“Депутатлар уйғонмаса, жамиятимизда ҳеч қачон мувозанат бўлмайди”

 

Депутатлик — сайловчиларнинг ишончи демакдир. Шу ишончни оқлаш учун қонунларимизда халқ ноибларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шу билан бир қаторда фаолиятининг асосий кафолатлари белгилаб қўйилган. Ҳудудларда давом этаётган семинарлар бу фикрлар таъкидланмоқда.

Қашқадарёда ҳам ана шундай ўқув ташкил этилди. Унда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Мақсуда Ворисова янги сайланган депутатларга фаолият самарадорлигини ошириш билан боғлиқ масалаларда тавсия ва кўрсатмалар берди.

Семинарда, шунингдек, маҳаллий Кенгашлар ва депутатлар фаолиятини самарали ташкил этиш, хусусан, Кенгашларнинг норма ижодкорлигига оид фаолиятини такомиллаштириш, қарор қабул қилишда қонунийликни таъминлаш масалаларида сўз борди. Қолаверса, назорат-таҳлил фаолиятини кучайтириш, унинг таъсирчанлигини ошириш, маҳаллий бюджетни шакллантиришда депутатларнинг фаол иштирокини таъминлаш муҳимлиги қайд этилди. Аҳоли муаммоларини ўрганиш ва ҳал этишда “маҳалла еттилиги” ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, маҳаллий бюджетнинг, ҳудудларни ривожлантириш дастурларининг бажарилишини назорат қилиш, қонунлар ижросини таъминлаш ҳамда ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг ҳисобот ва ахборотларини эшитишнинг таъсирчан механизмларини татбиқ этиш масалаларига урғу берилди.

Таъкидланганидек, депутатларнинг бугунги кунда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини “Кучли кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким” тамойили асосида ташкил этишда яна-да такомиллаштириш ва фаоллаштириш устувор вазифаси бўлиши лозим. Депутатлар уйғониши керак. Депутатлар уйғонмаса, жамиятимизда ҳеч қачон мувозанат бўлмайди. Зеро, Президентимиз бошчилигида мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, маҳаллий Кенгашларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни ҳамда ролини оширишдаги устувор вазифалар ишонч ва катта масъулият демакдир.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Сайлов Бизнинг депутат Сайлов-2024
← Рўйхатга қайтиш