўллаб-қувватлашга йўналтирилган, айтиш мумкинки, дунёда ўхшаши йўқ тизим яратилди.
Биргина жорий йил бошидан 4 та тажриба доирасида 3 миллион 300 минг аҳоли доимий даромадга эга бўлгани қайд этилди. Бу қанчадан-қанча оилаларнинг ҳаёти ўзгарганини англатадиган муҳим рақамлар.
Йиғилишда Давлат раҳбари ишлар ҳамма жойда ҳам бирдек самарали ташкил этилмаётганини танқид қилди. Маҳаллага тушиб, одамлар муаммосига бефарқ қарамаслик зарурлиги, ҳамма ўзгариши шартлиги қатъий уқтирилди. Ҳар бир оила тинч ва фаровон бўлиши билан боғлиқ масалада ўзибўларчиликка йўл қўйиб бўлмайди.
2025 йилда 5 миллиондан зиёд аҳолини даромадли қилиш, 1,5 миллион одамни камбағалликдан чиқариш маҳаллабай ҳисоб-китоб қилингани айтилди. Мутасаддиларга қатор вазифалар юклатилди. Хусусан, келгуси йилда 30 та туманда балиқчилик, қуёнчилик, чорвачилик ва асаларичилик бўйича кооперацияларни кўпайтириш топширилди, бунга 500 миллиард сўм йўналтирилиши белгиланди. Кооперациялар нисбатан фаол, лекин ҳамкорлик, ҳамжиҳатлик ва бошқа масалаларда имкониятлар топа олмаётган юртдошларимизни қўллаб-қувватлашга, маҳаллаларда интилувчанлик ва манфаатдорлик муҳитини яхшилашга хизмат қилади.
Оилаларнинг нафақат ҳуқуқий, балки молиявий хабардорлигини ошириш учун ҳам чора-тадбирлар йўлга қўйилган. Уларнинг ижроси бўйича ҳам ўрганишлар олиб бориш муҳим.
Рақамларга кўра, ўтган 6 йилда оилавий тадбиркорлик дастури доирасида 750 минг аҳоли кредитини вақтида қайтариб, даромадли бизнесга эга бўлган. Улардан 58 минги янги корхона ҳам очган. Шу икки мисол ҳам доимий даромад манбаига эга бўлиш йўлида юртдошларимизни қўллаб-қувватлаш нақадар ҳаётий самаралар беришини кўрсатиб турибди. Ўйлаб кўрайлик, бугун оилавий иш юритаётган оилаларнинг аксарияти 5-6 йил аввал камбағаллик чегарасида яшарди. Бугун улар бошқаларга мадад бўлмоқда.
Партиямиз фаоллари, депутатлик бирлашмалари билан камбағалликни қисқартиришга доир ҳар бир дастур ва меъёрий ҳужжат, ҳар бир вазифанинг бажарилиши бўйича жамоатчилик ва депутатлик назорати таъсирчанлигини оширишимиз зарур. Келгуси йил учун Ҳаракат дастуримизда, доимий режаларимизда бу масалани кун тартибидан туширмаймиз.
Ҳудудлардаги фаолларимиз жойлардаги тарғибот учрашувларида электоратимиз вакилларини янги ташаббусларга рағбатлантириш, ҳуқуқий кўмак бериш чораларини кучайтиради.
Улуғбек ИНОЯТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон ХДП фракцияси раҳбари.