Сайловчиларнинг яқинда сайланган депутатлардан умиди катта. Улар катта масъулиятга қандай амалий ишлар, қандай ҳаётий натижалар билан жавоб беради? Бу муҳим савол. Унга ҳар бир депутатнинг ўзи ишонадиган жавоби бўлиши зарур, албатта.
Шунинг учун Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши ҳудудларда депутатлар учун жонли мулоқот, таклиф-мулоҳазаларни эшитиб, режа белгилашга асосланган махсус ўқув-семинарлар ўтказмоқда.
Биринчи босқичда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят ва Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган ўқувлар кейинчалик туман-шаҳар даражасида ҳам давом эттирилади.
Тошкент шаҳридаги йиғинда Тошкент шаҳар ҳамда туман Кенгашларидаги партия гуруҳлари аъзолари, масъул ходимлар иштирок этди.
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Мақсуда Ворисова партия гуруҳларининг ғоявий-сиёсий ўзига хослигини намоён этиш, депутатлик назоратини самарали ташкил қилиш, сўровларнинг манзиллилиги ва натижадорлигига эришиш бўйича қонунчилик ва амалиётдан келиб чиқиб, таклиф-тавсияларини берди. Партиямиз Сайловолди дастурини амалга оширишда фаол иштирок этиш, бу борада депутатлар зиммасида турган энг муҳим вазифалар ҳақида кўргазмали воситалар ёрдамида сўз юритди.
Шаҳзода ҚУРБОНОВА,
Мирзо Улуғбек туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:
— Президентимизнинг Қонунчилик палатаси биринчи мажлисидаги нутқида таъкидланган вазифалар асосида маҳаллий даражадаги масалаларни ҳал қилишда фаолликни кучайтиришимиз зарурлиги тушунтирилди.
Жумладан, “оила – маҳалла – халқ депутатлари Кенгаши – парламент” тамойили асосида ишларни ташкил этиш масаласи жуда ўринли ва аниқлиги билан менга ёқди. Бу бизга аҳоли муаммоларини тизимли равишда ўрганиш ва ечим топиш учун янги имконият яратади. Шунингдек, депутатлик назоратини ҳақиқий натижа берувчи механизмга айлантириш бўйича берилган кўрсатмалар ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Биз фақат назорат қилиш билан чекланмай, амалий ечимлар тақдим этишимиз керак, деб ўйлайман.
Энг аввало, ҳар бир маҳаллада аҳоли билан мунтазам мулоқотда бўлиб, уларнинг асосий муаммоларини ўрганишни мақсад қилганман. Шунингдек, депутат сифатида янги ташаббуслар билан чиқишни режалаштиряпман. Бизга берилган ваколатлардан самарали фойдаланиб, партиямиз дастурий мақсадларини амалга оширишда фаоллик кўрсатишга ҳаракат қиламан.
Санжар СОБИРЖОНОВ,
Юнусобод туман Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси:
— Депутат депутатдан фикр ва куч олиши керак, деб ўйлайман. Президентимиз таъкидлаганидек, кутиб ўтирмасдан, одамларнинг оғирини енгил қилиш учун ўзимиз ташаббус кўрсатишимиз зарур.
Семинарда айтилган бир фикр эсимда қолди. “Жойлардаги ижтимоий масалалар бўйича депутатлик назоратини кучайтириш одамларнинг давлат ҳокимияти идораларига ишончини мустаҳкамлайди”. Ҳақиқатдан ҳам шундай, биз депутатлар ишонч кўпригига айланишимиз керак.
Ўзимга режа қилиб оляпман. Аввало, мурожаатларни мунтазам ўрганиб, уларга ечим топишда маҳаллий идора-ташкилотлар билан ҳамжиҳатликда ишлайман. Маҳаллий Кенгашни ҳақиқий назорат ва ташаббус марказига айлантириш учун ўз ҳиссамни қўшмоқчиман.
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши
Ахборот хизмати.