Банклар қўллаб-қувватласа, хайрли ташаббусларимиз кўп
Банклар қўллаб-қувватласа, хайрли ташаббусларимиз кўп

 

Бирор бир соҳа йўқки, давлат раҳбарининг эътиборидан четда қолган бўлсин. Ҳар бир масалада таҳлил қилинган, пухта ўйланган вазифалар илгари сурилади, чора-тадбирлар белгиланади. Хусусан, Президент раислигида банклар иштирокида бўлиб ўтган маҳаллаларда аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадли қилишга қаратилган устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ҳам ана шулардан бири бўлди.

Мазкур йиғилишда белгиланган вазифалар том маънода “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш учун қўйилган залворли қадам, деб айтиш мумкин. Зеро, камбағал оилаларнинг ночор аҳволга тушиши барибир моддий тақчилликка бориб тақалади.

Албатта моддий тақчилликни бир-икки марта моддий ёрдам бериш билан бартараф этиб, камбағалликка барҳам беришнинг имкони йўқ. Ҳамма гап камбағал оилаларнинг тадбиркорлик фаолиятига жалб қилишга бориб тақалади.

Оқолтин тумани аграр туман ҳисобланади. Кам таъминланган оилалар, ёшларга деҳқончилик қилиш учун ер майдонлари тендер асосида ажратиб берилаяпти. Қишлоқ хўжалиги йилини сарҳисоб қиладиган бўлсак, натижалар унчалик қувонарли эмаслиги ҳам дилни хира қилувчи ҳақиқат. Ер олишда чаққон бўлганлар, экишда, экин парваришида ва ҳосил йиғим-теримида сустлашиб қолганини кўрамиз. Бирлари ажратилган ерлар унумдор эмас, шўрхок эканлигини, бошқалари эса техника ва сувдан қийналганини, ҳосил йиғимида эса об-ҳаво серёғин келганини рўкач қилишдан нарига ўтмайди. Албатта, тупроққа уруғ қадаб қўйиб, кузга бориб, мўл ҳосил кутиш, “ҳолва деган билан оғиз чучимайди”, деган мақолни эслатади.

Маҳаллалардаги камбағал оилалар шарт-шароитини ўрганишга борганимизда, яна бир ҳолат ташвишланарли. 30 ёшга бориб қолган йигит-қизлар билан суҳбатлашиб, қандай касби борлигини сўраганимизда, аксарияти коллежни тугатганини, автотранспорт, ҳисобчилик, тарбиячилик йўналишларида таҳсил олганини айтади. Лекин кўпчилиги ўз мутахассислиги бўйича ишлашмайди. Сабаби иш ўрни йўқ. Борлари ҳам ойлик маоши қаноатлантирмайди.

Ҳозирги кунда талабгор бўлган касблар – пайвандчи, ғишт терувчи, компьютер мутахассисларини маҳалламизда чироқ ёқиб ҳам топиб бўлмайди.

Туман Кенгаши депутати, туман маҳаллалар уюшмаси мутахассиси сифатида тумандаги камбағал оилаларнинг моддий фаровонлигини ошириш, оддий айтганда “усти бут, қорни тўқ” бўлиши учун нима қилиш керак, деган савол кўп ўйлантиради. Йиғилишдан сўнг уларга қандай ёрдам беришим мумкин, деган саволимга жавоб топгандек бўлдим.

Эндиликда маҳалла банкирлари фаолияти йўлга қўйилади. Улар маҳалланинг бизнес имкониятларини ўрганади, одамларнинг ғоялари ва қобилиятини лойиҳаларга айлантиради. Аҳолига молиявий тартибларни, маҳсулот ва хизматларини сотишни ўргатади, лойиҳаларга ҳамроҳлик қилади.

Мен депутат этиб сайланган “Кўркам диёр” маҳалласида ҳам “Сайхунобод тажрибаси” асосида иссиқхоналар ташкил этилиб, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш керак. Маҳалламизда етишмаётган мутахассисликлар бўйича ёшларни қайта ўқитиш юзасидан ҳам режа дастур ишлаб чиқамиз. Умид қиламанки, банклар хайрли ташаббусларимизга бош қўшади. Янги йилдаги энг олий мақсадларимдан бири сифатида маҳалладошларимга айни шу масалаларда кўмак беришни белгиладим.

 

Комила ҲАКИМОВА,

Оқолтин туманидаги 4-Гулчамбар сайлов округи депутати.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш