Ижтимоий кодексни тайёрлаш долзарб вазифа
Ижтимоий кодексни тайёрлаш долзарб вазифа

 

Мамлакатимизда амалга оширилаётган шиддатли иқтисодий ислоҳотларга мос равишда самарали ижтимоий сиёсат юритишга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда. Бугунги кунда, аҳолини ижтимоий ҳимоясини таъминлаш бўйича самарали тизим яратилиб, ижтимоий ҳимояга оид қонунчилик такомиллаштириб борилмоқда. Жумладан, мамлакатимиз Конституциясининг 1-моддасида Ўзбекистон ижтимоий давлат экани белгиланди, шунга мувофиқ, аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш бўйича фармон қабул қилинди ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди.

Мазкур амалга оширилаётган ишлар мамлакатимиз ҳаётида тарихий аҳамиятга эга бўлиб, аҳолимизни ижтимоий ҳимоясини таъминлаш ҳамда жамиятимизда ижтимоий барқарорлик ва тинчликни таъминлашга хизмат қилади, олиб борилаётган ислоҳотлар учун мустаҳкам замин яратади.

Маълумки, мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояси, таълим, соғлиқни сақлаш, меҳнат ва бандлик каби соҳаларни тартибга солувчи қонунлар сони сезиларли даражада кўп бўлиб, улар турли даражадаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар орқали амалга оширилади.

Мазкур соҳалардаги қонунчиликнинг тарқоқлиги ва баъзи ҳолларда бир-бирига зид келувчи нормаларнинг мавжудлиги қонунларнинг самарали ижросини таъминлашда қийинчиликлар туғдиради. Бу эса аҳолининг ижтимоий ҳимояси ва фаровонлигини таъминлашда тўсиқ бўлиб хизмат қилади.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда «Ўзбекистон — 2030» стратегиясининг қабул қилиниши миллий қонунчиликни такомиллаштириш, қонун ижодкорлиги жараёни сифати ва самарадорлигини ошириш, тўғридан-тўғри амал қиладиган қонунларни қабул қилиш амалиётини кенгайтириш, шунингдек, ҳуқуқий тартибга солиш барқарорлигини таъминлаш бўйича бир қатор вазифаларни кун тартибига қўймоқда.

Шу муносабат билан, ижтимоий соҳаларни тартибга солувчи қонунларни кодификация қилиш орқали Ижтимоий кодексни тайёрлаш долзарб вазифа ҳисобланади. Бу қадам қонунчиликни тизимлаштириш, зиддиятли ва такрорланувчи нормаларни бартараф этиш ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояси ва фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Сайловолди дастурида “ижтимоий таъминот ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини янги нормалар билан тўлдириш орқали Ижтимоий кодексни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш” вазифаси белгилаб берилган бўлиб, ушбу йўналишда партия депутатлари ва экспертлари томонидан қизғин ишлар олиб борилмоқда.

Ижтимоий кодекс яратиш жараёнида халқаро тажрибани ўрганиш муҳим аҳамиятга эга. Қуйида бир қатор давлатларда ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ҳуқуқий тизимларнинг ўзига хос жиҳатлари келтирилган:

 

Германия:

Германиянинг ижтимоий қонунлар тизими "Ижтимоий кодекс" (Sozialgesetzbuch – SGB) орқали бошқарилади. Унда ижтимоий ҳимоя, бандлик, соғлиқни сақлаш ва пенсия масалалари қамраб олинган.

Немис амалиётида ҳар бир соҳанинг аниқ қоидалари ва ҳуқуқий механизмлари мавжуд бўлиб, кодекс аҳолининг барча қатламлари учун тушунарли шаклда ёзилган.

Ўзбекистон ушбу тажрибани инвентаризация ва кодификация жараёнида қўллаш орқали қонунларни соддалаштириши мумкин.

 

Франция:

Францияда ижтимоий ҳимоя Кодекси (Code de la Sécurité Sociale) асосида тартибга солинади.

Франция амалиёти ижтимоий суғурта тизими ва ижтимоий нафақалар механизмининг барқарорлигини таъминлашда аҳамиятли. Унда аҳолига нафақат молиявий ёрдам, балки комплекс ижтимоий хизматлар ҳам кўрсатилади.

Ўзбекистон ушбу тизимни ижтимоий хизматларни автоматизация қилишда қўллаши мумкин.

 

Швеция:

Швеция ижтимоий ҳимоянинг юқори даражасини таъминловчи универсал моделни қўллайди. Бу моделда барча фуқаролар учун бепул тиббий хизмат, таълим ва ижтимоий нафақалар кафолатланган.

Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя соҳасида давлат ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорликнинг муваффақиятли намунаси мавжуд.

 

Япония:

Японияда ижтимоий қонунлар тизими аҳолининг қариш жараёнига мослаштирилган. Пенсия тизими ва кекса ёшдаги аҳолининг турмуш сифатини сақлаб қолишга қаратилган алоҳида дастурлар мавжуд.

Ўзбекистон Япония амалиётидан пенсия тизимидаги инновациялар ва турли ёш гуруҳлари учун индивидуал ёндашув моделларини ўрганиши мумкин.

 

Сингапур:

Сингапурнинг ижтимоий ҳимоя тизими тўловларнинг шахсий жамғармаларига асосланган бўлиб, марказлашган фонд орқали амалга оширилади.

Бу тизим шахсий жавобгарлик ва давлат томонидан қўллаб-қувватлашни бирлаштиради. Ўзбекистон ушбу моделни аҳолининг турли қатламлари учун маблағларни адолатли тақсимлашда ўрганиши мумкин.

 

Хорижий амалиётдан олинадиган сабоқлар бизнинг мамлакатимиз учун аҳамиятли бўлган қуйидаги йўналишларни кўрсатмоқда.

  • Кодификация ва тизимлаштириш: Германия ва Франция тажрибаси қонунларнинг содда ва тушунарли шаклда тизимлаштириш зарурлигини кўрсатади.
  • Ижтимоий ҳимоя даражасини ошириш: Швеция ва Япония тажрибаси ижтимоий ҳимояни ҳар бир инсон учун кафолатланган ҳуқуқ сифатида кўришнинг аҳамиятини таъкидлайди.
  • Инновациялар ва автоматизация: Сингапур амалиёти технологик инновацияларни қўллаш орқали хизматларни автоматизация қилишнинг самарадорлигини исботлайди.

 

Хорижий давлатлар амалиётини таҳлили кўрсатмоқдаки, Ўзбекистон халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда, ўз миллий хосликларига мос равишда самарали ва тизимли Ижтимоий кодекс яратиши мумкин. Бунда, қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратиш лозим бўлади:

  • Хорижий давлатларнинг амалиётидан келиб чиққан ҳолда, кодексда адолатли ва шаффоф механизмлар яратиш.
  • Ижтимоий ҳимоя тизимида давлат, хусусий сектор ва нодавлат ташкилотларнинг ҳамкорлигини мустаҳкамлаш.
  • Аҳолининг барча қатламларини қамраб олган универсал тизим яратиш.
  • Ижтимоий суғурта, нафақалар ва пенсия механизмларини янги технологиялар ёрдамида автоматизация қилиш.

 

Ижтимоий кодексни яратиш Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ривожланиш йўлидаги муҳим стратегик қадамларидан биридир. Ушбу кодекс аҳолининг турли қатламлари учун муҳим бўлган соғлиқни сақлаш, таълим, меҳнат ва ижтимоий ҳимоя соҳаларини бирлаштирган ҳолда қонунчиликнинг яхлитлиги, шаффофлиги ва самарадорлигини таъминлайди.

Ҳозирги кунда амалдаги қонунлар ўртасидаги такрорлар, зиддиятли нормалар ва мураккаб қонунчилик жараёнлари ижтимоий соҳанинг янада самарали ишлашини чеклаб келмоқда. Кодекс мазкур муаммоларни бартараф этиш, аҳолининг асосий ижтимоий ҳуқуқларини кафолатлаш ҳамда давлат ва фуқаролар ўртасидаги муносабатларнинг шаффофлигини таъминлаш учун янгича ҳуқуқий пойдевор яратади.

 

Ижтимоий кодекснинг қабул қилиниши бир қатор ижобий натижаларга олиб келади:

  • Ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш:
    Кодекс давлатнинг ижтимоий ҳимоя сиёсатига аниқлик киритади ва аҳолига кафолатланган ижтимоий ёрдам кўрсатишни таъминлайди.
  • Соҳалар ўртасидаги мувофиқликни кучайтириш:
    Турли қонун ҳужжатларидаги нормаларнинг бирлаштирилиши орқали зиддият ва тушунмовчиликлар бартараф этилади, бу эса ижтимоий сиёсатни тизимли ва самарали қилади.
  • Халқаро стандартларга мослашиш:
    Кодекс ижтимоий соҳадаги замонавий халқаро стандартлар ва илғор тажрибаларни миллий қонунчиликка интеграция қилишга ёрдам беради. Бу Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имижига ижобий таъсир кўрсатади.
  • Ҳуқуқий аниқлик ва соддалик:
    Кодексдаги қонун нормалари оддий фуқаролар учун тушунарли ва фойдаланишга қулай бўлади. Бу аҳолига ўз ҳуқуқлари ва мажбуриятларини янада яхшироқ тушуниш имкониятини беради.
  • Ижтимоий шерикликнинг ривожланиши:
    Кодекс давлат, хусусий сектор ва нодавлат ташкилотлар ўртасида ҳамкорлик қилишнинг аниқ механизмларини белгилаб беради. Бу ижтимоий муаммоларни самарали ечишда муҳим ўрин тутади.
  • Турмуш даражасини ошириш:
    Кодексни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали аҳолининг асосий ижтимоий хизматлардан тенг фойдаланиш имконияти ошади, бу эса жамиятда ижтимоий адолат ва фаровонликни таъминлайди.
  • Қонун ижросининг кучайтирилиши:
    Кодекс барча ижтимоий сиёсат соҳаларида қонунларнинг аниқ ва тизимли ижросини таъминлайди. Бу эса давлат томонидан фуқароларга кафолатланган хизматларнинг самарадорлигини оширади.

 

Шу тариқа, Ижтимоий кодекс нафақат қонунчилик тизимини тизимлаштиришдаги қадам, балки Ўзбекистон аҳолиси учун янги ижтимоий имкониятларни очадиган муҳим ҳуқуқий асос сифатида намоён бўлади. Ушбу кодекснинг яратилиши ижтимоий барқарорликни таъминлаш, аҳолининг давлатга бўлган ишончини ошириш ва жамиятда ижтимоий адолат тамойилларини кучайтиришга хизмат қилади.

Ижтимоий кодекснинг ишлаб чиқилиши, муҳокама қилиниши ва қабул қилиниши жараёнида барча манфаатдор томонларнинг, жумладан, давлат органлари, жамоат ташкилотлари, хусусий сектор ва халқаро ҳамжамиятнинг ўзаро ҳамкорлиги муҳимдир. Бу кодекс нафақат Ўзбекистоннинг ижтимоий сиёсатини, балки жамиятнинг ҳар бир аъзосининг ҳаётини яхшилашга қаратилган йирик ислоҳот бўлади.

 

Улуғбек ВАФОЕВ,

ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари,

иқтисод фанлари номзоди.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш