“Яхши қонун – халққа ҳурмат ифодасидир”
“Яхши қонун – халққа ҳурмат ифодасидир”

 

Жаҳон сиёсати тарихида қонунлар халқнинг виждонини ифодалаши кераклиги ҳақида кўп ҳикматли фикрлар айтилган. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг биринчи мажлисларида миллий парламентимизнинг қонун ижодкорлигини кучайтириш бўйича билдирилган таклиф-ташаббуслар шундай ҳикматларга монанд бўлди.

Моҳиятига кўра, Олий Мажлис ва халқимизга давлатимиз раҳбарининг навбатдаги Мурожаатномаси сифатида қабул қилинган чиқишларда қонун ижодкорлиги борасида миллий тажриба ҳамда дунёдаги илғор тенденцияларга алоҳида эътибор қаратилди.

Давлатимиз раҳбарининг таклифлари парламентимиз фаолиятининг асосий йўналишларини ифодалаб бермоқда.

Парламентимиз фаолиятидаги ютуқлар билан бирга, эътибордан четда қолган масалалар, фойдаланилмаган имкониятлар аввало, қонун лойиҳаларининг сифати бўйича эътирозлар борлиги, тўғридан-тўғри ишлайдиган ва аниқ ижро механизмларига эга қонунлар улуши камлигича қолаётганлиги кўрсатиб ўтилди.

Албатта, биз халқ вакиллари қонун лойиҳаларининг илмий асосланганлигига чуқур эътибор қаратишимиз даркор. Бунинг учун Парламент тадқиқотлари институти ҳамда мамлакатимиздаги илмий институтлар, “ақл марказлари” билан ҳамкорликни янада кучайтириш, уларнинг имкониятларидан тўлалигича фойдаланиш лозим бўлади.

 

Ҳаётга, одамларга яқин

Қонун ижодкорлиги жараёни, аввало, жамиятимиздаги долзарб муаммолар ечимига, халқимизнинг оғирини енгил қилишга қаратилиши керакли таъкидланди.

Жумладан, эскирган уйлар ўрнида замонавий кўп қаватли уй-жойлар қуриш учун “Реновация тўғрисида”ги ҳамда фуқароларнинг уй-жой қурилишига жалб этилган маблағларини кафолатли ҳимоя қилишга қаратилган қонунни қабул қилиш таклиф қилинди.

Сайловолди учрашувларда, мулоқотлар ва мурожаатларни ўрганиш жараёнларида айни шу масалалар бугун қанчалик долзарб эканига бевосита гувоҳ бўлдик. Республикамизнинг барча ҳудудларида, туман-шаҳарларда янги уй-жойлар қуриляпти, юртдошларимиз, айниқса, янги ва ёш оилалар уларни яхши ниятлар билан харид қиляпти. Лекин ҳуқуқий асосларнинг тўлиқ эмаслиги айрим ҳолатларда жиддий муаммоларни келтириб чиқармоқда. Оқибатда оилалар жабр кўряпти. Давлатимиз раҳбари айни шу масалани ҳал қилиш бўйича таклиф бергани халқимиз томонидан ҳам фаол қўллаб-қувватланмоқда.

Ҳозир рақамлаштириш ҳаётий фаолиятимизнинг асосий жиҳатларидан бирига айланиб улгурди. Сунъий интеллект ҳаётимизга кириб келмоқда. Унинг асосий мақсади инсоннинг қобилиятлари ва имкониятларининг чегараларини кенгайтириш ҳисобланади. Унинг қамрови кундан-кун кенгаймоқда. Демак, бу масала ҳам парламент эътибор марказига чиқиши яъни, сунъий интеллектни қўллаш орқали юзага келадиган муносабатларни тартибга солишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш муҳим.

Қонун ижодкорлигини кучайтиришимиз зарур бўлган соҳа ва муносабатлар кўп. Масалан, мажбурий тиббий суғурта тизимини қонун билан мустаҳкамлаш, франчайзинг, капитал бозори, стартаплар соҳасидаги муносабатларнинг қонуний асосларини яратиш олдимизда турган долзарб вазифалардан ҳисобланади.

Биз нафақат муаммоларни ҳал этиш учун ва албатта замонавий соҳаларда имкониятларни кенгайтириш учун ҳам қонунчилигимизни такомиллаштиришимиз зарур.

 

Ташқи ва ички мулоқот

Ўзбекистоннинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсатини изчил амалга ошириш ҳамда белгиланган стратегик режаларнинг жадал ижросини таъминлаш, давлатимизнинг халқаро имижи ва нуфузини янада мустаҳкамлаш энг муҳим масалалардан бири. Шу нуқтаи назардан, Ташқи сиёсат концепциясини янги таҳрирда қабул қилишни бугунги давр тақозо этмоқда.

Дунё, мамлакатларнинг бир-бирига муносабати, халқаро ташкилотларнинг аҳамияти кейинги йилларда анча ўзгармоқда. Ўзбекистон дунёга очилиб, фаол ва ташаббускор сиёсат юритаётган даврда Ташқи сиёсат концепциямиз жаҳондаги чақириқларга тайёр бўлиши муҳим ҳисобланади.

Ушбу ҳужжатнинг янги таҳрирда қабул қилиниши мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш учун самарали ташқи сиёсат олиб боришга, дўст ва ҳамкорларимиз доирасини кенгайтиришга, яқин қўшниларимиз билан минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштиришни янги босқичга олиб чиқишига хизмат қилади, албатта.

Яна бир эътиборимни тортган жиҳат – Қонунчилик палатаси қўмиталари фаолиятида фуқаролик жамияти институтлари билан мулоқотни кучайтириш таклифи бўлди.

Кейинги йилларда мамлакатимизда ҳар томонлама ва жадал ривожланишида фуқаролик жамияти институтларининг роли ва аҳамиятини тубдан ошириш, уларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ҳамкорлигини кучайтириш бўйича янги тизим яратилди. Ушбу соҳани тартибга солувчи ҳуқуқий базани такомиллаштириш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, мамлакатимизда илк бор яқин ва ўрта муддатга қаратилган истиқболларини белгилаб олиш мақсадида 2021 — 2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси тасдиқланиб, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқий кафолатларини таъминлайдиган, замонавий демократик талабларга ва халқаро стандартларга жавоб берадиган норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш вазифалари белгилаб олинди.

Янги таҳрирдаги Конституциямизда мазкур институтга алоҳида боб ажратилиб, конституциявий мақом берилди. Қолаверса, фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими янада такомиллаштирилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 26 августдаги “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Давлат ва жамият ҳаётида фуқаролик жамияти институтлари фаоллигини янада оширишга ҳамда ижтимоий-иқтисодий, маданий-маънавий соҳаларни ривожлантиришда уларнинг салоҳиятидан тўлақонли фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шуларга мувофиқ равишда кейинги йилларда Қонунчилик палатаси фаолиятида жамоатчилик иштироки янада кучаймоқда. Давлатимиз раҳбари таклифи асосида Қонунчилик палатасидаги ҳар бир қўмита қошида фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат жамоатчилик кенгашлари тузилишини парламентимиз тарихидаги янги бир саҳифа, деб тушунаман. Буни бир қанча жиҳатлари мавжуд,

биринчидан, фуқаролик жамияти институтларининг қонун ижодкорлиги жараёнида иштироки кенгаяди, жамоатчилик учун янада кенг йўл очилади;

иккинчидан, Қуйи палата билан ижтимоий шериклик янада мустаҳкамланади;

учинчидан, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқ ва манфаатлари қонун ҳужжатларида ифода этилиши кучаяди.

Энг муҳими, булар фуқаролик жамияти институтларининг давлат ва жамият бошқарувида бевосита иштирок этиши учун янги имкониятларни очиб беради.

Буларнинг барчаси ҳам ташқи мулоқот, ҳам мамлакатимиздаги ички мулоқот жараёнларида парламентимизнинг асосий демократик майдон вазифасини бажаришига хизмат қилади.

Маълумки, янгиланган Конституциямизда 100 минг нафардан кам бўлмаган фуқаролар ўз таклифларини қуйи палатага киритиш ҳуқуқига эга экани кафолатланди. Энди қуйи палатада бу борада янги тизим яратиладиган бўлди. Фуқароларнинг ташаббусларини фаол қўллаб-қувватлаш мақсадида Қонунчилик палатаси ҳузурида Жамоавий ташаббуслар бўйича парламент комиссияси ташкил этилади.

Қонунлар ижросини доимий баҳолаб бориш бўйича янги тизим йўлга қўйилди. Асосий мақсад, қабул қилинган қонуннинг амалиётда ишлаши, одамлар ҳаётида сезилиши лозим. Бу жиҳатнинг янада самарали ишлаши учун бундан буён қонунлар ижроси Олий Мажлис палаталарининг тегишли қўмитаси ва масъул ижро этувчи орган билан биргаликда ўрганиб борилади. Бунинг учун Ҳукумат билан Қонунчилик палатаси ўртасида янада самарали ҳамкорлик олиб борилиши муҳим аҳамиятга эга.

Зеро, буларнинг барчаси, пировардида даврнинг ўткир талабларига жавоб берадиган, сифатли, амалиётда самарали ишлайдиган қонунлар қабул қилинишига муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

 

Фирдавс Шарипов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Сайлов Партия муносабати Бизнинг депутат Сайлов-2024
← Рўйхатга қайтиш